«Электрон рецепт» босқичма-босқич жорий этилади, аввалига антибиотиклар мажбурий бўлади
Соғлиқни сақлаш взирлиги Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба-синов ҳудудида босқичма-босқич жорий этилаётган «Электрон рецепт» тизимини жорий этиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, келиб тушаётган мурожаат ва таклифларни инобатга олган ҳолда, юзага келаётган саволларга аниқлик киритиш ҳамда янги тизимга барқарор ўтишни таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қўшимча ташкилий ҳамда тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Вазирликда давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларининг етакчи шифокорлари, тегишли идоралар вакиллари ва соҳа экспертлари иштирокида учрашув ўтказилди.
Конструктив мулоқот давомида «Электрон рецепт» тизимини жорий этиш билан боғлиқ масалалар, шунингдек, бу борада тиббиёт ходимларининг тажрибаси ва беморлар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда айрим тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Тизим мутахассислари ўртасида мунтазам мулоқотни таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Экспертлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ҳафтанинг ҳар жума куни тиббиёт ва фармацевтика соҳаси вакиллари ҳамда бошқа тегишли мутахассислар иштирокида ушбу Кенгашнинг очиқ йиғилишлари ўтказилади.
Учрашув доирасида «Электрон рецепт» тизимининг амалдаги ишлаш механизмлари юзасидан ҳам тушунтириш берилди.
Таъкидланганидек, хусусий тиббиёт ташкилотлари ва шифокорларнинг «Электрон рецепт» модулига уланиши бепул бўлиб, бунинг учун +998 (71) 202-50-00 рақами орқали мурожаат қилиш керак.
Шунингдек, мулоқотда рецепт (шу жумладан электрон рецепт)ни ёзиш фақат шифокор ваколатига кириши алоҳида қайд этилди.
Беморларни даволаш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида, маълум бир тиббиёт муассасасида зарур дори воситаси йўқ бўлган ҳолларда, шифокор рецепт ёзиб беради. Тегишли маълумотларни расмийлаштириш ва электрон тизимга киритиш эса дорихона муассасасининг фармацевти томонидан амалга оширилади.
Қайд этилганидек, фуқаро дорихонага мурожаат қилганда, дори воситаси фармацевт томонидан электрон рецепт, QR-кодли ҳужжат ёки ЖШШИР асосида берилади.
Чет эл фуқаролари эса электрон рецепт олиш учун умумий шартларда давлат тиббиёт муассасаларида рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида туну кун ишлайдиган 1003 қисқа рақамли Сall-марказ фаолият юритмоқда. Фуқаролар у орқали «Электрон рецепт» тизими билан боғлиқ барча масалалар бўйича маслаҳат ва тушунтиришлар олиш имконига эга.
Ётоқ режимида бўлган беморлар, шунингдек, сурункали касалликларга чалинган шахслар маслаҳат ва электрон рецепт олиш учун ўз оилавий шифокорига телефон орқали мурожаат қилиши мумкин. Агар бемор оилавий шифокорининг телефон рақамини билмаса, унга 1003 қисқа рақамли Сall-марказ орқали зарур ёрдам кўрсатилади.
Тиббиёт мутахассислари ва экспертлар иштирокидаги муҳокамалар якунида билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда, амалга оширилаётган механизмларни мустаҳкамлаш ва аниқлаштириш, “Электрон рецепт” тизимини жорий этишнинг кейинги босқичма-босқич тартибини белгилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи қабул қилинди.
Унга кўра:
1) Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба-синов туман (шаҳар)лари ҳудудида «Электрон рецепт» тизими босқичма-босқич жорий этилиб, шифокор томонидан дори воситаларининг халқаро патентланмаган номланиши бўйича электрон рецептлар расмийлаштирилади ва электрон тизимга киритилади;
2) зарур техник имкониятлар мавжуд бўлганда, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари DMED ахборот тизимига бепул уланади ҳамда уларнинг ахборот тизимлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рақамли платформасига интеграция қилинади;
3) «Электрон рецепт» тизими асосида бериладиган дори воситаларининг рўйхати босқичма-босқич шакллантирилиб, бунда алоҳида рўйхатлар ижтимоий хавф ва соҳада юзага келадиган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир босқичда Экспертлар кенгаши томонидан тайёрланади ҳамда тасдиқланади;
4) тизимли таъсирга эга антибиотиклар, синтетик антибактериал препаратлар ҳамда гормонал дори воситалари учун электрон рецепт мажбурий бўлишини назарда тутувчи биринчи босқич белгиланади;
5) шифокорнинг электрон рецептларни ёзиш бўйича ваколатлари, шу жумладан муайян тиббиёт ташкилотида мавжуд бўлмаган дори воситаларини тайинлаш ва кейинчалик дорихоналар фармацевтлари томонидан ушбу маълумотни тизимга киритишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади;
6) дорихоналарда рецептли дори воситаларини электрон рецепт асосида бериш (шу жумладан, беморнинг ЖШШИРи орқали) тартиби белгиланади, қолаверса, тизим тўлиқ жорий этилгунга қадар ва фавқулодда вазиятларда истисно тариқасида қоғоз кўринишидаги рецептларни расмийлаштириш имконияти сақлаб қолинади;
7) бемор ёки унинг вакилида электрон рецепт бўлмаган тақдирда, дорихона фармацевтига шахсни тасдиқловчи ҳужжат (қоғоз ёки электрон шаклда) асосида ЖШШИРни киритиб, тизим орқали электрон рецепт билан танишиш ва рецепт бўйича дори воситасини бериш ҳуқуқини тақдим этувчи механизм белгиланади;
8) юртимиз ва чет эл фуқароларининг тиббий ёрдам ва дори воситаларини олиш (шу жумладан шошилинч ҳолатларда) ҳуқуқлари таъминланади, шунингдек, тизимни жорий этиш босқичлари ва дори воситалари рўйхатлари тўғрисида аҳоли расмий манбалар орқали хабардор қилиб борилади;
9) доимий тушунтириш ишлари ва қайта алоқа тизими, шу жумладан кеча-кундуз ишлайдиган 1003 Сall-маркази фаолияти йўлга қўйилиб, у орқали:
- ётоқ режимидаги ва сурункали касалликларга чалинган беморларнинг ўз оилавий шифокорига мурожаат қилиши;
- оилавий шифокорга (тегишли ҳолларда тор соҳа мутахассисларига) масофадан туриб мурожаат қилган ҳолда электрон рецепт олиши;
- кўрсатмалар мавжуд бўлганда, патронаж хизматининг ташкил этилиши ва зарур тиббий хизматлар уйда кўрсатилиши таъминланади;
10) даволовчи шифокорнинг қарорига кўра, сурункали касалликларга чалинган беморларга:
– 60 кунгача даволаниш даврида — Халқаро касалликлар таснифига мувофиқ кодланадиган, сурункали касалликларни даволашда тайинланадиган, шунингдек, анаболик фаоллиги билан ажралиб турадиган дори воситалари учун;
– 90 кунгача даволаниш даврида — бошқа тайёр дори воситалари учун (реимбурсация доирасида — 30 кунгача) рецептлар ёзишнинг алоҳида тартиби белгиланади.
Ушбу ҳолларда электрон рецепт ва тегишли QR-коднинг амал қилиш муддати белгиланган даволаш курси даврига мувофиқ узайтирилади.
«Электрон рецепт» тизими, энг аввало, даволаш хавфсизлигини ошириш, дори воситаларини тайинлашда масъулиятни кучайтириш ва уларнинг айланмасини тартибга солишга қаратилган. Ушбу тизим доимий мониторинг асосида фуқаролар ва тиббиёт ходимларининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter