Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Муваффақиятга сиғиниш» культи ёхуд ютуқларсиз ҳеч ким эмасмиз(ми?)

«Муваффақиятга сиғиниш» культи ёхуд ютуқларсиз ҳеч ким эмасмиз(ми?)

фото: https://gagaru.club/

«Она қаранг, менга фахрий ёрлиқ беришди»...

Онам биринчи марта фахрий ёрлиқни уйга кўтариб келганимда жуда хурсанд бўлганди. Илк бор ўзимни кераклидек ва яхши қиздек ҳис қилганман. Яхши ва керакли бўлиш учун кейин яна қанчадан-қанча шундай фахрий ёрлиқларни кўтариб келмадим уйга... Ҳозир мақтов қоғозларига умуман қизиқмайман. Чунки уни кўкларга кўтариб мақтайдиган онам йўқ.

Мақола қанча фахрий ёрлиқ олганимда эмас... ёрлиқларсиз, муваффақиятларсиз яшаш мумкинлиги тажрибасини ҳам ҳис қилаётганимда.

Мусобақага айланган ҳаёт

«Айтчи, Павлик Канар ороли қаерга тегишли?»

«Мис чавандоз» поэмаси қайси шоирники?»

«Павлик йога бўйича бир талантингни кўрсат»

«Бензол формуласини ким тузган?»

Болалигимизда бир кино бўларди, «Катта бўлишни хоҳламайман» деган  — катталар орзусининг қурбони бўлган болалик ҳақида. Яъни олти ёшли Павликнинг ота-онаси ўғлининг тенгдошлари орасида биринчилардан бўлишини хоҳлайди. Улар уни доимо ўқишга ва муваффақиятга эришишга ундайдилар. Павлик оддий бола эмас, у супер-кучли Павлик! У куч, ақл ва чаққонликда тенгдошларини ортда қолдиради  — у югура олади, дарахтларга чиқа олади, сузади ва боши билан тура олади. У жуда ақлли, йога амалиётларини яхши билади, психологияни тушунади ва Шекспирдан иқтибос келтира олади...

Кино бугунги тушунчаларим орқали айтганда одамни эмас, натижани муқаддас қилишнинг оқибати ҳақида.

Биз у пайтлари «Катта бўлишни хоҳламайман» фильмини шунчаки кино деб кўрганмиз, лекин бугун, ижтимоий тармоқларда «эришиш» ва «муваффақият» ҳақидаги босимни кўриб, ўйлайсанки ўша пайтлари ҳам бу актуал муаммо бўлган, ўзимиз англамаган энг катта камчиликларимизни, яшаш қоидаларини қийинлаштирганимизни айтмоқчи бўлган... Ҳозир  ҳам жамиятда шундай иллюзия бор: кимдир катта лавозимда ишласа, дунё кезса ёки миллионер бўлса — демак, у «муваффақиятли». Айниқса ижтимоий тармоқларсиз кунимиз ўтмай турган бир даврда ҳаммадан муваффақият кутамиз: кимдир саёҳатга чиққан, кимдир грант олган, кимдир «сторисда бахтли».

Билгимиз келгани ва қизиққанимиз: У қайси лавозимда ишлайди? Қанча дипломи бор, машҳурми, нимага эришди? Ҳаёт рақамлар ва ютуқлар мусобақасига айлангандек. Аммо у одамнинг ички хотиржамлиги, маънавий соғломлиги, инсоний муносабатлари қай даражада?   

Биз тўхтасак, гўё орқада қолгандек бўламиз

Ҳамма шошади. Сен ҳам югурасан. Аммо қаерга?

Ахир биз ўзимизни исботлаш учун югуриб, ўзлигимизни йўқотмаяпмизми? Кўпчилигимиз учун ҳаётда яшашдан мақсад доим нималаргадир «эришиш», «ўзини исботлаш», «кимлигини кўрсатиш» бўлиб қолган. Биз катталар болалигимизда энг биринчи бўлиш ва беш баҳо ортидан югурганимиз етмаганидек фарзандларимизни ҳам шу мусобақага қўшиб юбораяпмиз: «Ют, илгарила, бошқалардан орқада қолма!» Камига бутун дунё рекламалар билан тўлиб-тошган: «ўзингни сев», «ўзингга ишон», «барчасига эриш», «барчаси сенинг қўлингда». Аммо бу шиорлар ортида инсонни кучайтириш эмас, уни тўхтовсиз курашишга чорлов турибди. Яъни гўёки замонавий маданият инсон қадрини фақат натижалар билан ўлчайди: «ўзингни ярат», «энг яхши версиянг бўл», «тўхтама!». Реклама, ижтимоий тармоқлар ва мотивацион мураббийлар бизга шунчаки «бор бўлиш» етарли эмаслигини уқтиради. «Натижада, одамлар ўз-ўзини ҳурмат қилишни муваффақият билан боғлаб, ички бўшлиқ ва депрессияга ботишади», — дейди  психолог Семён Красильников. — «Фрейднинг «Ид ва Эго» ғояси бўйича бу Иднинг бош кўтариши. Яъни инсон ички тўлқинларига (шон, эътибор, бойлик) тўла бўйин эгиб, Эго ва Суперэгосини қурбон қилган. Муҳими муваффақиятнинг ўзи эмас, унинг образи. Фрейд таълимоти бўйича Ид хоҳишлар маркази, Эго  уларни реалликка мослаштирувчи ақл, Суперэго виждон. Бугунги жамиятда эса бу мувозанат издан чиққан. Ид, яъни «истайман ва ҳозир» деган тийиқсиз куч ҳукмронликка ўтган. У одамни тинч қўймайди: кўпроқ ютуқ талаб қилади. Эго уни оқлаш билан банд, «мен кўп ишлайман, чунки меҳнатсеварман», дейди, аммо аслида тан олинишга чанқоқ. Суперэго — виждон ва қадриятлар эса чалкаштирилган ҳолда четга сурилган. Шу тариқа инсон ички мувозанатини йўқотган: у энди ўзлигини эмас, фақат образини яратиб яшайди.»

Эрих Фромм бунга шундай изоҳ беради: замонавий инсон ҳатто ўзини товарга айлантирган. «Мен фойдали бўлсам, арзийман», «мен яратувчи бўлсам, демак борман».

Демак, биз мақталганимизда тан олинамиз, бизнинг мақталганимиз керакли эканимизни исботлайди: «сен фақат фойдали бўлсанг, қадрлисан».

Aммо шунчаки мавжуд бўлиш, шунчаки нафас олиш, фойдали бўлмаслик  ҳақида нима дейиш мумкин?

Карл-Хайнц Бриш таъкидлайди: «Фойдали бўлганингиз учун муҳаббатга лойиқ кўрилишингиз ҳиссий шантажнинг бир туридир».

Яъни Винникот Дональд Вудс ёзганидек, «етарлича яхши она» идеал она эмас, балки унинг борлиги, тириклиги муҳим. У атрофимиздаги одамларни, яқинларимизни тириклиги ва борлиги учун хатолари билан севишимизни уқтиради. Ҳақиқий муваффақият эса сени бахтли қиладиган оддий нарсаларни йўқотмасликда.

2020 йил тасвирга олинган «Қалб» (Soul) мультфильмида бош қаҳрамоннинг шундай фикри бор: «Балки менинг талантим — осмонни кузатиш ва шунчаки сайр қилишдир. Масалан, мен сайр қилишни санъат даражасига кўтарганман.» Бу сўзларда ҳаётнинг бутун маъноси яширинган.

Биз доимо нимадир эршишимиз керак деб ўйлаймиз, гўё хотиржам яшаш, кўчада сайр қилиш, осмонга қараш ёки шунчаки тирик бўлиш камдек.

Аммо эҳтимол, ҳақиқий талант мана шудир: ҳар бир кунингни ютуқларсиз ҳам чиройли қилиш, нафас олишни бахт деб билиш ва эришишни эмас,  ҳис қилинган қийматни қадрлаш.

Ахир ҳаёт ҳар бир одамдан катта саҳна яратишни талаб қилмайди.
Баъзан унинг энг гўзал саҳнаси — шунчаки оддий сайр бўлиши мумкин.

Эҳтимол, сиз ҳам, мен ҳам, анави кетиб бораётган бола ҳам шунчаки сайрни санъат даражасига чиқара оладиган  инсонлармиз. Шунинг ўзи етарли эмасми?

Болаликда спорт ёки математика тўгарагига мажбурланган бола катта бўлгач, «тўхташ тўгараги»ни ихтиёрий танлаши керак.

Чунки тўхташ — бу таслим бўлиш эмас, нафас олишдир.

Балки ҳаётда ҳамма нарса «буюк иш» бўлиши шарт эмасдир? Балки ҳақиқий талант оддий ютуқларсиз, муваффақиятларсиз яшаш, ҳар бир кунни ҳис этиш, тоза ҳаводан баҳра олиш, шамолни, одамларни, мусиқа ва шовқинни тушунишдир?

Балки, омад ва омадсизликларга тўлган бу дунёда энг катта жасорат —   тўхташдир.

Ҳа, шунчаки тўхташ...

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг