Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Кичик Найман»да суюлтирилган газ муаммоси ҳануз ечимини кутмоқда

«Кичик Найман»да суюлтирилган газ муаммоси ҳануз ечимини кутмоқда

Фото: Xabar.uz

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги «Кичик Найман» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир гуруҳ аҳоли номидан «Xabar.uz» таҳририятига мурожаат келиб тушди.

Унда жиддий ижтимоий муаммолар, хусусан, аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита дахлдор бўлган суюлтирилган газ таъминотидаги узилишлар бугунги кунда одамларни оғир аҳволга солиб қўйгани тилга олинган.

Мурожаатда таъкидланишича, маҳалла аҳолисига ҳар 45 кунда етказиб берилиши лозим бўлган суюлтирилган газ балонлари 106 кун деганда, яъни 3 ойдан зиёд вақт ўтиб етиб келган. Тартиб бўйича газ балонлари ўз вақтида тўлдирилмагани сабабли, хонадонлардаги иккита балон ҳам бутунлай бўшаб қолган. Бироқ «Пастдарғомтумангаз» ходимлари келган вақтда аҳолининг фақатгина биттадан газ балонини алмаштириб берган, холос. Навбатдаги таъминот яна 100 кундан кейин келиши инобатга олинса, битта газ балони хонадон эҳтиёжларига мутлақо етмаслиги тайин.

Бундай узоқ муддатли узилишлар, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёш болали оилалар учун ҳақиқий синовга айланмоқда. Табиий газ йўқлиги сабабли, аҳоли қиш мавсуми учун ғамлаб қўйган ўтинларини ёз кунларидаёқ ўчоққа ёқишга мажбур бўляпти. Кексаларга иссиқ чой, ёш чақалоқларга кунига бир неча бор сутли бўтқа (каша) тайёрлаш керак бўлган оилалар айни дамда жуда қийналмоқда, дейилади.

Бундан ташқари, истеъмолчилар «Пастдарғомтумангаз» ходимларининг хатти-ҳаракатларидан ҳам норози бўлишмоқда. Маълум қилинишича, ходимлар бир дона суюлтирилган газ балони учун белгиланган 40 минг сўм ўрнига аҳолидан ноқонуний равишда 45 минг сўмдан пул йиғиб олишмоқда. Камига, тарқатилаётган газ балонларининг аксарияти эски ва меъёридан кам тўлдирилган бўлиб, уларни тортиб кўриш учун махсус юк машиналарида бўлиши шарт бўлган ўлчов тарозилари умуман ишламайди.

Эслатиб ўтамиз, худди шу маҳалла аҳолиси 2026 йилнинг 18 февралида ҳам газ балонлари ўз вақтида етказилмаётганидан норози бўлиб таҳририятимизга мурожаат йўллаганди. Қишдан чиқдик, баҳор ўтди, ёз бошланиб кетди — муаммо ўша-ўша.

Аҳолининг жиддий эътирози ва ҳақли норозилигига сабаб бўлаётган ушбу оғир вазият юзасидан мутасадди ташкилотлардан, хусусан, вилоят ва туман газ таъминоти корхоналари ҳамда назорат органларидан тезкор амалий чоралар ва расмий изоҳ кутиб қоламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг