Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Меҳнат муносабатларини ислоҳ қилишга доир қонун лойиҳаси қабул қилинди

Меҳнат муносабатларини ислоҳ қилишга доир қонун лойиҳаси қабул қилинди

Олий Мажлисда меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди. Ҳужжат меҳнат соҳасидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, ишга қабул қилиш жараёнларини соддалаштириш ва ходимлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.

Қонун лойиҳасига кўра, ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати сезиларли даражада қисқартирилмоқда. Янги тартиб бўйича фуқарони ишга олишда асосан унинг шахсий идентификация рақами талаб этилади. Фақат ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар қўшимча равишда ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги ҳужжатни тақдим этади.

Шу билан бирга, меҳнат муносабатларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ишга киришда электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма тақдим этиш амалиёти бекор қилиниши назарда тутилмоқда. Электрон рақамли имзо ёки биометрик идентификация — Face-ID орқали тасдиқланган ҳужжатлар юридик жиҳатдан қўлда имзоланган ҳужжатлар билан тенглаштирилади.

Ҳужжатда иш жойида тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишга оид нормалар ҳам мустаҳкамланган. Унга кўра, бундай ҳолатларни тақиқлаш, уларнинг олдини олиш ва жабрланган ходимларни ҳимоя қилиш бўйича аниқ механизмлар жорий этилади.

Бундан ташқари, иш берувчи томонидан иш ҳақи тўлаш муддати бузилган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун компенсация тўлаш тартиби ҳам аниқлаштирилмоқда.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши меҳнат бозорида шаффофликни ошириш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва фуқаролар учун ишга жойлашиш жараёнини енгиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг