Геосиёсий манфаатлар ва қадриятлар тўқнашуви: Эрон атрофидаги сиёсий реализм
Глобал миқёсда геосиёсий кескинлик кучайган, халқаро муносабатлар тизими жиддий синовларни ўз бошидан кечираётган даврда Эрон ва унинг атрофида содир бўлаётган воқеалар халқаро ҳуқуқ тизими бугунги кунда жиддий инқирозга юз тутганлигини яна бир бор намойиш этмоқда.
Санкциялар сиёсатининг кучайиши ва ташқи иқтисодий чекловларнинг чуқурлашуви натижасида Эрон миллий валютаси қадрсизлана бошлади. Валюта курсининг беқарорлиги, инфляциянинг ошиши ва импорт нархларининг кўтарилиши аввало савдо-сотиқ билан шуғулланувчи қатлам манфаатларига жиддий зарба берди. Натижада Теҳрон марказидаги йирик бозорлар савдогарлари томонидан иқтисодий талабларга асосланган норозилик намойишлари бошланди.
Дастлаб валюта барқарорлигини таъминлаш, нарх-навони назорат қилиш ва ҳукуматдан аниқ иқтисодий чоралар кўришни талаб қилган ушбу чиқишлар қисқа вақт ичида ижтимоий-сиёсий тус ола бошлади.
Иқтисодий қийинчиликлар аҳолининг кенг қатламларига таъсир кўрсатгани сайин намойишлар ҳудудий жиҳатдан кенгайди ва бутун мамлакат бўйлаб сиёсий шиорлар, тизимли ислоҳотлар ҳамда бошқарув самарадорлиги масалаларини кўтарган оммавий чиқишларга айланди. Айрим ҳудудларда тартибсизликлар ва хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар кузатилди. Шу тариқа, дастлаб иқтисодий мазмунга эга бўлган норозилик ҳаракати санкциялар оқибатида юзага келган ижтимоий босим, сиёсий норозилик ва институционал ислоҳотларга бўлган талаблар билан уйғунлашиб, кенг кўламли ички сиёсий инқироз элементларини намоён эта бошлади.
Мазкур жараён санкциялар сиёсатининг нафақат макроиқтисодий кўрсаткичларга, балки ички ижтимоий барқарорлик ва сиёсий легитимлик масалаларига ҳам бевосита таъсир кўрсатишини яққол намойиш этди.
Жумладан, 9 январ куни намойишлар кескин тус олиб, Теҳрондаги Абузар масжиди ёқиб юборилди. Мазкур ҳодиса норозилик ҳаракатининг фақат иқтисодий талаблар билан чекланиб қолмай, диний ва сиёсий рамзларга ҳам йўналтирилганини кўрсатди. Айрим ҳудудларда маъмурий бинолар, банклар ва давлат муассасалари ҳам ҳужумга учради, бу эса вазиятнинг назоратдан чиқиш хавфини янада кучайтирди.
Аксарият халқаро оммавий ахборот воситаларида Эронда кечаётган жараёнлар “муллалар режимига қарши халқ инқилоби” сифатида талқин қилинди. Ташқи ахборот маконида воқеаларга идеологик ва геосиёсий призма орқали ёндашув кучайиб, намойишлар мамлакатдаги сиёсий тузумнинг легитимлигига қарши оммавий ҳаракат сифатида баҳоланди. Бироқ расмий Теҳрон мазкур воқеаларни ташқи кучлар томонидан рағбатлантирилган тартибсизликлар сифатида кўрсатди ҳамда уларни миллий хавфсизликка таҳдид деб эълон қилди.
Ҳукумат қисқа муддат ичида қатъий репрессив чораларни ишга солди: оммавий ҳибсга олишлар амалга оширилди, хавфсизлик кучлари сафарбар қилинди, айрим ҳудудларда интернет ва ижтимоий тармоқларга кириш кескин чеклаб қўйилди. Ахборот оқимини назорат қилиш орқали намойишларнинг координацияси ва кенгайишининг олдини олишга ҳаракат қилинди. Натижада январ ойининг ўрталарига келиб намойишлар босқичма-босқич бостирилди ва мамлакат ичидаги вазият нисбатан барқарорлашди.
Шу билан бирга, мазкур воқеалар санкциялар фонида кучайган иқтисодий босимнинг ижтимоий норозиликка, ижтимоий норозиликнинг эса тезкор равишда сиёсий талабларга айланиш механизмини намоён этди. Бу жараён давлат хавфсизлиги, ахборот сиёсати ва сиёсий легитимлик масалаларини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Эрон расмийлари берган маълумотларга кўра, мазкур тартибсизликлар давомида жами 3 117 киши ҳалок бўлган, булардан 2 427 киши - тинч аҳоли ва куч ишлатар тизим ходимлардан иборат “бегуноҳлар” ва қолган 690 киши “террористлар” ва “қўзғолончилар”дир.
Ғарб оммавий ахборот воситалари турли манбалардан олинган маълумотларга таяниб, намойишлар давомида 30 мингга яқин киши ҳалок бўлганлигини маълум қилмоқда.
Эронда содир бўлган фожиали воқеаларнинг бугунги кунда икки ҳил талқини мавжуд.
- Расмий Теҳрон норозилик намойишларини мамлакатдаги амалдаги ижтимоий-сиёсий тузумни издан чиқариш ва давлат бошқарув тизимини ағдаришга қаратилган, хориждан молиявий ва ташкилий кўмак олаётган жиноятчи ҳамда террористик гуруҳларнинг навбатдаги уринишлари сифатида талқин қилмоқда. Ҳукумат баёнотларида ушбу жараёнлар “гибрид уруш” элементлари, ахборот-психологик босим ва ташқи кучлар томонидан қўзғатилган беқарорлаштириш сценарийси билан изоҳланади. Расмий доиралар намойишлар ортида мамлакатни ичкаридан заифлаштириш ва халқаро босимни кучайтириш мақсади турганини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, ҳукумат вакиллари намойишларга туртки бўлган иқтисодий муаммолар — инфляция, ишсизлик, валюта қадрсизланиши ва ижтимоий тенгсизлик масалаларини инкор этмай, уларни халқ билан мулоқот ва босқичма-босқич ислоҳотлар орқали ҳал этиш зарурлигини эътироф этмоқда. Бу ёндашув ижтимоий кескинликни юмшатиш ва давлат легитимлигини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий сигнал сифатида кўрилмоқда.
Тартибсизликларни бостириш жараёнида қўлланилган қатъий чоралар — оммавий ҳибсга олишлар, ахборот майдонини чеклаш, хавфсизлик кучларини сафарбар этиш — мамлакатдаги конституциявий тузумни, ҳудудий яхлитликни ва миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш зарурати билан асосланмоқда. Расмий баёнотларда давлатнинг асосий вазифаси ички барқарорликни сақлаш ва ташқи аралашувларнинг олдини олиш экани қайд этилади.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса Ғарб давлатларини мамлакат ички ишларига бевосита аралашишда айбламоқда. Хусусан, Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг таъкидлашича: “Бизда АҚШ ва Исроилнинг Эронда сўнгги кунлардаги террорчилик ҳаракатларига алоқадорлиги ҳақида кўплаб ҳужжатлар ва далиллар мавжуд”.
Мазкур баёнотлар халқаро миқёсда кескин мунозараларга сабаб бўлиб, Теҳрон ва Ғарб ўртасидаги дипломатик зиддиятни янада чуқурлаштирди.
Умуман олганда, расмий позиция воқеаларни ички норозиликдан кўра ташқи омиллар билан боғлашга интилса-да, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни тан олиш орқали ички барқарорликни тиклаш ҳамда сиёсий тизимнинг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган икки йўналишли стратегия кузатилмоқда.
- Ўз навбатида, Ғарб давлатлари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар Эрон ҳукуматини норозилик намойишларини шафқатсизларча бостиришда айбламоқда. Уларнинг баёнотларида тинч намойишчиларга нисбатан ўқотар қуроллар қўллангани, оммавий ҳибсга олишлар ва қийноқлар содир этилгани, шунингдек, воқеалар кўламини яшириш мақсадида интернет ва ижтимоий тармоқларга кириш атайлаб чеклангани таъкидланади. Айрим халқаро ҳуқуқшунослар бу ҳолатларни фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларнинг қўпол бузилиши, деб баҳолаб, мустақил халқаро текширув ўтказиш зарурлигини илгари сурмоқдалар.
АҚШ ҳукумати оммавий тартибсизликлар авжига чиққан паллада намойишчиларни “ўз ҳуқуқлари учун курашишда давом этишга” даъват этар экан, бир вақтнинг ўзида Эрон раҳбариятини “кескин жавоб чоралари” билан огоҳлантирди. Бу баёнотлар Теҳрон томонидан бевосита ички ишларига аралашув ва сиёсий босим сифатида қабул қилинди. Натижада икки давлат ўртасидаги дипломатик риторика янада кескинлашди.
Феврал ойининг бошларига келиб, АҚШ Форс кўрфази ҳудудида USS Abraham Lincoln авиаташувчи кемаси бошчилигидаги сезиларли денгиз ва ҳаво кучларини жамлади. Ушбу ҳарбий-сиёсий сигнал минтақада кучлар мувозанати масаласини яна кун тартибига олиб чиқди ҳамда эҳтимолий ҳарбий сценарийлар ҳақида хавотирларни кучайтирди. Теҳрон эса бунга жавобан ўзининг мудофаа салоҳиятини намойиш этиш ва минтақадаги иттифоқчилари билан ҳамкорликни кучайтириш орқали жавоб қайтаришини билдирди.
Фикримизча, давом этаётган мазкур қарама-қаршилик марказида замонавий халқаро сиёсатда долзарб бўлиб келаётган муҳим савол — Эрон атрофидаги вазиятни баҳолашда қайси ҳуқуқий ва сиёсий доктрина устувор бўлиши кераклиги масаласи ётади. Бу ерда давлат суверенитети ва ички ишларига аралашмаслик тамойили билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва “халқаро ҳамжамиятнинг масъулияти” концепцияси ўртасидаги зиддият яққол намоён бўлмоқда.
Шу тариқа, Эрон атрофидаги жараёнлар нафақат минтақавий хавфсизлик муаммоси, балки глобал бошқарув тамойиллари, икки томонлама стандартлар ва халқаро ҳуқуқнинг амалий қўлланилиши юзасидан давом этаётган фундаментал баҳсларнинг ҳам ёрқин кўринишидир.
Вазиятни қуйидагича талқин қилиш мумкин:
- БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, ҳар бир давлат ўз тақдирини ўзи белгилаш ва ўз сиёсий тизимини танлаш ҳуқуқига эга.
Эронда шоҳ тузуми ағдарилгандан сўнг 1979 йил март ойида ўтказилган умумхалқ референдумида 98,2 фоиз мамлакат аҳолиси Ислом Республикаси ташкил этилишини қўллаб-қувватлади.
Натижада Эронда халқ иродаси ва теократик назорат тамойилларини ўзида мужассам этган, «ислом демократияси» деб талқин қилинувчи ноёб ва мураккаб тизим вужудга келди.
Эронда бошқарувнинг республика шакли ўрнатилган бўлиб ижроия ва қонун чиқарувчи ҳокимият халқнинг иродасига боғланган. Муҳим қарорларни руҳонийлар кенгаши томонидан сайланадиган олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоминаий қабул қилади.
Эрон ўзига қарши ҳар қандай ҳарбий зарбалар берилиши, ҳудудий суверенитетини куч ишлатиш йўли билан бузилиши, муҳолифат кучларни қўллаб-қувватлаш ва мавжуд ижтимоий-сиёсий тузумни ағдаришга бўлган уринишларни мамлакат ички ишларига қўпол тарзда аралашиш деб баҳолайди.
Расмий Теҳрон ҳеч қайси давлатга ҳужум қилиш ниятида эмаслигини, мудофаа мақсадларида ўз қуролли кучлари ва ракета технологияларини ривожлантириш ҳуқуқига эга эканлигини доимо таъкидлаб келади. Унга нисбатан қўлланилаётган санкцияларни эса ҳалқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда мавжуд сиёсий тузумни ағдаришга қаратилган «иқтисодий терроризм» деб баҳолайди.
- Ғарб давлатлари (АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия) Эрондаги мавжуд ҳокимиятнинг легитимлигига доимо шубҳа билан қараб келадилар, мухолифат кучларини қатағон қилишда, инсон ҳуқуқларини бузишда айблайдилар.
Бунда «суверенитет ҳеч бир давлатга ўз фуқароларини оммавий қатл қилиш ҳуқуқини бермаслиги, инсониятга қарши жиноят аралашмаслик тамойилидан устун туриши» таъкидланади.
Расмий Теҳронга нисбатан билдирилиб келинаётган асосий даъволардан яна бири Эрон томонидан имзоланган Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага ҳилоф равишда ядровий дастурни давом эттирилиши ҳамда Яқин Шарқда ўзига мойил бўлган куч ва ҳаракатларнинг (Ҳамас, Ҳизбуллоҳ, Яман ҳусийлари) қўллаб-қувватланишидир.
Фикримизча, халқаро ҳуқуқ тизимидаги бундай номутаносибликнинг замирида АҚШ ва Эрон ўртасида 1979 йил Ислом инқилоби натижасида юзага келган муросасиз қарама-қаршилик ётади.
Биринчидан, Эрондаги янги ҳокимият Оқ уйдан мамлакатда паноҳ топган собиқ шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийни экстрадиция қилинишини талаб қилди ва талабалар томонидан Теҳрондаги АҚШ элчихонаси босиб олинишини рағбарлантирди. Натижада Вашингтон Эрон билан дипломатик алоқаларни буткул узди ва унга нисбатан конфронтацион сиёсатни бошлади.
Иккинчидан, Эрон АҚШнинг энг яқин стратегик ҳамкори Исроилни давлат сифатида тан олмайди, Ўрта ер денгизидан Иордан дарёсигача бўлган ҳудудларни Фаластин давлати деб ҳисоблайди.
Ўзига хайрихоҳ кучлар орқали Исроилга қарши фронтни шакллантиришда фаол саналади.
Учинчидан, Эрон ва АҚШнинг Форс кўрфазидаги қарама-қаршилиги бевосита энергия ресурслари билан боғлиқ. Вашингтон Эронга нисбатан санкциялар ва минтақада ҳарбий босим орқали нефт етказиб бериш ҳажми ва нархларини назорат қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Эрон ва Исроил томонидан ядровий қуролга эга бўлиш масаласи халқаро муносабатларда икки томонлама стандартлар қўлланилишининг ёрқин мисолидир.
Эрон Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани имзолаш орқали ядровий қурол ишлаб чиқармаслик мажбуриятини олди ва бунинг эвазига МАГАТЕ назорати остида тинч мақсадларда фойдаланиш учун атом энергиясини ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга бўлди. Шу сабабли Эрон томонидан уранни бойитиш ва ядровий қурол яратишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар халқаро шартномани бузиш ҳисобланади.
Исроил Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилмаган ва ядровий дастур бўйича ўзига ҳеч қандай мажбуриятларни олмаган. Экспертларнинг фикрича, 2026 йил бошига келиб Исроилда 80 дан 400 тагача жанговар каллакдан иборат ядровий арсенал мавжуд.
Парадоксал равишда бир давлат ўзининг ядровий қалқонига эга бўла туриб, жаҳон ҳамжамияти олдида жавобгар эмас. Ўзининг ядровий дастурини ривожлантираётган иккинчи давлат эса узоқ йиллар давомида санкциялар таъсирида қолиб кетмоқда.
Умуман олганда, Эрон ва унинг атрофида бугунги кунда содир бўлаётган воқеалар таҳлили асосида, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
- Эронда жорий йил бошида кузатилган норозилик ҳаракатлари ўзининг кўлами, географик қамрови ва ижтимоий таркиби билан аввалги чиқишлардан сезиларли даражада фарқ қилди. Агар олдинги тўлқинлар асосан Теҳрон ҳамда йирик саноат марказлари билан чекланган бўлса, бу галги намойишлар мамлакатнинг деярли барча вилоятларида кузатилиб, марказ–периферия тафовутини бирмунча бартараф этган ҳолда умумреспублика миқёсидаги сиёсий мобилизацияга айланди. Бу эса норозиликнинг локал эмас, балки тизимли характер касб этганини кўрсатди.
Намойишлар жараёнида зўравонлик элементларининг учраши, маъмурий бинолар ва хавфсизлик инфратузилмасига ҳужумлар қайд этилгани ижтимоий норозиликнинг радикаллашув босқичига ўтганини англатади. Сиёсий терминологияда бундай ҳолат “эскалация динамикаси” ва “норозилик ҳаракатининг секъюритизацияси” (яъни давлат томонидан хавфсизлик таҳдиди сифатида талқин қилиниши) билан изоҳланади. Натижада ҳукумат намойишларни оддий ижтимоий талаб эмас, балки миллий хавфсизликка таҳдид сифатида баҳолаб, фавқулодда чораларни ишга солди.
Шу билан бирга, мухолифат кучларининг институционал заифлиги, ягона сиёсий платформа ва стратегик йўл харитасининг мавжуд эмаслиги намойишларнинг сиёсий трансформацияга айланиш имкониятини чеклади. Лидерлик вакууми, ташкилий фрагментация ва дастурий бирлашувнинг йўқлиги норозилик энергиясининг консолидациялашган сиёсий кучга айланишига тўсқинлик қилди. Бу эса ҳукуматга “репрессив барқарорлаштириш” модели орқали қисқа муддат ичида вазиятни назорат остига олиш имконини берди.
Умуман олганда, мазкур воқеалар Эрон сиёсий тизимида ижтимоий норозиликнинг институционаллашмаган шаклда намоён бўлиши, бироқ мухолифатнинг тизимли алтернатив таклиф эта олмаслиги шароитида ҳукуматнинг куч ишлатишга асосланган бошқарув механизмлари устун келишини кўрсатди.
- Конституциявий тузумни ҳимоя қилиш мақсадида давлатнинг ички сиёсатда куч ишлатиш ваколатлари масаласи Эрон воқеалари фонида сиёсатшунослар, халқаро ҳуқуқшунослар ва хавфсизлик бўйича экспертлар ўртасида қизғин мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бу ерда асосий масала — давлат суверенитети ва “легитим зўравонлик монополи” (М. Вебер концепцияси) доирасида қўлланиладиган кучнинг чегаралари ҳамда унинг ҳуқуқий асослари билан боғлиқдир. Яъни, давлат ички беқарорлик шароитида қайси босқичда ва қайси интенсивликда куч ишлатиши мумкин?
Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, ҳар бир суверен давлат жамоат тартибини сақлаш, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш ва давлат тўнтаришига уринишларнинг олдини олиш мақсадида куч ишлатиш ҳуқуқига эга. Бироқ бу ҳуқуқ “зарурият” (necessity) ва “мутаносиблик” (proportionality) тамойиллари билан чекланади. Куч қўллаш фақат тартибни тиклаш учун зарур бўлган минимал даражада ва инсон ҳуқуқларининг асосий стандартларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим. Акс ҳолда, давлатнинг хавфсизлик сиёсати репрессив бошқарув моделига айланиши хавфи туғилади.
Қиёсий таҳлил нуқтаи назаридан, 2021 йил 6 январда АҚШда United States Capitol биносини эгаллашга уринган намойишчиларга нисбатан куч ишлатилиши миллий хавфсизлик ва конституциявий тизимни ҳимоя қилиш зарурати билан асосланиб, легитим чоралар сифатида талқин қилинди. Ушбу ҳодиса “институционал суверенитетни ҳимоя қилиш” доирасида баҳоланди.
Бироқ Эрон воқеаларида хавфсизлик кучлари томонидан қўлланилган чоралар Ғарб сиёсий дискурсида кўпроқ “инсон ҳуқуқларининг бузилиши”, “ҳаддан ташқари куч ишлатиш” ва “репрессив сиёсат” сифатида талқин қилинмоқда. Бу эса халқаро муносабатларда норматив ёндашувнинг селектив қўлланилиши масаласини кун тартибига олиб чиқади. Яъни, бир хил типдаги сиёсий ҳодисаларга турли геосиёсий контекстга қараб турлича баҳо берилиши кузатилмоқда.
Мазкур ҳолат халқаро тизимда “икки томонлама стандартлар” феноменининг амалий кўриниши сифатида талқин қилиниши мумкин. Норматив қадриятлар — демократия, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги — универсал тамойиллар сифатида илгари сурилса-да, уларнинг қўлланилиши кўпинча геосиёсий манфаатлар, стратегик иттифоқлар ва кучлар мувозанати билан уйғун ҳолда талқин қилинади. Шу маънода, Эрон атрофидаги баҳслар нафақат ички сиёсий жараёнлар, балки замонавий халқаро тартибнинг норматив ва реалполитик ўртасидаги мураккаб зиддиятини ҳам акс эттиради.
- АҚШ ҳукумати намойишчиларни сиёсий ва ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватлаганига қарамай, Эронга нисбатан тўғридан-тўғри ҳарбий интервенция бошлашга шу кунгача журъат этмади. Бу ҳолат Вашингтоннинг стратегик ҳисоб-китоблари, ички сиёсий конъюнктура ва минтақавий хавфсизлик мувозанати билан боғлиқ бир қатор омиллар билан изоҳланади:
- “Rally around the flag” эффекти (байроқ атрофида жипслашув феномени).
Ташқи тажовуз шароитида аҳолининг кенг қатламлари ички сиёсий келишмовчиликларни вақтинча четга суриб, ҳукумат атрофида консолидациялашиши эҳтимоли юқори. АҚШнинг ҳарбий ҳужуми Эрон ичидаги сиёсий кучлар нисбатини ҳукумат фойдасига ўзгартириб, норозилик ҳаракатининг легитимлигини сусайтириши ва миллий сафарбарлик (мобилизация) жараёнини кучайтириши мумкин эди.
- Мухолифатнинг институционал ва ташкилий фрагментацияси.
Намойишлар ягона сиёсий марказ томонидан бошқарилмагани, мувофиқлаштирилган стратегик платформа ва “ўтиш даври ҳукумати” (transitional authority) шаклланмагани расмий Вашингтонга манзилли ҳарбий ёки ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиш имконини бермади. Сиёсий алтернативнинг аниқ контурлари бўлмагани шароитида интервенция “режимни алмаштириш” (regime change) стратегиясининг ноаниқ ва юқори хатарли сценарийсига айланиши мумкин эди.
- Геоиқтисодий ва энергетик хавфсизлик омили.
Ҳарбий эскалация натижасида Ҳормуз бўғозининг ёпилиши эҳтимоли глобал энергия таъминоти занжирларига жиддий зарба бериши мумкин. Мазкур бўғоз орқали жаҳон нефт савдосининг сезиларли қисми ўтади. Унинг блокланиши нефт нархларининг кескин ошишига, инфляцион босимнинг кучайишига ва глобал иқтисодий беқарорликка олиб келади. Бу эса АҚШ иқтисодиёти учун ҳам салбий оқибатлар туғдириши мумкин.
- Ички сиёсий рисклар ва сайлов омили.
Узоқ муддатли ва юқори харажатли ҳарбий кампания эҳтимоли, шунингдек, мумкин бўлган ҳарбий муваффақиятсизликлар жорий йил ноябр ойида АҚШда ўтказиладиган United States congressional elections натижаларига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳарбий эскалация ички сиёсий поларизацияни кучайтириб, ҳукмрон партиянинг электорат базасига салбий таъсир этиш эҳтимоли мавжуд.
Умуман олганда, АҚШнинг эҳтиёткор позицияси “назорат остидаги босим” (controlled pressure) ва “билвосита тийиб туриш” (indirect containment) стратегиясига мос келади. Яъни, Вашингтон тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувдан қочган ҳолда санкциялар, дипломатик изоляция ва ахборот-сиёсий босим воситалари орқали таъсир ўтказишни афзал кўрмоқда. Бу эса замонавий халқаро муносабатларда қаттиқ куч (hard power)дан кўра кўпроқ аралаш (hybrid) стратегияларнинг устуворлигини кўрсатади.
- Юзага келган вазиятда АҚШнинг Форс кўрфази ҳудудида сезиларли ҳарбий-денгиз ва ҳаво кучларини жамлаши “мажбурий дипломатия” (coercive diplomacy) ва “куч орқали тийиб туриш” (deterrence by punishment) стратегиясининг амалий ифодаси сифатида талқин қилинмоқда. Вашингтон Эронга нисбатан юқори интенсивликдаги ҳарбий сигнал бериш орқали музокараларда қўшимча устунликка эришиш, шунингдек, Теҳроннинг минтақавий ҳарбий-сиёсий фаоллигини чеклашга интилмоқда. Бундай ёндашув “эскалацияни бошқариш” (escalation management) консепсиясига асосланиб, тўлиқ уруш бошламасдан туриб босимни максимал даражада сақлаб туришни назарда тутади.
Агар расмий Теҳрон билан олиб борилаётган музокаралар муваффақиятсиз якунланса, ҳарбий эскалация сценарийси кун тартибига чиқиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай ҳолатда Исроилнинг ҳам эҳтимолий коалицион иштироки минтақавий хавфсизлик архитектурасини тубдан ўзгартириши мумкин. Ҳарбий ҳаракатлар “чекланган зарбалар” (limited strikes) форматида ёки кенг қамровли ҳаво-ракета кампанияси шаклида олиб борилиши мумкин. Бу эса конфликтнинг минтақавийлашуви ва “прокси урушлар” (proxy warfare) элементларининг кучайишига олиб келади.
Шу билан бирга, музокаралар жараёни стратегик чалғитиш (strategic deception) ёки “маскировка дипломатияси” сифатида ҳам талқин қилиниши мумкин. Айрим экспертлар фикрича, музокаралар орқали Эрон раҳбариятининг сиёсий ва ҳарбий эътиборини маълум йўналишга йўналтириб, параллел равишда юқори аниқликдаги “мақсадли зарбалар” (targeted strikes) ёки “декапитация операцияси” (decapitation strike) амалга оширилиши эҳтимоли мавжуд.
Бундай сценарий доирасида Оятуллоҳ Али Хоманаий ёки Ислом инқилоби посбонлари корпуси (IRGC) раҳбариятига қарши махсус операциялар ўтказилиши назарий жиҳатдан муҳокама қилинмоқда. Бу эса давлат бошқарув вертикалига бевосита зарба бериш ва қарор қабул қилиш марказларини издан чиқариш стратегиясига асосланади.
Бироқ бундай “декапиитация стратегияси” юқори даражадаги хавф билан боғлиқ: у нафақат тўлиқ миқёсдаги урушни келтириб чиқариши, балки минтақада асимметрик жавоб чораларини, жумладан, прокси кучлар орқали кенгайтирилган қарши ҳаракатларни юзага келтириши мумкин.
Умуман олганда, юзага келган вазият классик ҳарбий интервенция ва чекланган тийиб туриш стратегияси ўртасидаги мураккаб геосиёсий мувозанатни акс эттиради. Қарор қабул қилиш жараёнида ҳарбий устунлик омили билан бир қаторда сиёсий легитимлик, халқаро ҳуқуқий асослар ва минтақавий барқарорлик каби омиллар ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Аброр Фатхуллаев,
сиёсатшунос
Diplomat University


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter