Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Таҳлил: Тошкентда уй-жойга инвестиция қилишда даромадлар ортди

Таҳлил: Тошкентда уй-жойга инвестиция қилишда даромадлар ортди

Фото: Xabar.uz

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилиги таҳлил қилинди.

2026 йил март ойида Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги 14,6% гача етди. (2025 йил мартда 6,2%). Бунда, ижарадан келадиган ўртача даромад 8,7% дан 8,0% гача камайган бўлса, уй-жойларнинг ўртача нархи 6,6% га қимматлашди.

Лекин, уй-жойга инвестициялар даромадлилиги кўчмас мулкнинг жойлашган ҳудуди ва хоналар сонига қараб бир-биридан сезиларли даражада фарқланади:

- 1 хонали: Миробод – 50,0% (2025 йил март – 1,0%), Бектемир – 19,3% (22,8%);

- 2 хонали: Юнусобод – 24,8% (0,5%), Яккасарой – 13,0% (16,5%);

- 3 хонали: Миробод – 12,9% (9,5%), Чилонзор – 3,8% (8,7%);

- 4 хонали: Яккасарой – 18,5% (12,2%), Бектемир –14,1% (4,3%).

Сўнгги 1 йилда Тошкент шаҳри туманлари кесимида уй-жой даромадлилигининг ўртачадан оғиши (standard deviation) 2,8% дан 5,5% гача етган. Ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳри туманларида уй-жой нархлари кескин фарқланиб бораётганлигидан далолат беради. Хусусан, 2026 йил март ойида Тошкент шаҳри туманларида уй-жой нархларининг ўртачадан оғиши 2025 йилдаги 2,8%дан 5,4%гача етган. Шунингдек, ижара нархларида бу фарқ сезиларли ошмаган (0,4%дан 0,6%га).  

Уй-жойлар нархи ўзгаришидан олинадиган даромад

2025 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида уй-жой харид қилиб, жорий йил март ойида ушбу уйни сотишига тўғри келган инвесторлар бир йил ичида уй-жойлар бозор қийматининг ошиши туфайли уйнинг харид нархидан ўртача 6,6% даромад қилган. Хусусан, ушбу кўрсаткич Чилонзор туманида 1,9%ни, Бектемир туманида 0,8%ни, Яшнобод туманида 3,1%ни ташкил қилган бўлса, Тошкент шаҳрининг нисбатан қиммат уй-жойлари жойлашган Миробод туманида 16,6%гача, Яккасарой туманида 12,4%гача етди.

Уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган даромад 

Жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар ижарасидан олинадиган ўртача даромад 2025 йилнинг мос давридагига нисбатан 0,7%га пасайиб, 8,0%ни ташкил қилди. Мазкур даврда, ушбу кўрсаткич бўйича энг юқори ўртача даромадлилик Шайхонтоҳурда 9,1% (2025-йил март ойида 9,3%) ва Яшнободда 8,4% (8,8 %) қайд этилди.

Даромадлилик даражаси бўйича инвестицион жозибадорлиги юқорироқ бўлган 1 ва 2 хонали хонадонлар учун даромадлилик даражаси мос равишда 29,8% (2025-йил март ойида 9,3%) ва 17,4%ни (4,8%) ташкил қилган бўлса, 3 ва 4 хонали хонадонларда нисбатан пастлигича сақланиб қолди. Хусусан, 3 хонали хонадонларнинг ўртача даромадлилиги 8,7%ни (6,2%) 4 хонали хонадонларники 2,4%ни (4,4%) ташкил қилди. 

Банк депозитларининг даромадлилик даражаси

2025 йил мартидан 2026 йилнинг феврал ойигача бўлган даврда жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 4,9% атрофида тебраниб турган бўлса, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка 21,2 %ни ташкил этган. Ушбу рақамлар, бир томондан, уй-жойнинг инвестициявий даромадлилиги жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитларидан олинадиган ўртача даромадлилигидан юқори бўлса-да, миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкалари жозибадорлиги юқорилигича сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг