Карим Баҳриев нега Ислом Каримовга маддоҳлик қилмади?..
Кеча атоқли журналист, шоир ва таржимон Карим Баҳриев 63 ёшида оғир хасталик сабаб вафот этди.
Карим Баҳриев ўз даврида парламент депутати, мамлакатимиздаги илк мустақил газета бош муҳаррири, медиа соҳаси эксперти сифатида сиёсий ислоҳотлар, сўз ва матбуот эркинлиги рўёби йўлида курашган, демократик янгиланиш жабҳасида жонбозлик кўрсатган эди.
Xabar.uz таҳририяти ҳам сўнгги йилларда Карим Баҳриевнинг долзарб мавзулардаги материалларини чоп этган эди.
Қуйидаги марҳум ижодкорнинг оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақола ва суҳбатларидан саралаб олинган мулоҳаза, мушоҳадалари ўқувчиларимиз ҳукмига ҳавола этилмоқда.
* * *
Биз бошдан кечираётган даврнинг ўзига хослиги шундаки, жамиятда янги ислоҳотлар тарафдорлари ва ҳаммасини аввалги ҳолига қайтариш ҳаракатидаги эски кучлар курашмоқда. Бу эски кучлар пастдан то энг юқоригача мавжуддир. Газеталарда яна ўша «ура-ура» материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатлари шундан далолатдир.
* * *
Мен Американинг буюк шоиралари Эмили Дикинсон ва Эдна Сент-Винсент Миллейнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилганман. Дикинсоннинг «Қари қиз» номли шеъри бор. Шу шеърдаги образлар силсиласига қарасангиз, «Қари қизнинг эри қабр. Қари қиз эрини жуда узоқ кутади ва гўрига гулчамбар ҳам тақдим қилади», дейди. Қаранг, қандай кутилмаган образ, кутилмаган ўхшатиш. Миллат ўша қари қиз ҳолига тушиб қолмаслиги керак. Ренессанс эртага бўлади деб, кутиб яшамаслиги керак. Бугун ҳаракат қилиш керак.
* * *
ОАВга эгалик қиладиган шахс бизнесмен ёки мафия бўлса, бу ёмон эмас. Биз истаганимиз, ҳар қандай бой, мафия, шахс ўз газетасини қила олсин. Агар ўша бой ёки мафия ўз ОАВида кимгадир қарши мақола чиқарса, иккинчи томон ҳам ўз оммавий ахборот воситаси орқали унга жавоб бериш имкониятига эга бўлсин. Агар кимдир сизни уришса, танқид қиса, сизда унга жавоб берадиган минбар бўлмаса, бу сўз эркинлиги учун катта фожиа. Мен турфа хил газета ва сайтлар бўлиши тарафдориман. Фақат улар ягона қонун асосида ишлаши керак. Давлатга тегишли ОАВ билганини қилиб, танқидий ёзадиган хусусий ОАВ тақиққа учраса, бунинг оқибати яхши бўлмайди.
* * *
Агар инсонда эркин гапириш ҳуқуқи бўлмаса, қолган ҳуқуқлар ҳам амалга ошмайди. Мамлакатда сўз эркинлигида ортга қайтилса, қолган ҳуқуқлар ҳақида ўйламаса ҳам бўлади
* * *
Нега бизда автомобиль нархи, ҳаво йўллари ёки темир йўлларда хизмат кўрсатиш нархи қиммат деймиз? Чунки монопол ташкилот пулни ўз чўнтагидан ишлатмайди. У халқаро бозорда ҳам нархлар учун талашмайди. Қайтанга пул ишлаш учун маҳсулот нархини қиммат кўрсатади. Чунки ўша пулнинг бир қисмини у ўзига қайтариб олади.
* * *
Демократия ва инсон ҳуқуқлари — бирбутун универсал тизимдир: унинг унсурларини олдинма-кейин жорий этиб бўлмайди; бу чала ҳомиладорликдек гап. Масалан, сўз эркинлигини муайян мавзуларга татбиқ қилиб, бошқасини тилга олдирмаслик ўша дахлсиз соҳанинг барбод бўлишига олиб келади.
* * *
Демократия — Ғарб тафаккури маҳсули, деган фикр худди Мағриб ва Машриқни айро тасаввур этиш каби нисбийдир. XX асрда аксар демократик давлатлар Ғарб деб аталмиш ҳудудларда бўлгани боис шундай қараш ёйилди. Демократия сўзи ҳам, ўзи ҳам қадимги юнонлардан келади. Ҳокимият тақсимланиши тамойили эса Ғаззолийнинг «Кимёи саодат»и ва «Иҳёу улумиддин»идаёқ маълум маънода акс этган. «Демократия — Ғарбники» деган фикр эскирди. Жаҳоннинг кучли демократик давлатлари бугун Шарқда.
* * *
Назаримда, «демократияга тайёр эмасмиз» деган даъво халқ моли ва меҳнатини бебилиска истифода этишни кўзлаганларнинг баҳонасидир. Ҳаётий мисол келтирсам: машина ҳайдашни ўрганиш учун уловга ўтириш, чамбаракни тутиб, йўл юриб кўриш керак бўлади. Халқ ҳам демократияга ўрганиши учун ўша муҳитда яшай бошламоғи даркор. Дейлик, ҳокимларни сайлаш йўлга қўйилса, даставвал айрим номзодларни танлашда хатолар бўлар, лекин халқ албатта буни ҳам ўрганади.
* * *
Одамзод эркинликсиз саодатманд ҳаёт кечириши мумкин эмас. Бу — ҳайвоний, нафсоний саодатдир, асло инсоний эмас!
* * *
Сўз эркинлиги — золим тузумнинг душманидир, у адолатсиз тартиботни қулатади. Сўз эркинлиги — одил давлатнинг дўстидир. Адолатли тузумлар сўз эркинлигидан қўрқмайди, рост сўзлаганларни қатағон қилмоққа зарурат ҳам бўлмайди.
* * *
Инсон рост сўзни айтмоғи керак. Биз мияси ва забони бор хилқат, тили ва маданияти бор миллат вакили сифатида миллион йиллардан бери мавжуд бўлган ва яна эҳтимол миллион йиллар давом этадиган бу дунё ҳаётида олдингилар кўрмаган, кейингилар ҳам кўрмайдиган бир даврнинг шоҳиди эканимизни теран мушоҳада этмоғимиз даркор. Нодираи давроннинг «Мақсад на эди жаҳона келдинг? / Кайфиятини баён этиб кет» деган даъватини эсланг.
* * *
Мени депутатликка ўзим ўқиган мактаб жамоаси фуқароларининг ташаббускор гуруҳлари томонидан депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқи асосида номзод қилиб кўрсатишган. Ўйлашимча, бу ҳуқуқнинг кейинчалик қонунлардан олиб ташлангани хато бўлган...
Яқинда ҳам менга депутатлик учун таклифлар бўлди. Лекин ҳозирги депутатларга талаб жуда катта. Одамларнинг бирор муаммоси чиқса, депутат ҳам ўша ерга чопиши керак. Мен бу ёшда ҳар бир уйга чопиб юролмайман. Ижодкор, шоир ва ёзувчи учун депутатлик умрнинг муайян қисмини олади. Умр қанчалигини эса билмаймиз. Шунинг учун менга ҳозир сиёсат керак эмас.
* * *
Одам ҳаёти давомида доим режалар қилади. Эртага уни қиламан, буни тузатаман, индинга буни тузатаман, фақат фалон нарса менга халақит қиляпти, дейди. Фалончи оёғимда чалмаганда бундай бўларди, дея афсусланади. Лекин аслида инсоннинг умри ўша тўсиқлардан иборат-ку. Яъни биз айланиб ўтиб кетамиз деган тўсиқлар, курашларимиз асл ҳаётимизни ташкил қилади.
* * *
Аёлим сиз жуда гўзал ёзасиз, Ислом Каримовни ҳам вақтида мақтаб ёзганингизда ҳозир вазир ёки вазир ўринбосари бўлиб юрардингиз, деган гапни кўп айтган. Тўғри, мақтай олардим, жуда гўзал мақтай олардим, лекин Худодан қўрқаман. Шаънимни асрашим керак. Мансабни давлат беради, керак пайти олади. Лекин мартабани халқ беради. Сизнинг шаън ва обрўйингиз одамлар қалбидаги образингиздир.
* * *
Халқ иродаси акс этмоғи учун парламент таркиби электорат, яъни сайловчиларнинг истакларига уйғун келиши керак. Бу асосан партиялар воситасида амалга оширилади. Халқ орасида бизнесменлар кўп бўлса, қонунчилик идорасида тадбиркорлар етакчилик қилади; деҳқонлар кўп бўлса, қишлоқ хўжалиги вакиллари устун келади; миллиятчилик кайфияти кучли бўлса, миллий ҳаракат тамсилчилари асосий ўрин эгаллайди. Сайлов қанча эркин бўлса, парламентда халқ иродаси шу қадар аниқ акс этади. Ўз истаклари парламентнинг юксак минбарида акс садо бераётгани, унинг манфаатларига мос қонун-қарорлар қабул қилинаётганига ишонч ҳосил қилган халқ норозилик намойишига чиқмайди. Демак, рисоладаги парламент тинчлик ва барқарорликка ҳам замин ҳозирлайди. Акс ҳолда, дарди ичида қолган оломон таҳликалидир.
* * *
Сайловни бир кун ёки уч ой (номзод илгари суришдан овоз беришгача) деб ўйлаш хатодир. Аслида, овоз бериш ўтгач, беш йилдан сўнг бўладиган кейинги сайлов мавсуми бошланади. Демак, электорат ишонч билдирган вакилларининг сўзию амалини баҳолаб бориши, кўриб-кузатиб янги номзодларни танлаши керак. Муносиб номзод лоп этиб сайлов кунида чиқмайди, у йиллар бўйи тарбияланади.
* * *
Депутатлар халқ ичидан етишиб чиқиши керак. Ҳозиргиларнинг таржимаи ҳолига қарасангиз, аксари ижроия ҳокимияти ёки бошқа давлат идорасидан келганини кўрасиз. Демак, ваколат муддати тугаса, яна амалдор бўлиш эҳтимоли катта. Шунинг учун улар халққа эмас, мансабдорларга ёқадиган қарорлар қабул қилиш, йиқиладиган ерига сомон тўшаб қўйишни маъқул кўради.
* * *
Коррупция катта-кичик давлат амалдори иштирок этган жиноят экани, айнан шуниси билан киссавурлик ёки фирибгарликдан фарқ қилишини ҳисобга олсак, фақат мансабдорлардан иборат комиссия билан унга қарши самарали курашиб бўлмайди. Такрор бўлса-да айтаман, коррупцияга барҳам бериш учун мансабдорларга пул ажратиш — пиёнисталарга ичкиликбозликни тугатиш учун арақ ажратиш билан баробардир. Чунки давлат маблағи коррупцион схемалар орқали талон-торож этиб юборилмаслигига кафолат йўқ. Коррупцияни жамият ва жамоат назоратисиз, одил судлов ва ҳуқуқ-тартибот тизимисиз, эркин оммавий ахборот воситалари ҳамда жасур ва ҳалол фуқаролик жамияти вакиллари иштирокисиз енгиш амримаҳол.
* * *
Охирги йигирма йилда 5 минг 500 кутубхонанинг йўқ бўлиб кетгани — катта фожиадир. Биз хорижни танқид қиламиз, аммо у ерларда минглаб кутубхоналар ишлаётир, автобус бекатларию хиёбонларда ҳам мўъжаз кутубхоналар, кўчма китоб дўконлари ташкил қилинган. Ажнабий миллатлар келажак китобга боғлиқ эканини теран англаганда биз нега бефарқмиз?
Бизда ҳам кутубхоналар тикланиши, вақт синовидан ўтган илмий, бадиий китоблар, газета-журналлар ҳар бир мактаб кутубхонасига етказилиши лозим. Қолаверса, бой электрон база шакллантирилиши керак. Токи ёшлар жаҳонда чоп этилаётган янги адабиётларни планшет ва смартфонида ўқиб борсин. Бунга маблағ топиш имкони борми? Бор, албатта. Дейлик, ҳалигача ясама кўтаринкиликдан қутулолмаётган давлат телеканаллари ҳамда дабдабали тадбирларга ажратилаётган маблағнинг бир қисмини китоб соҳасига йўналтириш мумкин.
* * *
Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, деган мақол бор халқимизда. Касбимизда ҳақиқатни ёзиш керак... Ҳеч бўлмаса ёлғон гапирмаслик керак. Лекин журналистга маълум маънода ёзадиган майдон қолиши керак. Ҳақорат ва туҳмат жиноятларини жиноят ишларидан олиб Фуқаролик кодексига ўтказиш керак. Ҳақорат ва туҳмат учун газета жаримага тортилсин, журналист ҳам жарима тўласин. Лекин қамалмасин. Агар у қамалса, бошқа журналист ёзмай қўяди. У қамалди-ку, тўхта, мен жим юрай деган фикрга келади.
* * *
Абдулла Қаҳҳордан бир вақтлар бир катта амалдор ёзувчи «Мени ҳам ёзинг бир мақтаб», деб сўраганида, Абдулла Қаҳҳор унга «Сиз ёзувчисиз, хўрозқанд эмассиз... Асарларингизни ўзи ҳимоя қилади», деган экан. Бўлаётган ишларни ёлғондан мақтасак ҳеч ким ишонмайди. Ҳақиқатдан бўлаётганни ёзиш керак. Адабиёт, кино, театр одамларни балки тарбиялар. Лекин матбуот тарбиялайди, деб айтмаслик керак. Матбуот тезкор хабар етказиши керак.
* * *
Гарчанд бугун дунё яхши яшаш илинжида шошилиб яшаётгандек кўринса-да, унинг бироз тўхташга, ўйланишга, тафаккур қилишга эҳтиёжи бор. Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарса — фикратдир.
* * *
Мамлакатда коррупцияга, кўзбўямачиликларга, маъмурий-буйруқбозлик тизими ва иқтисодига, монополиялар ва бюрократияга қарши қаттиқ кураш бошланган ва бугунги вазиятдан фойдаланиб аста-секин бошини кўтараётган, сўз эркинлигини бўғиш, яна ҳаммаёқни гулзор этиб тасвирлашга уринаётган, ҳайбаракаллачилик соясида суиистеъмолчиликлар қилишга уринаётган эски тузумдан қолган иллатташирларга муроса қилиш мумкин эмас.
* * *
Танқид ҳеч кимга ёқмаслиги кундай равшан. Аммо журналистдан ҳамма кўпроқ танқидни кутади. Аслида танқид кимга кўпроқ керак: журналистгами, у чиқаётган нашргами ёки жамиятга? Танқид — агар тузум ҳуқуқ устувор бўлган, адолатли ва демократик бўлса, ҳамма учун фойдалидир.
* * *
Мен адабиётда ҳам, фанда ҳам, ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам бир нарсани қабул қилолмадим. Бизда бағрикенглик етишмайди, буюк маслаклар йўлида бирлашиш ноёбдир, аммо майда манфаатлар, маҳаллийчилик, тарафкашлик асносида бирлашиш, тўдалашиш, оломонлашиш анъанаси кучлидир. Бу нарса устоз-шогирдликка ҳам, афсуски, соя солади. Бирор кимсани устоз дея этагидан тутсанг, унинг рақиблари сени ҳам талайди, фалон домланинг шогирди, деб кун бермайди. Бу бир сабаб бўлса, ўзимнинг узлатга мойиллигим яна бир сабаб бўлиб, мен бирор-бир муайян тўдага қўшилмадим, бирор бир устознинг теврагида парвона бўлганим йўқ. …Шуларни кўриб, мен бирор тўдага кирмадим ва бир дўстимиз мен ҳақда мақоласини «ёлғиз бўри» деб номлаганда ҳақдир.
* * *
Ҳаётга ўн қайта келсам ҳам шу тахлит яшардим, «эл қатори», жимгина умргузаронлик қилолмайман.
* * *
Инсон ўзини мудом ҳали-вери ўлмайдигандай тутади. Бир донишманд аёл «Умримнинг тўртдан уч қисмини «Ҳали ҳаммаси олдинда! Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади» деб ўтказиб юборибман» деган эди надомат ила. Шоир Булат Окужава эса «Мана, кун ҳам ўтди... Ўтар умр ҳам. Тупроққа тушармиз баргихазондай...», деб ёзади. Айрим нарсаларни ҳозир мавриди эмас деб, айтмай юрамиз. Холиқи олам умр чироғимизни шамни шамол ўчиргандек ногоҳ сўндирса-чи?..
* * *
Бизга уялиб, қўрқиб ёхуд аяб айтилмаган гаплар барибир ортимиздан баралла сўзланади — аммо изоҳ-тушунтириш бермоқ имконимиз бўлмайди у маҳал. Шунинг учун рост сўзимизни бугун айтиб кетганимиз маъқулдир!..


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter