Форс кўрфази энди ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди
«Эрон урушидан кейин глобал иқтисодиёт ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди» — Eurasia Group раиси Клифф Купчаннинг The Washington Post газетасида эълон қилинган мақоласида Эрондаги урушнинг Форс кўрфази мамлакатлари ва жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири ҳақида сўз боради.
Маълумот учун: Eurasia Group компаниясига 1998 йилда асос солинган. Бош қароргоҳи Ню-Йоркда жойлашган, шунингдек, Вашингтон, Лондон, Токио, Сан-Паулу ва Сингапурда офислари мавжуд. Eurasia Group сиёсий рискларни таҳлил қилиш ва консалтинг хизматларини кўрсатувчи дунёдаги етакчи компаниялардан саналади. Компания инвесторлар ва бизнес раҳбарларига сиёсий жараёнларнинг молиявий бозорларга ва глобал иқтисодиётга таъсирини тушунишда ёрдам беради.
Кузатувчиларнинг аксарияти ҳақли равишда Эрондаги урушнинг қисқа муддатли оқибатларига эътибор қаратмоқда. Ортиб бораётган инсоний талофатлардан ташқари, ушбу уруш нефт бозорида етказиб бериш ҳажми ва дунё миқёсидаги улуши бўйича тарихдаги энг йирик шокни келтириб чиқарди.
Бироқ урушнинг жаҳон иқтисодиётига кўрсатадиган узоқ муддатли оқибатлари ҳам, гарчи улар ҳозирча унчалик кўзга ташланмаётган бўлса-да, кам аҳамиятли эмас. Эрондаги уруш якунланганидан сўнг, катта эҳтимол билан АҚШга нисбатан душманлик кайфиятидаги ҳукумат ҳокимият тепасига келади. Оқибатда Форс кўрфази билан боғлиқ сиёсий хавфлар кўплаб тармоқларда нархларнинг таркибий жиҳатдан ошишига олиб келади. Бу эса инфляцияни тезлаштиради ва Яқин Шарққа йўналтириладиган келгусидаги инвестицияларнинг жозибадорлигини пасайтиради.
Эрон ҳукумати позицияси қатъийлигича қолади. Янги олий раҳбар Мужтабо Хоманаий, умумий фикрга кўра, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан яқин алоқаларга эга авторитар шахсдир. Эроннинг уруш ҳолати учун марказлашмаслик стратегияси барча асосий лавозимлар бўйича ворислик тартибини белгилаб қўйган. Бу эса, агар АҚШ ёки Исроил амалдаги раҳбарларни йўқ қилган тақдирда ҳам, уларнинг ўрнини бошқа қаттиққўл тарафдорлари осонгина эгаллашини кафолатлайди.
Шу сабабли, урушнинг тугаши барқарор тинчлик ўрнатилишига олиб келиши амримаҳол. Бу воқелик Ҳўрмуз бўғози узоқ вақт давомида геосиёсий хавф манбаи — жаҳон иқтисодиёти марказидаги «қайноқ нуқта» бўлиб қолишини англатади. Эрон раҳбарлари тузумнинг омон қолишини ҳамма нарсадан устун қўйишади, шунинг учун улар якунда уранни бойитиш ва узоқ масофали баллистик ракеталардан воз кечишга рози бўлишлари мумкин. Аммо уларнинг АҚШга нисбатан стратегик сиёсати, айниқса, ушбу урушда тўкилган қонлардан кейин, душманона бўлиб қолаверади.
Эронда танкерларни таъқиб қилиш ёки чўктириш учун етарлича дронлар, миналар ва тезкор катерлар сақланиб қолади. Инвесторларнинг қарашлари ўзгариши учун, ҳатто Теҳрон кўп ўқ узишига ҳам ҳожат қолмаслиги мумкин. Бундан буён трейдерлар Эрон исталган вақтда ҳужум қилиши мумкин деган тахминдан келиб чиқиб иш тутишади ва бу янгича қараш муҳим тармоқларда хавф учун янги устамаларни пайдо қилади.
Эрон томонидан давом этаётган таҳдид, шунингдек, дунёдаги ўғит ва озиқ-овқат секторларига ҳам зарба беради. Жаҳон ўғит савдосининг тахминан учдан бир қисми Ҳўрмуз бўғози орқали ўтади.
Алюминий бозори ҳам шунга ўхшаш тарзда ишлайди — дунёдаги алюминий ишлаб чиқаришнинг 9 фоизи Форс кўрфази давлатларига тўғри келади. Алюминий саноати жуда катта кўп миқдордаги электр энергиясини талаб қилади, бу эса нефт ва газ нархига боғлиқ; шунингдек, металл нархига Ҳўрмуз бўғози каби кемада юк ташишдаги тор йўлаклар ҳам таъсир қилади.
Юқоридаги каби омиллар жам бўлиб, бутун дунё бўйлаб нархларнинг ошишига олиб келади, бу эса ўз навбатида инфляцияни кучайтиради.
Ва ниҳоят, Форс кўрфази давлатлари — биринчи навбатда Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Қатар яқин ойларда ўзларининг қулай инвестиция муҳитига эга давлатлар сифатидаги обрўсини тиклаш учун курашишга мажбур. Ушбу бозорлар нафақат углеводородлар, балки сунъий интеллект, мудофаа саноати ва бошқа соҳаларда ҳам жаҳон савдоси ва инвестицияларида ҳал қилувчи рол ўйнаб келган.
Капитал қўрқоқ бўлади ва у фақат ўзини хавфсиз ҳис қилган жойга боради. Илгари тасаввур ҳам қилмаганимиз — Эрон зарбаларидан кейин ёнаётган осмонўпар офислар ва меҳмонхоналар манзаралари инвесторларнинг ишончига жиддий путур етказади, деди Клифф Купчан.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter