Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бошпанасиз шахсларни вақтинчалик бошпана билан таъминлаш тартиби белгиланди

Бошпанасиз шахсларни вақтинчалик бошпана билан таъминлаш тартиби белгиланди

Ҳукуматнинг 18 августдаги 447-сон қарори билан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказига жойлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Ички ишлар органлари ходимлари ва маҳаллада комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатувчи ижтимоий ходимлар томонидан кўча, вокзал, бозор, ер ости йўлаклари, яшаш учун мўлжалланмаган бинолар ва бошқа жамоат жойларида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар аниқланади.

Вояга етган шахс Марказга жойлашиш учун бевосита мурожаат қилиши ҳам мумкин. Агар унинг вояга етмаган фарзандлари бўлса, улар ҳам ота-онаси билан биргаликда Марказга жойлаштирилади.

Марказга олиб келинган шахс туман ёки шаҳар даражасидаги тиббиёт муассасасининг шошилинч қабул бўлимида тиббий кўрикдан ўтказилади. Агар шахсда Марказга жойлашишга монелик қилувчи шошилинч тиббий ёрдамга эҳтиёж ёки юқумли касалликлар аниқланмаса, у Марказга қабул қилинади.

Шахс сўровномани тўлдириш орқали Марказга жойлашиш ва унинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилишга розилигини билдиради.

Сўровнома шакллантирилганидан кейин шахс 7 кунга Марказга жойлаштирилади. Айрим белгиланган ҳолатларда эса Марказда қолиш муддати 6 ойгача узайтирилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг