Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Меҳмонлар Тошкентдан чиқмай «Европа бўйлаб сайр қилди»

Меҳмонлар Тошкентдан чиқмай «Европа бўйлаб сайр қилди»

Фото: ЕИ делегацияси

Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида Европа Иттифоқи фестивали бўлиб ўтди. Европа куни муносабати билан ташкил этилган тадбир учрашувлар, ғоялар алмашуви ва маданиятлар намойиши учун очиқ майдонга айланди.

«Европа куни оддий, аммо кучли ғояни акс эттиради: ҳамкорлик ҳамиша тинчлик, имкониятлар ва тараққиётга етаклайди. Бугун биз Европа ва Ўзбекистонни боғлаб турувчи умумий қадриятларни нафақат сўзлар, балки тажриба орқали ҳам нишонлаймиз. Ушбу фестивал Европани сизларга янада яқинроқ қилишга хизмат қилади», — деди Европа Иттифоқининг юртимиздаги элчиси Тойво Клаар фестивал очилишидаги нутқида.

76 йил аввал, 1950 йил 9 май куни Франция ташқи ишлар вазири Робер Шуман бирлашган Европа ҳақидаги қарашларини баён этган эди. Эндиликда бу сана тинчлик, ҳамкорлик ва умумий келажак сари интилиш рамзига айланган.

Ташкилотчиларга кўра, фестивал меҳмонлари Тошкентдан чиқмай «Европа бўйлаб сайр қилиш» имконига эга бўлди. ЕИга аъзо давлатлар (Германия, Греция, Испания, Франция, Италия, Кипр, Полша, Словения, Словакия ва Финляндия) элчихоналари Европа жамоаси руҳида бирлашиб, ўз маданиятини норасмий ва очиқ тарзда, инсонлар, ҳикоялар ва ҳиссиётлар орқали улашди.

Миллий павильонлар, мусиқа, гастрономия ва анъаналар — буларнинг барчаси мулоқот, интерактив фаолият ва учрашувлар орқали тақдим этилди.

Фестивал, шунингдек, имкониятлар майдони бўлди. Греция ва Германия маданият марказлари, Германия академик алмашинув хизмати (DAAD), Гёте институти, Француз алянси ва Европа Иттифоқининг Erasmus+ миллий офиси тақдимотлари орқали ёшлар стипендиялар, таълим дастурлари, алмашинув ва касбий ривожланиш имкониятлари ҳақида маълумот олдилар.

Ташриф буюрувчилар ЕИ Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда молиялаштираётган таълим ва экологиядан тортиб рақамлаштириш, ўзаро боғлиқлик ва фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашгача қаратилган кўплаб лойиҳалар билан танишдилар.

Маълумот ўрнида: Европа Иттифоқи — кўҳна қитъанинг 27  мамлакатини бирлаштирган иқтисодий, сиёсий иттифоқ. У эркинлик, демократия, тенглик, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари каби қадриятларига асосланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг