Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Экологияни яхшилаш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди

Экологияни яхшилаш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Самарқанд шаҳрида Глобал экологик жамғарманинг саккизинчи ассамблеяси иштирокчиларига мурожаат қилган Президент Шавкат Мирзиёев иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва чўлланиш Марказий Осиё учун энг долзарб таҳдидлардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, бугунги кунда минтақада қарийб 37 миллион киши сув танқислиги юқори бўлган ҳудудларда яшамоқда. Жаҳон банки таҳлилларига мувофиқ, 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 75 миллион нафарга етиши мумкин.

Президент Ўзбекистон экологик трансформацияни янги тараққиёт модели сифатида қабул қилганини қайд этди. Шу мақсадда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, чиқиндиларни бошқариш, кўкаламзорлаштириш, экологик таълим ва биохилма-хилликни сақлашга қаратилган бешта миллий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 2030 йилга қадар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини 21 фоизгача кенгайтириш, зарарли ташламаларни қисқартириш ва чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш режалаштирилгани маълум қилинди.

Шунингдек, бир қатор янги ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Самарқандни «Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти» деб эълон қилиш таклиф қилинди.

Шунингдек, Колумбия университети ҳамкорлигида Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилиши маълум қилинди. У ҳудудларни яшил иқтисодиёт тамойиллари асосида ривожлантириш бўйича илмий платформа вазифасини бажаради.

Бундан ташқари, Иқлим ўзгариши ва гидрометеорология миллий марказини ташкил этиш, Қозоғистон билан биргаликда «Тоза ҳаво» давлатлараро консорциумини ишга тушириш ҳамда Оролбўйида «чўл иқтисодиёти» ташаббусини амалга ошириш таклиф этилди.

Президент 2027 йилги Тошкент инвестиция форуми «Барқарор ривожланиш ва яшил инвестициялар» мавзусига бағишланишини маълум қилди. Форум доирасида «Eco Expo Central Asia» халқаро кўргазмаси ҳам ўтказилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Глобал экологик жамғарманинг донор мамлакатлари қаторига қўшилишга тайёр экани билдирилди. Бу қарор экологик лойиҳаларни молиялаштириш ва минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Давлат раҳбари мазкур ассамблея экологик хавфсизлик ва барқарор тараққиёт соҳасида янги минтақавий ҳамкорлик архитектурасини шакллантириш учун муҳим майдон бўлишига ишонч билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг