Бузилган уйлар учун компенсация тўлашнинг 4 хил шакли белгиланмоқда
Бугун, 7 апрел куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг 14-ялпи мажлисида «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қонунга кўра, сейсмик жиҳатдан хавфли ва жисмонан эскирган уй-жойлар ўрнида замонавий бинолар барпо этилади. Шу билан бирга, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш ва шаҳар муҳитини янгилаш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Реновация жараёнларининг очиқлиги таъминланади. Барча дастурлар махсус электрон платформага жойлаштирилиб, оммавий ахборот воситалари ҳамда ваколатли органлар орқали эълон қилиб борилади.
Қонунга мувофиқ, мулкдорларга компенсация беришнинг тўрт хил шакли жорий этилмоқда. Улар қаторига янги ёки бошқа ҳудудда уй-жой бериш, пул тўлаш ёки келишув асосида бошқа шакллар киритилган. Компенсация тури мулкдор ва реновация дирекцияси ўртасидаги келишув асосида ихтиёрий танланади.
Шунингдек, мулкдорларга етказилган ноқулайликлар учун компенсация миқдорининг 12 фоизи ҳажмида бир марталик пул тўлови ҳам берилиши белгиланмоқда.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, мулкдорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципидир. Барча баҳс ва ноаниқликлар мулкдор фойдасига ҳал этилиши кафолатланмоқда.
Шу билан бирга, кўчириш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига алоҳида эътибор қаратилади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳитга эга уй-жойлар тақдим этилиши назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ етказилган зарар учун тўланадиган компенсацияларни солиққа тортмаслик таклиф қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter