Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Инсон учун» III анъанавий фестивали якунланди

«Инсон учун» III анъанавий фестивали якунланди

фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Тошкент шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган «Инсон учун» III анъанавий фестивали ўз ишини якунлади. 2026 йилнинг 12-13 май кунлари «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида ўтказилган ушбу тадбир йиллар давомида оддий савдо ярмаркасидан йирик ижтимоий платформага айланишга улгурганини яна бир бор исботлади.

Фестивал доирасида ижтимоий ҳимоя тизимидаги ислоҳотлар, инклюзив меҳнат бозори ва тадбиркорлик йўналишидаги лойиҳалар кенг намойиш этилди. Республика бўйлаб 120 та тадбиркорлик субъекти, ҳунармандлар, банклар, вазирлик ва идоралар иштирок этиб, жами 100 мингга яқин бўш иш ўрни тақдим этилди.

Бу йилги фестивалнинг энг муҳим воқеаси Ўзбекистонда илк бор ўтказилган «Имкониятлар олимпиадаси» (Abilympics) миллий чемпионати бўлди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг касбий маҳоратини ривожлантиришга қаратилган ушбу глобал ҳаракат доирасида иштирокчилар турли профессионал соҳаларда ўз иқтидорларини намойиш этдилар.

«Ижтимоий ҳимоя агентлиги учун ногиронлиги бўлган инсонлар нафақат қўллаб-қувватлаш олишлари, балки ўрганишлари, ишлашлари, ривожланиши ва жамиятга тўлиқ қўшилганликларини ҳис қилишлари учун шароит яратиш айниқса муҳимдир», — дея таъкидлади Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.

Икки кун давом этган тадбир давомида бир қатор ишлар амалга оширилди — ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазма-савдоси ташкил этилди, инклюзив бандликни қўллаб-қувватловчи компаниялар ва тадбиркорлар ўз вакансиялари билан қатнашди. Шунингдек, панел сессиялари, очиқ мулоқотлар ва ёшлар учун янги имкониятлар тақдимотлари ўтказилди. Меҳмонлар учун қизиқарли викториналар ва маҳорат дарслари намойиш этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг