Ўзбек шоирининг китоби Қозоғистонда тақдимот қилинди (фоторепортаж)
2026 йилнинг 30 март куни Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги Жамбил номли кутубхонада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби, таниқли шоир Шуҳрат Орифнинг қозоқ тилида нашр этилган "Кешіккен самалдар” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ижодкорлар, олимлар, китобхонлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва файласуф, ТУРКСОЙ бош котибининг маслаҳатчиси, китобнинг қозоқ тилига таржимони Муратхан Шоқон олиб борди.

Тақдимот маросимида Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Қосимхан Бегманов, Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги бош консули Равшанбек Матчанов, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси Шеърият кенгаши раиси Адилғази Қайирбеков, "Она тили" газетаси бош муҳаррири Ерлан Жунус ва бошқалар сўзга чиқиб, муаллифнинг бу китоби ўзбек ва қозоқ халқларининг адабий ҳамкорлиги ривожига хизмат қилишини таъкидладилар.

Тақдимот адабиёт байрамига айланиб кетди. Талабалар Шуҳрат Ориф шеърларидан ифодали ўқишди. Бастакор Мурат Ширзад томонидан куйлар ижро қилинди. Қозоқ ижодкорлари ўзбек шоирининг янги китоби тақдимоти азалдан икки элнинг шоирлари ўртасида мавжуд бўлган дўстлик анъаналари бугун ҳам давом этаётганининг намойиши эканини билдиришди.



Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter