Италиядаги музейдан қимматбаҳо санъат асарлари ўғирлаб кетилди
Ренуарнинг «Балиқлар» асари.
Италиянинг Парма шаҳридаги музейлардан биридан дунёга машҳур рассомлар — Ренуар, Сезанн ва Матисснинг асарлари ўғирлаб кетилди, деб хабар берди La Repubblica нашри.
Ниқобланган номаълум шахслар кўргазма залининг эшигини бузиб киришган. Гарчи бинода хавфсизлик сигнализацияси дарҳол ишга тушган бўлса-да, полиция етиб келгунига қадар жиноятчилар воқеа жойидан қочишга улгурган. Ўғрилик атиги 3 дақиқа ичида амалга оширилган, бу эса жиноятнинг олдиндан пухта режалаштирилганидан далолат беради.
Ўғирланган асарлар қиймати бир неча миллион еврони ташкил этади. Хусусан, Пьер Огюст Ренуарнинг «Балиқлар» (Poissons) асари бозор қиймати — 3 млн евро. Бундан ташқари, Анри Матисснинг «Террасадаги одалиска» (Odalisque sur la terrasse), Пол Сезанннинг «Олчали натюрморт» (Nature morte aux cerises) асарлари ўғирланган.
Хабарга кўра, жиноятчилар шошилинч қочиш чоғида асарлардан бирини воқеа жойида ташлаб кетишган. Айни пайтда Италия ҳуқуқ-тартибот идоралари ўғриларни аниқлаш ва тутиш бўйича кенг кўламли қидирувни бошлаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай даражадаги асарларни очиқ бозорда сотиш имконсиз, чунки улар халқаро қидирувдаги санъат дурдоналари рўйхатига киритилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter