Оилавий ажрим миллиардерга салкам 2 млрд долларга тушди
Сеул суди 52 ёшли миллиардер, ўйинлар ишлаб чиқарувчи Smilegate компанияси асосчиси Квон Хюк-бинни собиқ рафиқаси Ли Хва-жинга 2,55 триллион вон (тахминан 1,87 миллиард доллар) тўлашни буюрди. Бу ҳақда Yonhap ахборот агентлиги хабар берди.
Улар 20 йилдан ортиқ турмуш қуришган. Суд Smilegate компаниясининг 2,5 триллион вонга баҳоланган 35 фоиз улушини, жаноб Квонга эса 65 миллиард вон (48,6 миллион доллар) нақд пулни беришни буюрди. Nikkei маълумотларига кўра, бу Жанубий Корея тарихидаги рекорд даражадаги ажралиш келишувидир.
Квон Хюк-бин 2002 йилда Crossfire ва Lost Ark каби бир нечта машҳур ўйинларни ишлаб чиққан Smilegate компаниясига асос солган. Компания ҳозирда мамлакатдаги учинчи энг қимматли ўйин ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Жаноб Квоннинг ўзи Жанубий Кореядаги энг бой одамлардан бири. Bloomberg унинг соф бойлигини 3 миллиард долларга баҳоламоқда.
Ли Хва-жин 2022 йилда ажрашиш учун ариза берган. У компаниянинг 50 фоиз улушини талаб қилган. Ли хонимнинг таъкидлашича, у ва Квон Хюк-бин 2001 йилда, Smilegate компаниясини ташкил этишдан бир йил олдин турмуш қуришган ва шунча йиллар давомида уларнинг фарзандларини тарбиялаб, уй хўжалигини бошқариб келган. Жаноб Квон эса, ўз навбатида, рафиқаси компанияга на сармоя киритганини ва на у ерда ишлаганини даъво қилди. Бироқ, Ли хонимнинг адвокатлари унинг бизнесни молиялаштиришда иштирок этганини ва 2000-йилларнинг бошларида компанияда ишлаганини даъво қилишмоқда.
Ҳозиргача Жанубий Кореядаги энг катта ажрашиш тўғрисидаги келишув SK Group технология компанияси раиси Чэ Тэ-Воннинг келишуви бўлган. Суд уни собиқ хотинига 944 миллиард вон (645 миллион доллардан ортиқ) тўлашга мажбур қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter