Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода қўлбола дори цехи фош этилди

Бухорода қўлбола дори цехи фош этилди

Бухорода ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўлбола дори тайёрлаб, сотишга уриниш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди.

Колгон шаҳар, Амир Темур маҳалласи, Маънавият кўчаси ҳамда Бухоро шаҳрининг марказий шоҳкўчасида жойлашган яшаш хонадонида дори воситаларини қадоқлашга мўлжалланган яширин цехлар фаолияти аниқланган. Унга кўра, ёрлиқ ва йўриқномаларни ўзгартириш орқали қалбаки дори воситалари тайёрланган, сақланган ва сотилган. Шунингдек, ушбу дори воситалари ва тиббий буюмлар дорихоналардан ташқарида реализация қилинган.

Бундан ташқари, текширувлар давомида цехда дорилар қадоқлангани, ёрлиқ ва йўриқномалар сохталаштирилгани, маҳсулотлар расмий реестрда мавжуд эмаслиги, мувофиқлик сертификати йўқлиги,  ишлаб чиқарувчи давлат ташкилоти номи кўрсатилмагани, ва ҳатто, қалбакилаштирилган қўлбола дори воситаларининг яроқлилик муддати ҳам ўтгани маълум бўлган.

Тезкор тадбир давомида фуқаролар хонадонида мавжуд бўлган қалбакилаштирилган 31 турдаги 8332 қути ва 3336 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-3-моддаси, 3-қисми, «а» банди (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

«Бундай ҳолатлар, нафақат, қонунбузарлик, балки, инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий таҳдиддир. Зеро, қалбаки дорилар – муолажа эмас, инсон ҳаёти учун хатар. Фуқаролар дори воситаларини фақат расмий ва лицензияланган дорихоналардан харид қилиши мақсадга мувофиқ эканини унутмаслиги лозим»,-дейди ҳуқуқ-тартибот органи ходими.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг