АҚШнинг Эронга иқтисодий босими: инқироз чўзиладими?
Яқин Шарқдаги қарама-қаршилик фонида АҚШ маъмурияти Эронга қарши иқтисодий босим стратегиясини кучайтирмоқда. Вашингтон ҳисоб-китобига кўра, Эрон нефтини экспорт қилиш имконияти чекланса, мамлакат омборлари тўлиб кетади ва натижада нефт қудуқларини ёпишга мажбур бўлади. Бу эса иқтисодиётнинг асосий тармоғига узоқ муддатли зарар етказиши мумкин.
Бироқ амалда вазият бундан мураккаброқ. Эрон аввал ҳам шундай шароитларда нефт ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатиш тажрибасига эга ва бу жараённи бошқаришни билади. Албатта, айрим эски қудуқлар учун бундай мажбурий тўхташ келажакда ишлаб чиқариш қувватига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, аммо бу тезкор «таслим бўлиш»га олиб келаётгани йўқ.
Шу билан бирга, АҚШнинг ўзига яқин бўлган Форс кўрфази давлатлари ҳам жиддий муаммога дуч келмоқда. Саудия Арабистони, Ироқ, Қувайт, БАА ва Қатар умумий ҳисобда кунлик 11 миллион баррелдан ортиқ нефт ишлаб чиқаришни тўхтатган. Бу ҳажм Эрон эҳтимолий йўқотишларидан ҳам каттароқ.
Натижада глобал бозорда нефт нархлари кескин ошмоқда: АҚШда баррел нархи 100 доллардан ошиб кетди, жаҳон бозорида эса 111 доллардан юқорига чиқди. Бу эса Эронга маълум даражада наф келтирмоқда, чунки ҳатто чекланган экспорт ҳам юқори нархлар ҳисобига даромад келтиряпти.
Вазиятнинг яна бир муҳим жиҳати — Эрон ичидаги сиёсий баланс. Ҳозирда мамлакатда энг таъсирли кучлардан бири — Ислом инқилоб қўриқчилари корпуси бўлиб, у иқтисодий босимларга нисбатан анча бардошли. Бу тузилма ўзининг молиявий манбаларига эга ва санкциялар шароитида ҳам фаолият юрита олади.
АҚШнинг иқтисодий босими қисқа муддатда натижа бермаслиги мумкин. Нефть бозоридаги мувозанат, иттифоқчиларнинг йўқотишлари ва Эрон ичидаги кучлар таркиби бу зиддиятни чўзиб юбораётган асосий омиллардан бирига айланмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter