Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода жорий йил салкам 27 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган

Бухорода жорий йил салкам 27 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти ҳудудида ўтказилган мониторинглар давомида 1180 та ҳолатда 26,7 гектар ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ушбу майдонларда ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш ҳолатлари аниқланган.

Бу ҳақда Кадастр агентлигининг Бухоро вилояти Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида очиқланди.

Кадастр агентлигининг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан 2026 йилнинг ўтган 5 ойи давомида ер назорати, кўчмас мулкларни хатловдан ўтказиш ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш йўналишларида қатор ишлар амалга оширилган. Қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида ерларни ноқонуний эгаллаган шахсларга ёзма кўрсатмалар берилган. Профилактик тадбирлар натижасида 677 та ҳолат бўйича 11,3 гектар ер майдонидаги қонунбузилишлар жойнинг ўзида бартараф этилган.

Шунингдек, 6,6 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилишларни бузиш ва ерларни аввалги ҳолатига қайтариш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга 183 та даъво аризаси киритилган.

Кадастр агентлиги ахборот сиёсати масалалари бўйича директор маслаҳатчиси Неъматжон Атамуратовнинг сўзига кўра, Бухорода 78 мингдан ортиқ объект хатловдан ўтказилган. Бундан ташқари, 2024–2026 йиллар давомида 287 та маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш режалаштирилган бўлиб, шундан 99 та маҳаллада мазкур ишлар жорий йилда амалга оширилиши белгиланган.

Жорий йилнинг 5 июнь ҳолатига кўра, режа-график асосида 78 265 та объект хатловдан ўтказилган. 30 167 таси «Эътироф» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган бўлса, яна 19 434 та объект муҳокама жараёнида турибди.

Афсуски, қайд этиш жоизки, Бухорода 5 963 нафар фуқаронинг мулкий ҳуқуқи ҳужжатлаштирилган бўлса-да, шундан 3 489 нафари ҳозирга қадар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказмаган.

Аҳоли ўртасида ўзига тегишли бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш ва етарлича ҳуқуқий билимга эга бўлмаганлик оқибатида биргина Бухоро вилоятининг ўзидан 5 ой ичида 1 101 та мурожаат келиб тушган. 826 таси жисмоний ва юридик шахслар мурожаатини ташкил этса, 499 таси турли юқори турувчи органларга юборилган мурожаатлардан иборат.

Аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилганига қарамасдан, улар орасида ўта бамайлихотир ва эътиборсиз ҳолатдаги шахслар ҳам йўқ эмас.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, ер муносабатлари соҳасида қонунбузилишларни бартараф этиш, мулк ҳуқуқларини расмийлаштириш ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Шунинг учун «Кадастр керак эмас» деган хулоса тўғри бўлмайди. Лекин, фуқароларнинг танқиди ҳам асосли: назоратнинг ўзи эмас, натижа муҳим. Агар одам ерини осон расмийлаштиролмаса ёки ноқонуний қурилишлар барҳам топмаса, статистика қанча яхши бўлмасин, аҳолида норозилик сақланиб қолаверади.

«Кадастрнинг асосий вазифаси ерларнинг қонуний ҳисоботини юритиш, мулк ҳуқуқни расмийлаштириш, ер талон-тарожига қарши назорат қилиш, давлат реестрини шакллантириш ва келажакда мулкий низоларнинг олдини олиш. Лекин, шунга қарамасдан, одамлар кўпинча натижага қараб баҳолайди. Агар ноқонуний қурилишлар йиллар давомида сақланиб қолса, ҳужжатлаштириш жараёни қийин ва узоқ бўлса, мурожаатлар кўпайиб кетса, фуқаролар ўз мулкини расмийлаштириш учун ойлаб югурса, уларда табиий равишда: «Кадастр назорат қилаётган бўлса, нега яна муаммолар шунча кўп?»—деган савол туғилади. Одамлар кадастрни ҳисоботлар ва рақамлар орқали эмас, ўз муаммоси қанчалик тез ҳал бўлгани орқали баҳолайди. Агар фуқаро ҳужжатини бир неча кунда расмийлаштирса, мурожаатига тез жавоб олса ва ер билан боғлиқ муаммоси ҳал этилса, «Кадастр нима қиляпти?» - деган саволнинг ўзи туғилмайди. Шу нуқтаи-назардан қараганда, кадастрнинг асосий вазифаси қонунбузилишлар сонини санаш эмас, ер муносабатларида тартиб, шаффофлик ва фуқаролар учун қулайликни таъминлашдан иборат. Бундан тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширишда ҳамкасблар ҳамкорлигига таянамиз»,—деди Неъматжон Атамуратов журналистлар билан учрашувда.

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг