Қонли фожиада АҚШнинг қўли борлиги тасдиқланди
Мактабга ҳужум вақти ҳалок бўлган қизалоқлар.
Эроннинг Миноб туманидаги “Шажарайи Тоййиба” мактаби бомбаланиши оқибатида камида 170 киши ўлдирилиши учун жавобгарлик АҚШнинг зиммасида, деб баёнот берди Amnesty International.
Халқаро ташкилот хулосасига кўра, асосан болалар ўлимига олиб келган ушбу ҳужумда Қўшма Штатлар ҳарбийлари Tomahawk ракетасидан фойдаланган.
Amnesty International сунъий йўлдош тасвирлари, видеоёзувларни синчковлик билан ўрганиш ҳамда экспертлар билан суҳбатлар асосида шундай тўхтамга келган.
“Ушбу ҳодиса Америка қўшини ҳужум уюштиришда тинч аҳоли вакилларига зарар етмаслиги учун керакли чораларни кўриш қобилиятидан маҳрум эканини кўрсатади ва бу халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий равишда бузилишидир”, – деб ҳисоблайди халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти.
Таъкидланишича, ушбу эҳтимолий ҳарбий жиноятни содир этган шахслар жавобгарликка тортилиши керак.
Amnesty International вакили Эрика Гевара-Росас юзлаб бегуноҳ болалар ўлимига сабаб бўлган ушбу ҳужумни АҚШ разведкаси учун шармандали ҳолат деб атаган.
Al Jazeera телеканали АҚШ ва Исроил Эронга кенг кўламли ҳужумлар уюштираётган бир пайтда америкалик юқори мартабали мулозимлар халқаро ҳуқуқни очиқ-ошкора писанд қилмаётганига эътибор қаратган.
“Халқаро институтлар нима дейишидан қатъи назар, Америка ҳаво кучини ишга солган ҳолда тарихдаги энг даҳшатли ва аниқ (ҳарбий) кампанияни амалга оширмоқда. Жанговар ҳаракатлар олиб боришнинг аҳмоқона қоидалари, давлат қурилиши дахмазалари, демократияни барпо этиш уринишлари, сиёсий қоидаларга асосланган уруш – буларни инобатга олмаймиз. Биз фақат ғалаба учун урушмоқдамиз”, – деган АҚШ мудофаа (уруш) вазири Пит Ҳегсет журналистлар билан учрашувда.
АҚШ жамоатчилиги ҳамда Демократик партия вакиллари Трамп маъмуриятидан болалар ўлимига олиб келган ҳужум юзасидан аниқ тушунтириш талаб қилмоқда. Аммо ҳозирча Оқ уй вакиллари текшириш ўтказилишини айтиш билан чекланмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам Миноб туманидаги мактаб бомбаланиши оқибатида ўқувчилар ҳалок бўлгани ҳолатини тезкорлик билан, холис ва ҳаққоний тарзда тафтиш этишни талаб қилган эди.
Олдинроқ Reuters, The New York Times каби нуфузли оммавий ахборот воситалари ҳам бу ҳужумда АҚШнинг қўли бўлиши мумкинлигини ёзган эди.
“Шажарайи Тоййиба” мактаби АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаган 28 февраль куни бомбардимон қилинган эди. Айни дарс вақти уюштирилган ҳужум оқибатида камида 170 нафар ўқувчи ва ўқитувчилар ҳалок бўлган, мактаб биноси эса бутунлай вайрон бўлган.
Эрон давлат матбуоти АҚШ ва Исроил амалга оширган ҳужумда 7-12 ёш оралиғидаги 180 га яқин ўқувчи қиз ҳалок бўлгани, яна ўнлаб бола жароҳатланганини маълум қилган.
Таҳлилчиларга кўра, Эрондаги бегуноҳ ўқувчиларнинг бомбаланиши халқаро ҳуқуқ меъёрлари давлатнинг қудратига кўра татбиқ этилиши, яъни иккиюзламачилик ҳолатини намойиш этди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter