Бухорода замонавий гастрономик марказ барпо этилади
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш ва меҳмонлар учун замонавий шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Шу доирада Бухоро шаҳрида Тошкентдаги машҳур Чорсу бозори ва Чиғатой мавзеси муҳитига уйғун, миллий таомлар ва гастрономик анъаналарни бир жойда жамлайдиган замонавий мажмуа барпо этиш режалаштирилган.
Бир гектар майдонни эгаллайдиган мазкур йирик гастрономик марказ инвестиция маблағлари ҳисобидан қурилади. Лойиҳа Бухоронинг туризм жозибадорлигини ошириш, маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун сифатли ҳордиқ ҳамда миллий таомлардан баҳраманд бўлиш имкониятини яратишга хизмат қилади.
Янги мажмуада Бухоро воҳасининг энг сара ва машҳур миллий таомлари бир жойга жамланади. Ташриф буюрувчилар афсонавий Ғиждувон шашлиги, хуштаъм Олот сомсаси, анъанавий «Оши софи» палови, шунингдек, яхна, ҳалиса, гумма ва барак каби миллий пазандалик намуналаридан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Лойиҳанинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти ҳам юқори. Мажмуада 50–60 нафар тадбиркорнинг ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун шароит яратилади. Натижада қарийб 200 та янги иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда. Замонавий инфратузилма билан жиҳозланадиган гастрономик марказ кунига 3–5 минг нафаргача меҳмонга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.
Мазкур лойиҳа Бухоронинг бой пазандалик меросини сайёҳларга кенг намоён этиш, миллий таомларнинг ўзига хос брендини шакллантириш ва шаҳарнинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter