Корея Ўзбекистонда таълим экотизимини ривожлантириш учун 14 млн доллар грант ажратди
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан умумий қиймати 14 миллион АҚШ долларига тенг «Ўзбекистонда АТ таълим экотизимини такомиллаштириш орқали ёшларнинг бандлик ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш» лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, лойиҳа доирасида ёшлар сунъий интеллект, промпт муҳандислиги, дастурлаш, нарсалар интернети ва онлайн маркетинг каби замонавий йўналишларда 4 йил давомида тизимли ўқитилади.
Шунингдек, 500 нафар АТ мутахассислари ва ўқитувчиларнинг малакаси оширилади. Кореялик етакчи экспертлар иштирокида стартап инкубация дастурлари йўлга қўйилиб, ёшларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш имконияти кенгайтирилади.
Мазкур лойиҳа 2026–2032 йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилади. Унга кўра, Нукус ва Қарши шаҳарларида 2 та замонавий АТ-ҳаб ташкил этилади. Бундан ташқари, 7 та туманда жами 14 та АТ марказ қурилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланади.
Шунингдек, инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратилиши ва стартап муҳитини ривожлантириш мақсад қилинган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter