Mobiuz ва ИИВ Қўриқлаш департаменти рақамли мобил хизматларни ишга туширмоқда
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ва Mobiuz алоқа оператори рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда аҳоли хавфсизлиги даражасини оширишга қаратилган ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Бу мамлакатимиздаги телекоммуникация компанияси ва Ўзбекистон ички ишлар органлари ўртасидаги муҳим расмий шерикликлардан биридир.
Қўриқлаш департаменти — бутун Ўзбекистон бўйлаб уйлар, хонадонлар, хизмат кўрсатиш объектлари, мактаблар ва ўта муҳим, тоифаланган объектларни ишончли ҳимоясини таъминлайди. Хизмат “Сифат, ишонч, хавфсизлик” тамойили асосида иш юритади ва замонавий технологиялар ёрдамида фавқулотда чақирувларга тезкор жавоб қайтаради, ҳудудларда патруллик қилади ва жамоат жойларида тартиб сақлашга кўмаклашади.

Mobiuz — бутун мамлакат бўйлаб 8,3 миллиондан ортиқ абонент фойдаланадиган мобил алоқа оператори. Технология ва инфратузилмани бирлаштирган ҳолда, томонлар смартфон ва уяли алоқа тармоқлари орқали оддий, тез ва қулай қўриқлаш хизматларни яратмоқда.
Шериклик қуйидаги имкониятларни беради:
- фавқулотда чақирувларга жавоб қайтариш вақтини янада қисқартириш;
- қўриқлаш хизматини ҳар бир оила ва исталган бизнес учун оммабоп қилиш;
- фуқаронинг рақамли мурожаатини қўриқлаш ходимларининг амалий ҳаракатлари билан боғлаш.
«Меморандумнинг имзоланиши - давлат ва технологик бизнес ўртасида тизимли мулоқотни йўлга қўйиш йўлидаги муҳим қадамдир. Қўриқлаш департаменти тезкорликни ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ-тартибот идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда мол-мулк дахлсизлигини таъминлаш учун замонавий рақамли воситалардан фойдаланишдан манфаатдор», — дея таъкидлади Қўриқлаш департаменти бошқарма бошлиғи Акмал Кадиров.
«Хавфсизлик — бу давлат, бизнес ва ҳар бир инсоннинг умумий вазифаси эканига аминмиз. Қўриқлаш департаменти билан имзоланган меморандум шунчаки ниятлар баёноти эмас, балки технологияларимизнинг одамлар ва уларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш йўлида самарали ишлашини таъминлайдиган амалий воситадир», — дея эътироф этди Mobiuzнинг Муҳим мижозлар билан ишлаш департаменти директори Андрей Цай.
Томонлар амкорликдаги ишларни аллақачон бошлаб юборган ва тез орада аҳоли учун талабгир ва фойдали хизматларни ишга туширади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter