Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Комила Боймуродова: «Мен ишлашдан уяладиган,  лекин тиланишдан ор қилмайдиганлардан безорман!»

Баъзан инсоннинг ютуқларини кўриб унинг бу даражага етишида ким ёки нима сабаб бўлган деб ўйлаб қоласан. Бугунги суҳбатдошим билан гаплашиш асносида бир ҳақиқатни англадим: инсонни яхши томонга ўзгартирадиган, унинг иродасини тоблайдиган энг катта куч – бу муҳит экан.

Сайхунобод туманининг Ахчоб қишлоғи – бу ернинг одамлари меҳнаткашлиги билан ажралиб туради. Суҳбатдошим Комила опа Боймуродова ўз болалигини хотирларкан, қишлоқнинг ўша меҳнатга тўла ҳаётини шундай тасвирлайди:

«80-90-йилларни эсласам, кўз олдимга заҳматкаш инсонлар келади. Ҳамма нимадир билан банд: кимдир гилам тўқийди, кимдир олача, яна кимдир кашта тикади. Менинг устозим мана шу муҳит бўлди. Катта аммам машҳур Самарқанд гиламларини тўқирдилар, онам эса ҳам чевар, ҳам моҳир ошпаз эдилар. Ҳалигача одамлар онамнинг нонларини қўмсаб эслашади».

«Онам ва аммам»

Суҳбатдошимнинг айтишича, ҳунарга бўлган муҳаббат унга оилавий мерос. Аммаси ва онасининг тунлари қўй юнгидан ип йигириб, «кечаси билан мана шу гиламни битирайлик» дея тиниб-тинчимай қилган меҳнатлари катта мактаб бўлган. Бугун унинг хонадонида аммасидан қолган, тоза жундан тўқилган гилам нафақат фойдали, балки илиқ хотиралари билан ҳам қадрли.

«Тўғриси, мен ўзим билан фахрланаман. Чунки инсоннинг бандлиги уни кўп қийинчиликлардан қутқаради. Ўн ёшларимда тинмай кийимчалар тўқиганимдан онам ҳатто хафа бўлиб: «Бориб ўртоқларинг билан ўйна, фақат тўқиш, тикишга ёпишавермасдан!» деганини эслайман. Тўрт ўғилнинг ичида бир қиз бўлсам-да, меҳнатдан қочмадим. Мактаб давримдаёқ тўқиганларимни сотардим. Ҳеч кимда пул бўлмаган вақтларда ҳам менинг ёнимда доим маблағим бўларди. Қизиқ жиҳати, ўша вақтларда атрофдагилар «Ҳамма нарсаси бадастир бўлса, яна унинг устига биргина қиз, нега бунча тинмайди?» деб ҳайрон бўлишган.

Одам фақат ўз кучига, меҳнатига ишониши керак. Ота-она ёки яқинларнинг кўмагига суяниб қолиш энг катта хато. Интилувчанлигим орқали олий маълумотли бўлдим, ҳунарим туфайли кўргазмаларда қатнашдим ва ўз фаровонлигимни яратдим. Ота-онам келажагимдан хавотирланиб, «Эртага бу қизимиз қандай яшайди?» деб соддаларча ўйлашган экан. Аммо вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўйди. Бу ерда онамнинг роли жуда катта, келажагимни ўйлаб ҳунарга қизиқтиргани учун бир умр миннатдорман».

«Имконсизликни эмас, меҳнатни танладим»

Комила опа билан аввал ҳам суҳбатлашганман, ичидаги ғайрат ва ҳаётга бўлган муҳаббат мени доим ҳайратга солади. У нафақат ҳунарманд, балки ўзига бўлган ишончи юксак, мағрур аёл – ҳаёт фалсафаси оддий: «Ҳеч кимдан кам эмасман». Аммо бу даражага етиш осон бўлмаганини, ота-онасининг хавотирлари ортида қанчалик заҳматли меҳнат ётганини у шундай эслайди: «Ота-онам бу кунларимни кўрсайди, уларнинг мен учун хавотирланганларини эсласам, юрагим увишади. Қийин пайтларда кўрпа-жилдлар, чойшаблар тикдим, гуллар ўстириб сотдим. Балки кимгадир эриш туюлар, лекин завқ билан ишладим. Ҳамиша олий даражада, чиройли яшашга интилиш бўлган ва бунга ҳақлиман деб биламан».

Жамиятда ногиронлиги бор шахсларга имконияти чекланган одамлардек қараш ёки улардан юксак натижа кутмаслик каби нотўғри қарашлар учраб туради. Комила опа мана шу стереотипларга қарши ўзининг яшаш тарзи билан жавоб бермоқда.

«Мен одамларнинг раҳми келишини ёмон кўраман. Бечора, имкони чекланган, ёлғиз она, деган гаплар ҳақоратдек туюлади. Раҳм қилишларини эмас, ҳурмат қилишларини истайман! Бошқалардан ажралиб қолишни, четга суриб қўйилишни ҳеч қачон истамаганман. Боқимандалик бу қалбнинг мажруҳлиги. Агар инсонда хоҳиш бўлса, бир қўл билан ҳам дунёни ўзгартириш мумкин. Имконияти чекланган деган тамғани ўзимдан юлиб олдим, ростдан ҳам имконим чекланмаганини амалда исботладим: биз агар чин дилдан истасак соғлом одамлардек бошимиз баланд, мағрур яшай оламиз! Ҳаёт – катта имконият, «ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил», дейдилар. Биз одамлар бир-биримизни қадрлаб, яхши томонларимизни ўрганиб яшашимиз керак. Менинг яна бир хоббим – яхши инсонлар билан танишиш ва улардан ўрганиш».

Чорасизлик ичидаги чора...

Ҳаёт ҳамиша ҳам текис йўлдан иборат эмас. Баъзан тақдир инсонни шундай синовларга рўпара қиладики, ё синиб қолишинг ёки янада кучлироқ бўлиб қад кўтаришинг керак бўлади. Комила опанинг ҳаётидаги энг катта бурилиш нуқтаси унинг талабалик йилларига тўғри келган. Отаси тарих фани ўқитувчиси, кўп йиллар касаба уюшмасида ишлаган зиёли инсон ноҳақликка учраган, оила иқтисодий жиҳатдан қийналган йиллар...

«21 ёшимда онам тўсатдан оламдан ўтдилар. Ўшанда худди саҳрода ёлғиз қолгандек бўлдим. Энг алам қилгани – онам касал бўлиб ётганларида моддий ёрдам беролмадик. Чунки ҳаммамиз ўқирдик, отам ҳам хаста эдилар. Ўшанда англаганман: «Қўлдан берганга қуш тўймайди». Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини ўзи уддалаши, нимадир тадбир қилиши, ҳунари бўлиши шарт экан. Чорасиз қолганингда, чорасизликнинг ўзи сенга чора бўларкан».

Ўша йиллари Комила опа талабалик стипендиясига учта товуқ сотиб олиб, келинойиси билан жўжа очириб, тухум сотади. Бу кимгадир эриш туюлиши мумкин, лекин бу ҳақиқий ҳаёт мактаби эди. У «мен қийналганман» деб тушкунликка тушишни эмас, меҳнат билан вазиятдан чиқишни танлади.

Дарвоқе, атрофга қаранг. Ҳамма нарсаси етарли, соппа-соғлом, лекин ҳаётдан доим норози кимсалар қанча? Ишлашга уяладиган, лекин бировдан сўрашга уялмайдиган инсонлар-чи? Комила опанинг ҳаёти мана шундай ношукурликка берилган энг қаттиқ зарбадир. У бир қўли билан нафақат тўқиш тўқийди, балки тувакларда гуллар етиштиради, журналист сифатида қалам тебратади. Яна атрофида таниш-билишларига ҳунарини ўргатишдан асло оғринмайди. Унинг луғатида «қийналдим», «қўлимдан келмайди» деган сўзлар йўқ.

«Ўғлим – фахрим»

Комила опанинг яна бир катта ютуғи ва бахти – ўғли Ҳикматилло. У ўғли ҳақида гапирганда кўзларида чексиз умид ва фахр порлайди.

«Ўғлим Ҳикматилло – менинг бахтим. У шиддатли замон, бошқа давр одами, янгича фикрлайди. Компьютер технологиялари, сунъий интеллект соҳасига қизиқади. Унинг юртимиз корига ярайдиган инсон бўлишини истайман. Менинг меҳнатларим самараси илло мана шу фарзандимнинг камоли ва яқинларимнинг омонлигидир».

Юксак эътироф…

Комила Боймуродова «Ишонч» газетасида кўп йиллардан буён меҳнат қилиб келмоқда. Ишхонадаги қизғин муҳит, эзгу мақсадлар йўлида бирлашган жамоа унинг иккинчи оиласига айланган.

«Шукр, севимли жамоам бор. Ишимиз қизғин, катта эзгу ишларни амалга оширяпмиз. Бўш вақтларимда эса экологияга фойда келтириш учун гуллар, экинлар билан шуғулланаман, – дейди суҳбатдошим. – Одам камҳаракат бўлмаслиги керак. Атрофда касаллик кўп, ҳаммаси ҳаракатсизликдан. Дангасалардан безорман: ҳамма шароит бор, лекин ҳаракат қилиш ўрнига бировдан сўрашга уялмайди, ишлашга эса уялади. Энг қизиғи маблағи бўлишини истайди, ишламаган ва меҳнат қилмаган одамнинг пули қаердан бўлсин. Бу нотўғри фикрлашдан қутилиш керак».

Комила Боймуродованинг меҳнатлари давлатимиз ва жамоатчилик томонидан ҳам муносиб эътироф этилган: Мустақилликнинг 15 йиллиги кўкрак нишони, «Мўътабар аёл» кўкрак нишони, Касаба уюшмаларининг «Эҳтиром» нишони, «Атиргул» ва «Йилнинг Энг фаол журналисти» танловлари ғолиблиги...

«Шундай кунларга эришишимга устозларимнинг, «Ишонч» газетаси раҳбариятининг ҳам ёрдами беқиёс. Президентимизга, Касаба уюшмалари федерациясига чексиз миннатдорлик билдираман. Отам раҳматли айтардилар: «Борлик нелар едирмас, йўқлик нелар дедирмас». Бугун шукр қилиш учун сабабларим жуда кўп».

Олтин дамларга айланган қийинчиликлар

Инсон тақдиридаги энг оғир дамлар вақт ўтиб унинг энг катта бойлигига айланиши мумкин. Комила опа қийинчиликлардан нолиганида, отасининг айтган бир гапи бугун унинг ҳаётида ўз исботини топди: «Қизим, қийинчилик кўрдим дема, ҳали бу кўрганларинг сенга олтин бўлиб қайтади». Ҳақиқатан ҳам, ўша машаққатлар бугунги муваффақиятларнинг олтин пойдевори бўлди.

Комила Боймуродованинг иродаси мактаб даври – пахта далаларидаёқ тобланган десак муболаға эмас. Мактаб директори онасига «қизингиз чиқмай қўя қолсин» деганида, «Нега чиқмас эканман?!» деб синфдошларидан қолмай далага ошиққан, юк машиналарида пахтага бориб, укаларига ёрдам берган ўша   қиз  ҳали ҳамон яқинларига қўлидан келганча яхшилик соғинади.

«Менинг Боймурод бобом катта чорвадор, эл суйган саховатли инсон бўлганлар. У кишининг бир гапи қулоғимда муҳрланиб қолган: «Ишлаганда қулдек ишла, юрганда бекдек юр!» Мен бобом билан фахрланаман. У киши ҳатто ўзига душманлик қилганларга ҳам яхшилик соғинган мард инсон эдилар. Мен ҳам мана шу тамойил билан яшайман: чин дилдан қилинган меҳнат ҳеч қачон миннат қилинмаслиги керак, шундагина унинг мукофоти зиёдаси қайтиб келади».

Бугунги шиддатли ахборот замонидаги чарчоқлар инсондан руҳий тетикликни талаб қилади. Комила опанинг фикрича, бунинг давоси – яхши инсонлар билан мулоқот ва табиат билан уйғунликдир.

«Одам тафтини одам олади. Мен ҳаётни нега яхши кўраман? Чунки ҳар бир лаҳза – Аллоҳ берган мислсиз имконият. Мен борманми, демак, ҳаракат қилишим, бировга муҳтож бўлмай ютуқларга эришишим керак. Инсон доим ўз кучига суяниши ва ишониши керак. Негаки  яқинларингнинг ўз ҳаёти, ўз ташвиши бор. Одам бировга яхшилик қилса қилсину лекин умидвор бўлмасин. Инсон ўзига ўзи катта ёрдам бериши бу – бошқалардан умидвор бўлмаслик, ҳеч нарса кутмаслик. Вақтни исроф қилмай тежамкорлик билан чиройли яшаш мумкин. Бошимдан кўп қийинчлик ўтган, деб тушкунликка тушиш керак эмас. Бош мотиваторим бу – ўсмирликдаги оиламиз бошига тушган қийинчиликлардир. Ҳозирда энг катта овунчоғим ва қувват манбаим – она замин ва гуллар. Ҳовлимда ишлаш ҳам менга иштиёқ беради. Гўзаллик ҳақиқатдан ҳам дунёни қутқаради. Гулларим гўзал бўлиб очилса, экинларим яшнаса, улардан олам-олам завқ оламан».

Омад сири яхши кайфиятда…

Суҳбат давомида англаганим шу бўлдики, муваффақият фақат тинимсиз меҳнатда эмас, балки инсонларга бўлган хушмуомалалик ва ички хотиржамликда ҳамдир. 

Комила опанинг ўғли Ҳикматиллога бўлган чексиз меҳри ва ишончи, юртига бўлган муҳаббати, ҳар бир кунини қадрлаши унинг ҳақиқий бахт формуласидир. Қаҳрамонимизнинг ҳаёти бизга шуни ўргатади: қандай вазиятда бўлманг, ичингиздаги ғайратни сўндирманг, зеро эзгулик билан суғорилган меҳнат албатта мева беради.

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг