ОАВ ходимлари учун Имом Бухорий мажмуасига медиа-тур ташкил этилди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Туризм қўмитаси ҳамкорлигида Самарқанд вилоятида янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига медиа-тур ташкил этилди.
“Муборак Рамазон ҳайити арафасида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг руҳи покларига яна бир бор ҳурмат-эҳтиром бажо келтирмоқдамиз. Бухорий бобомиз Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба бўлган ҳадислар китобини яратиб, бутун ислом оламида шуҳрат қозонган улуғ сиймодир. Муқаддас заминимиз дунёга мана шундай машҳур алломани бергани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди”, – деган эди давлат раҳбари жорий йил Рамазон ҳайити арафасида Имом Бухорий мажмуасига ташрифи чоғида.

Дарҳақиқат, Пайариқ туманининг 45 гектар ҳудудида жойлашган мазкур мажмуанинг маҳобати қайта бунёд этилган улкан миноралар ва масжид гумбазларидан сезилади, бироқ бу ҳайбатнинг асосий қисми «Сиҳоҳи ситта»нинг аввали – «Саҳиҳ ул-Бухорий» муаллифи, ислом оламининг етук муҳаддиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ал-Бухорийнинг қўним топган маскани – мақбараси саналади.
Мажмуа расмийларининг бидиришича, Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, айни пайтда 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга. Қадамжода 14 та мовий гумбаз, 75 метрлик 4 та минора бор.
Медиа тур иштирокчилари дастлаб ПҚ-2855-сонли қарор асосида ташкил этилган илмий даргоҳ фаолияти билан танишди.
Юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар меросини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш орқали маънавий-маърифий мулоқотни кучайтиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хисобланган ушбу даргоҳ дунёнинг 50 та етакчи ислом тадқиқот марказлари ва нуфузли университетлари (Оксфорд, Кембриж, «Ал-Фурқон» фонди, Британия кутубхонаси ва бошқалар) билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Шунингдек марказга қўлёзмалар фондини бойитиш мақсадида Мисрдан 130 мингта, Саудия Арабистонидан Имом Бухорий асарларининг 34 та электрон нусхаси келтирилган. Марказда реставрация ва консервация ишлари ҳам кенг йўлга қўйилган бўлиб мутахассислар лабораторияда 550 та нодир қўлёзма китоблар чанг-ғубордан тозаланиб, консервация қилинган. Марказ фондидаги 524 та қўлёзма (177 176 варақ) сканер қилиниб, электрон нусхалари тайёрланди. Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларнинг 52 та ноёб асари ўзбек тилига таржима қилинди ва жами 128 та китоб ва рисола нашр этилди.
Медиа тур давомида журналистлар Ҳадис илми Маркази, барча шарт-шароитларга эга масжид, маъмурият биноси, музей ҳамда кириш-чиқиш айвонларини ўз ичига олган бетакрор меъморий ансамблдан иборат мажмуани томоша қилдилар.
Қайд этиш керакки, ушбу мажмуанинг умумий майдони 45 гектарни ташкил этади. 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият биноси, 154 устунли, миллий услубдаги айвондан иборат.
Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари мажмуа қошида очилган туризм марказидан ўрин олган 15 гектар майдондаги замонавий инфратузилма - зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитларга эга меҳмонхоналар, автотураргоҳлар ва хизмат кўрсатиш ҳамда сервис нуқталари, ҳудудддаги ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ушбу туризм марказида 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхона, 22 та 176 ўринли оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳ бунёд этилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.
ОАВ вакиллари 9 павильондан иборат инновацион музей билан танишар экан, музей фондидаги мавжуд витриналардан ўрин олган Имом Бухорий ҳаёт йўли ва илмий-маънавий мероси, мусаввирлик ишлари, нодир асарлар ва бошқа экспонатлар ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.
Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг улкан имкониятларини намоён этаёган ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорий мажмуаси нафақат зиёрат маркази, балки, халқимиз учун, айниқса ёшлар учун, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиб хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter