Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Логистика, технология ва глобал амбиция: Фарғонадан АҚШ логистика саноатигача бўлган Сардоржон Уринов ҳикояси

Логистика, технология ва глобал амбиция: Фарғонадан АҚШ логистика саноатигача бўлган Сардоржон Уринов ҳикояси

Баъзи одамларнинг ҳикояси бир қарашда оддий кўринади: вилоятда туғилади, яхши ўқийди, изланади, кейин чет элга чиқади. Аммо айрим ҳаёт йўллари бор — уларни диққат билан ўқисангиз, битта йўналиш эмас, балки бир-бирига уланиб кетган кўплаб тажрибалар, синовлар ва қарорлар занжирини кўрасиз. Сардоржон Уриновнинг ҳикояси ҳам шундай.

Унда болаликдан шаклланган тадбиркорлик руҳи бор, аудиторияда ўқитувчилик қилган йиллар бор, давлат тизимида иқтисодчи бўлиб ишлаган давр бор, қишлоқ хўжалиги логистикаси ичида тобланган амалий тажриба бор, Америкадаги ўқиш ва изланиш бор, ниҳоят, бугун транспорт технологиялари билан боғлиқ катта мақсад ҳам бор.

У Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилиб ўсган. Унинг болалиги китоблардаги романтик тасвирлардан кўра ҳаётга яқинроқ муҳитда ўтган: оилада тадбиркорлик бор эди, қариндош-уруғлар бизнес билан шуғулланишарди, оила эса кичик ресторан юритарди. Сардоржоннинг ўсмирлик йиллари айнан шу жой билан чамбарчас боғлиқ бўлган. У отасига ёрдам берарди, мижозлар билан гаплашарди, хизматнинг сифати нимани англатишини эрта тушуниб улғаярди. Тенгқурлари мактабдан кейин ўйин ёки бекорчилик ортидан юрса, у кўпинча тезроқ уйга қайтиб, ошхонадаги ишга қўл уришни хоҳларди. Шу жиҳат унинг характерини жуда эрта пишитган: у вақтни бекорга сарфлашни ёқтирмайдиган, катта ёшдагилар билан бемалол гаплаша оладиган, масъулиятни ёшига қараб эмас, вазиятга қараб оладиган болага айланган.

Кейинчалик унинг ўзига хослиги мактабда ҳам билинади. Сардоржон фақат яхши ўқувчи бўлиб қолмаган, у мактаб муҳитида фаол бўлишни ёқтирган. Синф сардори бўлган, тадбирларда бошловчилик қилган, синфдошларини ҳаракатга ундаган, ҳатто Қизил Ярим ой жамияти тадбирларига ҳам синфини жалб этган. Бу оддий “фаол бола” ҳикояси эмас эди. У ўша пайтданоқ бошқарувни, масъулиятни ва одамларни ортидан эргаштира олишни ёқтирган. Айниқса иқтисодиётга қизиқиши эрта уйғонган: бозор қандай ишлайди, нархлар нимага ўзгаради, савдо-сотиқнинг ички механизми нима — булар уни мактаб ёшидан қизиқтирган саволлар эди.

Шунинг учун ҳам у ўз йўлини тасодифан танламаган. 9-синфдан кейин иқтисодиёт ва молия йўналишидаги коллежга киради. У ерда бу қизиқиш янада мустаҳкамланади. Сўнг Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида бизнес ва иқтисодиёт йўналишида ўқийди, кейин Бангор университети дастури орқали халқаро диплом олади. Унинг таълим йўли қоғоздаги дипломлар йиғиндиси эмас, балки бир мақсадга қараб қурилган занжирга ўхшайди: бизнесни тушуниш, рақамлар билан ишлашни ўрганиш, бошқарувни ҳис қилиш ва келажакда ўз лойиҳасини қура олиш учун пойдевор тайёрлаш. Кейинчалик у АҚШда Wright State University’да ижтимоий ва амалий иқтисодиёт йўналишида магистратура ҳам тамомлаган.

Аммо Сардоржоннинг ҳикоясини қизиқарли қиладиган жиҳат шундаки, у фақат аудиторияда ўтириб билим олган йигит эмас. Талабалик йилларидаёқ у инглиз тилидан дарс бера бошлайди, IELTS бўйича ўқитувчи бўлиб ишлайди. Бу иш унга пул топиш ёки вақт ўтказиш учун керак бўлмаган. У буни онгли равишда танлаган, чунки ўқитувчилик сабрни, одамлар билан ишлашни, мураккаб нарсани содда тушунтиришни ўргатади. Кейинроқ у шу тажрибадан тадбиркорлик учун муҳим хулоса чиқарганини айтади: агар натижа чиқмаётган бўлса, ҳар доим ҳам муаммо одамда ёки бозорда бўлмайди, баъзан муаммо усулда, ёндашувда бўлади. Бу фикр оддий кўринса-да, аслида у кейинги профессионал қарорларига кучли таъсир қилган.

Унинг ҳаётида 2018 йил алоҳида эсланадиган давр бўлиб қолган. Айнан ўша йили у дунёдаги нуфузли талаба платформаларидан бири — Harvard Project for Asian and International Relations дастурида делегат сифатида қатнашиш имкониятини қўлга киритади. Профилида бу ютуқ “тўлиқ грант асосидаги делегат” сифатида қайд этилган. Сардоржоннинг ўзи таъкидлашича, бу оддий қатнашув эмас, балки жуда кучли танловдан ўтиб қўлга киритилган имконият бўлган. У Гарварддаги бундай муҳитга кириш, дунёнинг турли нуқталаридан келган фаол ёшлар билан бир саҳнада бўлиш орқали ўзини янада катта майдонга тайёрлаётганини ҳис қилган. Афсуски, конференция олдидан соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммо чиқиб, операция туфайли бу сафарда қатнаша олмай қолади. Лекин айнан шу воқеа унинг феълини яна бир бор кўрсатади: ютқазилган имкониятни фожиага айлантирмасдан, уни ўзини баҳолаш мезонига айлантирган. Яъни, мен бундай майдонга чиқишга лойиқ эканман, демак олдинда бундан каттароқ эшиклар ҳам очилиши мумкин, деган ички ишонч пайдо бўлган.

Америка билан унинг алоқаси фақат шу билан чекланмаган. У 2018 ва 2019 йилларда Work and Travel дастури орқали АҚШга борган, Мейн штатидаги Linekin Bay Resort’да ишлаган, иккинчи йилида эса ҳатто юқорироқ масъулиятли вазифага кўтарилган. Ташқаридан қараганда бу логистика ёки иқтисодиётга алоқасиздек туюлиши мумкин. Аслида эса бу ҳам унинг шаклланишидаги муҳим босқич эди: интизом, хизмат сифати, жамоавий иш, тезкор қарор, босим остида ишлаш — буларнинг барчаси кейинчалик катта тизимлар билан ишлаш учун керак бўлган кўникмалардир. Энг муҳими, АҚШ унга китобдаги тасаввур эмас, яшаб кўрилган тажриба бўлиб кўринади. У бу мамлакатдаги иш маданияти, ҳуқуқий муҳит, янгиликка очиқлик ва тизимлиликни ичидан кўрган. Бу эса унда Америкага фақат вақтинча бориб келинадиган жой сифатида эмас, балки жиддий билим ва катта лойиҳалар макони сифатида қарашни кучайтирган.

Ўзбекистонга қайтгач эса у назарий билимларни реал сектор билан боғлайди. Аввал Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Хорижий инвестициялар бўлимида иқтисодчи бўлиб ишлайди. Бу иш унга инвестор қандай ўйлашини, бозор қандай таҳлил қилинишини, рақамлар ортидаги ҳақиқий манзарани қандай кўриш кераклигини ўргатган. У хорижий инвестициялар, бозор таҳлили ва рискларни тушуниш бўйича амалий тажриба олганини таъкидлайди. Кейин эса Нурафшон Водий компаниясида логистика, омбор, савдо ва етказиб бериш жараёнларини бошқариш билан шуғулланади. У ерда кундалик операцияларни мувофиқлаштирган, етказиб бериш жадвалини тузган, омбор ишларини назорат қилган, ҳамкорлар билан шартномалар бўйича ишлаган ва мавсумий талабга мос таъминотни ташкил этган. Ана шу босқич унинг логистика ҳақидаги тасаввурини бутунлай ўзгартиради. Логистика фақат юкни А нуқтадан Б нуқтага олиб бориш эмаслигини, у режалаштириш, вақт, харажат, жамоа, хавф ва маълумотлар билан чамбарчас боғлиқ мураккаб механизм эканини шу ерда чуқур ҳис қилади.

Шундан кейин унинг йўли тобора аниқроқ йўналишга киради. АҚШга қайтгач, у логистика ва ташиш соҳасида бевосита ишлай бошлайди. У One Ummah Logistics компаниясида бизнес ва операцион таҳлилчи сифатида фаолият юритган. У ерда харажатларни таҳлил қилиш, кечикишлар ва самарасизлик манбаларини топиш, хавфсизлик ва мижозлар қониқиши кўрсаткичларини кузатиш билан шуғулланган. Бу тажриба унга бир нарсани аниқ кўрсатади: АҚШ юк ташиш бозорида энг катта фирмалар бозордаги юкларни фақатгина тахминан 10 фоиз қисмини ташийди. Кичик фирмалар бу тизимнинг асосий қисмини эгаллайди ва тахминан бозордаги 90 фоиз юкларни ушбу кичик компаниялар ташийди. Аммо технология, назорат ва хавфсизлик воситаларига келганда айнан улар энг кўп қийналади. Кичик фирмалардаги тизимнинг шаклланмаганлиги, тартибсизликлар, харажатларнинг кўплиги ва уларни назоратга олинмаганлиги, суғурта нархларининг улар учун баландлиги, ҳавфсизлик ва техника назорати йўқлиги ёки сустлиги, юқори техналогиялардан рақамли қарорларда фойдалана олмаслик, юк ташувчи воситалардаги техник носозликлар ва бир қанча бошқа сабаблар туфайли ушбу турдаги компаниялар бозорда қолишга қийналишади.

Сардоржоннинг бугунги асосий лойиҳаси — US Road ELD — айнан шу тизимдаги муаммоларни кузатувларидан келиб чиқиб туғилган. Профилида у бу платформани АҚШ юк ташиш компаниялари учун йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, қоидабузарликларни камайтириш ва операцион самарадорликни яхшилашга қаратилган тизим сифатида тасвирлайди. АҚШ транспорт вазирлиги юк ташиш бозоридаги фирмалар ва юк ташувчи ҳайдовчиларни доимий назорат қилиб боради. Ушбу вазирлик томонидан юк ташиш фирмалари учун махсус хавфсизлик портали яратилган ва у ерда ҳар бир фирма ўз рейтинги ва хавфсизлик баҳосига эга агарда қайсидур фирма ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузса, йўл транспорт ҳодисасини содир этса ёки йўлда юришга лаёқатли бўлмаган юк машинасида ҳаракатланса танспорт вазирлиги инспеcторлари томонидан фирма ва ҳайдовчи жаримага тортилишлари мумкин. Бу жарималар ва ҳавфли деб топилган ҳодисалар фирманинг хавфлилик даражасини ошириб уларни вазирликнинг хавфсизлик порталида баҳосини тушириши мумкин. Бу табиийки фирманинг суғурта харажатларини оширади чунки суғурта фирмалари ҳам вазирликнинг хавфсизлик порталини текшириб фирмаларнинг рейтингларини кузата олади ва паст баҳога эга фирмаларни суғурталаш улар учун ҳам қимматга тушади.
Яна бу вазирликнинг ваколатларидан бири юк ташувчи ҳайдовчиларнинг ишлаш вақтларини яни йўлда ҳаракатланиш соатларини назорат қилиш ва уларни дам олмасдан ҳаракатланишдан чеклаш ҳисобланади. Қоидаларга кўра ҳайдовчи 14 соатлик хизмат даври ичида 11 соатгача транспорт воситасини бошқариши мумкин. Ушбу даврдан сўнг камида 10 соат узлуксиз дам олиш талаб этилади. Бундан ташқари, 8 соатлик узлуксиз ҳайдашдан кейин камида 30 дақиқалик танаффус олиш мажбурий ҳисобланади. Бу қонунларни назоратини таминлаш мақсадида электрон ҳайдовчи иш вақти ҳисоблаш қурилмасидан фойдаланилади ва бу қурилмани ҳар бир юк ташувчи воситага уланади. Вазирлик томонидан бундай қурилмалар ва уларни ташкиллаб, назорат қилиб, хатосиз ишлашини таминлашда хусусий фирмаларга руҳсат берилган ва улардан талаб қилинган нарса ушбу қурилмалардаги малумотларни сақлаб вазирликка ҳар доим етказиб бериш.

Сардоржон ва унинг жамоаси яратган платформа нафақат юқорида такидланган вазифаларни бажаради, балки унга қўшимча тарзда жуда кўплаб инновацион қурилмаларни ўз ичига олади. Мазкур платформа ҳайдовчининг иш ва дам олиш вақтини назорат қилиш билан чекланиб қолмай, транспорт воситасининг техник ҳолатини комплекс мониторинг қилиш, ҳаракат йўналишини реал вақт режимида кузатиш ҳамда видеокузатув тизимлари орқали йўлдаги хавфли хатти-ҳаракатларни аниқлаш имкониятларини ягона интеграциялашган тизим доирасида таъминлайди. Сардоржоннинг таъкидлашича, юк ташиш бозоридаги камчилик шундаки, тизимдаги кўплаб муаммоларга йирик технологик ечимлар кичик компаниялар учун жуда қиммат ҳисобланади ёки жуда қаттиқ шартларга боғланган. Унинг мақсади эса айнан шу тоифадаги компанияларга ҳамёнбоп, тушунарли ва фойдали технологик восита бериш ва уларни иш фаолиятини тизимлаштириб тартибга солишга ёрдамлашишдир.

Бу ерда яна бир муҳим нуқта бор. Сардоржон фақат “мен ҳам стартап қилдим” дейдиган тадбиркорлардан эмас. У илмий ва тизимли тайёргарликдан ҳам ўтган. У University of Connecticut қошидаги тадбиркорлик ва инновация марказида тадқиқотчи ёрдамчи сифатида ишлаган, шунингдек, АҚШ Миллий фан фонди қўллаб-қувватлаган тадбиркорлик дастурида жамоаси билан грант ютган. Бу дастур доирасида маҳсулот бозорини илмий усул билан текшириш, гипотезаларни тест қилиш ва мижоз эҳтиёжини амалий суҳбатлар орқали аниқлаш устида ишлаган. Бу эса унинг бугунги қарашларида яққол сезилади: у технологияни шунчаки мода деб эмас, реал муаммони аниқ ўлчаб, кейин ечим қуриш воситаси деб кўради.

Сардоржон Уриновнинг ҳикояси бир жиҳатдан замонавий ўзбекистонлик мутахассиснинг янги қиёфасини эслатади. У вилоятдан чиққан, лекин тор ҳудудий тафаккурда қолиб кетмаган. Иқтисодиёт ўқиган, лекин фақат назария билан чекланмаган. Ўқитувчилик қилган, давлат идорасида ишлаган, қишлоқ хўжалиги логистикаси ичида юрган, Америкада оддий ишларни ҳам қилган, кейин яна ўқиган, яна таҳлил қилган, яна бозорга қайтган. Бу йўлнинг ҳар бир босқичи алоҳида қаралганда турлича кўриниши мумкин. Аммо бирлаштириб қаралса, уларнинг бари битта нуқтага келиб уланади: катта тизимларни тушуниш ва у ерда фойдали ечим яратиш истаги.

Бугун у логистика, маълумотлар таҳлили ва замонавий транспорт технологиялари кесишган нуқтада ишламоқда. Эртага унинг лойиҳаси қанчалик катта бўлишини вақт кўрсатади. Аммо ҳозирданоқ аён бўлиб турган нарса шуки, Сардоржон Уринов ўз йўлини тасодифлар билан эмас, босқичма-босқич йиғилган тажриба билан қураётган инсонлардан. Фарғонадаги оилавий ошхонада бошланган бу йўл энди АҚШнинг мураккаб логистика бозорига чиқиб борган бўлса, бунинг сабаби омад эмас. Бунинг ортида йиллар давомида тўпланган кузатув, меҳнат, ўқиш, синов ва ҳар сафар бироз каттароқ мақсадни танлаш одати турибди.

Адҳамжон Қодиров суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг