Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳар йили 100 нафар иқтидорли ёшлар СИ йўналишида малака ошириш учун хорижга жўнатилади

Ҳар йили 100 нафар иқтидорли ёшлар СИ йўналишида малака ошириш учун хорижга жўнатилади

Бугун, 28 ноябр куни бўлиб ўтган сунъий интеллект бўйича халқаро форумда Президент Шавкат Мирзиёев 2030 йилга қадар фақат АT хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш, соҳада етишиб чиқадиган миллионлаб ёшлар учун юқори даромадли иш ўринларини яратиш бўйича катта марралар олинганини таъкидлади.

Қайд этилишича, юртимизда сунъий интеллект экотизимини барча соҳаларда жорий этиш мақсадида келгуси йил АҚШнинг «Nvidia» компанияси билан катта супер компьютер кластери ишга туширилади.

– Асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни нафақат замонавий технологиялар истеъмолчиси, балки уларни яратадиган, экспорт қиладиган ва глобал миқёсда рақобатлаша оладиган давлатга айлантиришдир. Миллий маҳсулотларимизни халқаро бозорга йўналтириш борасида АҚШнинг Кремний водийсида Миллий трансфер офисини очиб, ёшларимиз ва стартап асосчиларини йирик компаниялар, инвестор ва акселераторлар билан тўғридан-тўғри боғлаш имкониятини яратамиз, – деди Президент.

Эндиликда ёшларимиз мактабдан ташқари ҳам сунъий интеллект билан ишлаш кўникмаларига ўргатилади. Бунинг учун юртимизнинг барча ҳудудларидаги «Келажак марказлари»да СИ мактаб дастури жорий қилинади. 

Мамлакатимизда мактаблар ўртасида ҳар йили сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап ғоялари бўйича танлов ўтказиш тизими йўлга қўйилади.

Республикадаги 14 та ҳудуднинг ҳар бирида ғолибликни қўлга киритган мактабда энг замонавий сунъий интеллект лабораторияси ташкил этилади ва ғояларни тижоратлаштириш бўйича илғор компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатилади.

Соҳадаги истиқболли ёшларни аниқлаш ва уларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида «Сунъий интеллект бўйича Президент танлови» ташкил этилади.

Чекка туманлардан тортиб, республика даражасигача ҳар йили 100 нафар энг иқтидорли ёшлар саралаб олинади. Улар АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Европанинг илғор технологик компанияларига стажировкага юборилади. Кейинги босқичда олийгоҳлар учун ҳам ушбу амалиёт жорий этилади.

Юқорида айтилган мақсадлар учун 100 миллион доллар ажратилди ҳамда мазкур маблағ катта режалар ижросини таъминлашга йўналтирилади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг