Дунёни айланган Бойсун мадоннаси
Мавзуга киришишдан аввал айтмоқчи эдимки, анча йил муқаддам пойтахт Тошкент ҳамда вилоятлардан 60 нафардан зиёд мўйқалам соҳиби қадимий ва ҳамиша навқирон Термиз шаҳрига, Сурхон заминига келганди. Улар Термиз Археология музейи, Рўзи Чориев тасвирий санъат галереясини кўришди, махсус ташкил этилган “Сурхон соғинчлари”, “Юртимиз жилолари” кўргазмаси ҳамда Шеробод санъат мактаб-интернати ўқувчилари ижодидан намуналар билан танишдилар. Вилоятдаги ижодкор санъат аҳли билан самимий мулоқот ва суҳбатлар бўлди, улуғ қадамжоларимиз зиёрат қилинди. Ўшанда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг навбатдаги тадбири ҳам Термиз шаҳрида ўтказилган.
Булар барчаси Сурхондарё аҳли учун чин эсда қоларли, таассуротларга бой воқеалар ҳисобланади. Бадиий ижодкорлар уюшмасининг раис ўринбосари, академик Владимир Бурмакин билдирган фикрлардан бири, айниқса, ёдимда қолган:
– Бундан 40 йил олдин (яъни 1965 йил), – деганди ўшанда мусаввир Владимир Бурмакин, – дўстим Рўзи Чориев билан Сурхондарёга келганимда “Бойсун Мадоннаси” асаримни яратганман. Ҳаётимдаги энг машҳур мазкур ишим Сурхондарёда, Бойсунда яратилган ва бунга Рўзи сабабчи бўлган. У билан бирга болалар уйида катта бўлган отдоши Рўзибой деган ажойиб инсоннинг уйида меҳмон бўлгандик. Бойсун мадоннаси ўша – Рўзибой деган инсоннинг хотини. Йигирма уч ёшида бешта фарзанди бор эди. Жуда чиройли, македониялик Искандарнинг Равшанагидан ҳеч ҳам кам эмасди...
Мусаввир сўзини давом эттирар экан, яна қуйидагиларни баён этди: “Бу асарни соғинганимда кўргазмага боришимга тўғри келади. Яқинда менинг “Бойсун Мадоннам” намойиш этилаётган Ўзбекистон Бадиий Академиясининг кўргазма залига худди учрашувга боргандай бордим. Бу асар дунёга чиқиб кетганига 40 йилдан ошди. Уни энди кам кўраман. Дунёнинг ўнлаб мамлакатларида бўлдим, аммо “Бойсун Мадоннаси” дунёни менга қараганда кўпроқ айланиб чиқди...
Бойсунга дўсти Рўзи Чориев етаклаб келган мусаввирни бу ердаги ҳамма нарса – тоғ ҳавоси, томида болакайлар чопиб юрган ёнбағир уйлар, ҳатто тупроқ ҳиди ҳам ҳаяжонга соларди. Уй эгаларининг яшаш жойи унчалик катта эмасди, ёнгинада жойлашган молхонанинг ҳиди ҳатто унга хуш ёққан. Мусаввир уй бекаси сиймосидан хомаки нусхалар олади ва асарни Тошкентда ёзиб тугатади. Бу аёлнинг портретини Рўзи ҳам чизган, аммо мазмунан теран асарини кенг омма учун мўлжалламаган.
Бурмакин Ленинградда санъат соҳаси олийгоҳини эндигина битириб келган ёш рассом Рўзи Чориев билан ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталарида танишган. Бу учрашув уларнинг ҳаёти ва ижодида кўп нарсани ўзгартиради, Чориевнинг битмас-туганмас куч-ғайрати Бурмакинга ҳам юқади. Россиянинг намчил ва совуқ шимолий пойтахтида таълим олиб қайтган Рўзи ўзининг қуёшли юрти Сурхондарёни, унинг ажойиб одамларини жуда ҳам соғинган эди. Бир пайтнинг ўзида йилнинг тўрт фаслини, айтайлик, қишни – тоғ чўққиларида қўниб қолган қор, баҳорни – доимий яшил альп ўтлоқлари, ёзни – жазирамада қайнаган қум ва ниҳоят кузни – боғ-роғлар товланишида кузатиш мумкин бўлган ана шу ўлкага улар биргаликда келишади. Сайроб булоғи ёнида ўтириб ўша машҳур чинорни, Бойсунда эса қўшиқ хиргойи этиб дўппи тикаётган аёлларни чиздилар. Бойсун дўпписида табиатда мавжуд барча бўёқлар мужассамини кўрдилар: масалан, дўппидаги ҳаво ранг–осмон, оқлик эса гилоснинг баҳорий гуллари, сариқ – етилаётган буғдой пояларини эслатиб туради, қизил ранг – пишиб етилган олма қиёси.
Бурмакин бойсунлик аёлни Равшанак билан қиёслаб чизади, аммо асари учун асли таги Биби Марямга бориб тақаладиган мадонна номини танлайди.
Картина сюжети оддий ва лўнда: миллий либосли ёшгина аёл қўлида гўдаги билан турибди. Орқада – худди қалдирғоя уясидек бир-бирига туташиб кетган уйлардан иборат қишлоқ. Онанинг ажиб бир сеҳригиёга тўла маъсума кўзлари чексиз муҳаббатни ифодалайди, уларда шундай майинлик, мунисалик ва яна нималардир борки, пировард оқибат портретдан кўз узмай тўхтовсиз қараб қолаверасан, киши! Ўзбек аёлини, оналикни мадҳ этувчи қўшиқ бўлиб янграйди у! Мутахассислар яна бир деталга эътибор қаратишган: асарнинг умрбоқийлигини гўё ҳис қилган мусаввир ўз ишини Леонардо да Винчи услубида – ўнгдан чапга қараб имзолаб қўйган...
"Бойсун мадоннаси” 1968 йили Москвада, Манеждаги Бутуниттифоқ кўргазмасига қўйилди, Ганновер (Германия) халқаро кўргазмасига борди, Парижнинг ўзида уч марта намойиш этилди ва барча жойда зўр муваффақият қозонаверди.
Мазкур асар ҳақида интернетдан маълумот излаб укамиз, вилоят малака ошириш институти проректори Баҳром Умаров қаламига мансуб “Бойсун мадоннаси ёхуд шахси яширин аёллар ҳақида афсона” мақоласига дуч келдим. Мақолада ёзиладики, муаллиф биринчи марта Германиянинг Дрезден шаҳри музейларидан бирида хизмат қилувчи таржимон қиздан “Бойсун Мадоннаси” ҳақида эшитади. Хориж сафаридан қайтиб, картинада акс эттирилган аёлни топиш ва у билан сўзлашмоқ пайида бўлади. Аммо Бойсунда яратилган машҳур асар, академик Рўзи Чориев билан бир вақтлар меҳрибонлик уйида тарбияланган Рўзи ака, унинг оиласи ҳақида тайинли бирон нарса билолмайди. Аммо кунлардан бир куни тонг пайти падари бузруквори уни маҳалладаги таъзияга олиб боради ва... бутун Европани ҳайратга солган “Бойсун Мадоннаси” ана шу хонадон соҳиби Рўзи аканинг аёли эканини тасодифан билиб қолади! Бу ҳолат мақола муаллифини ҳайрат аралаш минг-минг афсусларга олиб келади. Сабаби оддий: шундоқ ёнгинада, ўз маҳалласида яратилган буюк асар ҳақида узоқ Европанинг қоқ марказидаги мамлакатда эшитиб қайтганди у! Унинг ўзи тугул, умр бўйи шу ерда шу хонадон билан ёнма-ён яшаб келган маҳалладошлар ҳам бундан хабардор эмаслар!..
Аёнки, Микеланжелонинг “Мадонна Медичи”, Ботичеллининг “Венеранинг туғилиши”, Рафаэлнинг “Констебл мадоннаси”, Албрехт Дюрернинг “Мадонна” асарлари яратилган пайтидан бери асрлар давомида машҳурлигича қолаётир. Леонардо да Винчининг она ва оналикни улуғлаган “Мона Лиза”си ва Рафаэлнинг “Сикстин Мадоннаси”си ўзидаги беқиёс жозиба, акс этган сирли маънолари билан неча замонларки, бутун дунёни мафтун айлаб келади.
Бу қаторда “Бойсун Мадоннаси”нинг ўрни қандай!? Унинг нигоҳи ҳам сирли маъноларга тўла, кўзлардаги теранлик, унда акс этаётган вазмин ўйлар кишини қамрайди. Разм солинса, оқшомнинг ғира-шира пайтидаги хаёлий ҳолат, қуёш нурларини ўзига ютган қуюқ қора ва бинафша ранглар аёлнинг юз ифодасига, асар мантиғига куч беради, кўнгил тошқинлигини ёрқин ифодалайди. Таъсирчан образ замирида маъсума қишлоқ аёлининг барча изтироблари мужассам. Фарзандини бағрига босган аёл либоси, анъанавий кийим-тақинчоқлари теран халқчил томирга эга, миллий хусусиятлар бўртиб туради. Бу сиймо ўзбекнинг минг йиллик маданиятини, ўзбек аёлининг туғма андишасини намоён этади. Мусаввир аёл андишаси ва маҳзун қувончини биргина картинада уйғунлаштиришнинг уддасидан чиққан. Ҳатто бағридаги болакай қарашларида ҳам онага дилдошлик ва дарддошлик акс этади. Ушбу асар аёл қалбининг шарқона ҳис-туйғулари, ранг-баранг зарблари, руҳий дунёси, кечаги тарихий қадриятини бадиий ифода кўзгусида кўз-кўз қилади.
Демак, “Ўзбек аёлининг оналик мадҳияси” дея бекорга таъриф этмаганлар уни муаллиф Владимир Бурмакиннинг касбдошлари!
Энди “Мадонна” сўзининг маъносига эътибор қаратсак: аввало, шуни билайликки, она тилимизда бу сўз шу пайтга қадар учрамаган, қўлланилмаган ва демак ўзбек тилининг луғат таркибида бўлмаган, бинобарин мустақиллик йилларида яратилган беш томлик ўзбек тили изоҳли луғатида ҳам бу сўзни, табиий, кўрмаймиз, яъни бу – ўзбек сўзи эмас. Рус тили луғатларига қараганимизда ҳам келиб чиқиши бўйича унинг рус сўзи бўлмаганлиги аён бўлади. С.И.Ожеговнинг “Словарь русского языка” китоби варақлаб кўрилса, “Мадонна” термини насронийлик динининг католик йўналишида “худонинг онаси” дея тушунтирилганини кўрамиз. “Мадонна” сўзи аввалбошдан итальян тилида “бекам”, “ойим”, “хоним” тушунчаларини билдирган экан. Милоднинг 18-асридан бошлаб эса бу сўз маъновий ўзгаришга учрайди ва “тасвирий санъатда худо онасининг ифодаланиши” тушунчасини билдира бошлайди. Европанинг Уйғониш даври санъати худонинг онаси образини аёл гўзаллиги, бокиралиги, итоаткорлиги, ўзини фарзандига бахшида этган муқаддас, улуғвор, мунис волида эканлигини маҳорат билан ифодалайди. Давр рассомлари ижодида Мадоннани тасвирлаш борасида фантазияга катта эрк берилган ва натижада турли хил битмас-туганмас мураккаб композициялар вужудга келган. Охир-оқибат эса бу образни яратиш жараёни кўп ҳолларда диний мотивнинг йўқолиб бориши билан кечади. Соҳа мутахассислари фикрига кўра, бу ҳолат айниқса Рафаэль ижодида бошқа рассомларга қараганда жуда ҳам бўртиб туради ва ўзининг кучли ифодасини топади, яъни унда покиза аёл гўзаллиги ва ўзини гўдагига тўла бағишлаган ҳамда боласининг келажак тақдиридан хавф туйган ёшгина онанинг туйғулари ўта нозик тарзда мужассамлашади.
Мадонна образини яратиш амалиёти жаҳонда ҳозир ҳам давом этади. Замондош ёрқин шахслардан илҳомланган мусаввирлар ижоди буни кўрсатмоқда. Мисоллар эса етарлича. Пировардида айтиш лозимки, ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охирида улуғ миниатюрачи рассом Чингиз Аҳмаровнинг ўзбек мусаввирлари Европа мактаби анъаналаридан воз кечиб миллий заминга қайтиши лозимлиги ҳақидаги ғоясини Рўзи Чориев ва Владимир Бурмакин фаол қўллаб-қувватлаганлари замирида уларнинг ўз вақтида Бойсунда кечган ана шу ижодий жараёнлари ётади десак, ҳеч ҳам хато бўлмайди.
Бу сизу биз ҳали яхши англаб етмаган ёки ҳали зарур равишда қадрлаб улгурмаган “Бойсун Мадоннаси”нинг яратилиш тарихига қисқача илова эди.
Абдулла Холмирзаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter