Мактаб ва ОТМларда контентни филтрлаш тизими жорий этилиши мумкин
АҚШга амалга оширилган хизмат сафари доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Канаданинг «Netsweeper» компанияси бош техник директори Лу Эрдели билан учрашув ўтказди. Унда интернет маконида хавфсизликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда зарарли онлайн контентни чеклаш ва айниқса болалар ҳамда ёшларни ҳимоя қилишга қаратилган ечимларни жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, мактаблар ва олий таълим муассасаларида контентни фильтрлаш тизимларини босқичма-босқич жорий этиш, сунъий интеллект асосида ахборотни таснифлаш ва хавфли контентни эрта аниқлаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашувда телекоммуникация операторлари учун тармоқ даражасида контентни бошқариш бўйича техник ечимлар ҳам муҳокама қилинди. Бу орқали интернет маконида хавфсизликни таъминлаш ва зарарли ахборот тарқалишининг олдини олиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқликни таъминлаш ва фойдаланувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар тизимларнинг шаффоф ишлаши, халқаро хавфсизлик стандартларига мослиги ва уларни жорий этишда ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Музокараларда рақамли саводхонликни ошириш ва кибермаданиятни ривожлантириш йўналишлари ҳам кўриб чиқилди. Айниқса, ёшлар ўртасида онлайн хавфсизлик маданиятини шакллантириш муҳим вазифа сифатида қайд этилди.
Шу мақсадда амалий тренинглар ва таълим дастурларини ташкил этиш, интернетдан масъулиятли фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш режалари муҳокама қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter