Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дори рекламасида тарихий шахслар образларидан фойдаланган компанияга чора кўрилди

Дори рекламасида тарихий шахслар образларидан фойдаланган компанияга чора кўрилди

Фото: Рақобат қўмитаси

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган реклама материаллари устидан мониторинг ишларини давом эттирмоқда. Қайд этилишича, сўнгги вақтларда ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига мос келмайдиган реклама материаллари жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, «NIKA PHARM» МЧЖ томонидан «Rinoksil Formula+» дори воситаси рекламасида бир қатор машҳур тарихий шахслар образларидан фойдаланилгани аниқланган. Реклама материалларида буюк саркарда Амир Темур, давлат арбоби Жорж Вашингтон, олим ва табиб Ибн Сино, қўмондон Юлий Цезар, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳамда Наполеон Бонапарт турли кўринишларда тасвирланган.

Қўмита маълумотига кўра, ушбу рекламада мазкур шахслар гўёки дори воситасидан фойдалангани ҳақида тасаввур уйғотувчи образлар қўлланган. Бу ҳолат кенг жамоатчилик томонидан танқидий баҳоланган.

Рақобат қўмитаси буюк тарихий шахслар халқ хотираси ва миллий қадриятларнинг муҳим қисми эканини таъкидлади. Маълумотда қайд этилишича, уларнинг образларидан тижорат мақсадларида бундай шаклда фойдаланиш ҳурматсизлик сифатида баҳоланиши мумкин.

Қонунчиликка кўра, рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланган.

Шу асосда ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан «NIKA PHARM» МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди. Иш материаллари кўриб чиқилгандан сўнг компанияга нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қўмита қарори билан компанияга аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан мажбурий кўрсатмалар ҳам берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг