Ўзбекистон 4 ойда 73,5 млн долларлик автомобил экспорт қилди
2026 йилнинг январ–апрел ойларида мамлакат экспорт ҳажми 9,97 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,8 фоизга камдир. Ҳисобот даврида Ўзбекистон 1 млрд 503,8 млн долларлик номонетар олтин экспорт қилди.
Экспорт ҳажмининг қисқаришига қарамай, олтинсиз экспортда ижобий динамика кузатилди. Статистика маълумотларига кўра, олтинсиз товарлар экспорти 5 млрд доллардан ошиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,7 фоизга ўсган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари экспорти 438,3 млн долларга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,2 фоизга юқори.
Ушбу йўналишда энг катта ҳажм бошқа транспорт ускуналари ҳиссасига тўғри келиб, экспорт 106 млн долларни ташкил этган ва 66,6 фоизга ўсган. Электр машиналари, аппаратлар ва уларнинг қисмлари экспорти 82,9 млн долларга етган бўлиб, ўсиш суръати 14,4 фоизни ташкил этган.
Автомобиллар экспорти 73,5 млн долларга тенг бўлган. Бироқ мазкур йўналишда 18,6 фоизлик пасайиш қайд этилган. Автомобиллар қисмлари ва анжомлари экспорти ҳам 64,7 млн долларга тенг бўлиб, 18,1 фоизга қисқарган.
Айрим маҳсулотлар бўйича юқори ўсиш суръатлари кузатилди. Хусусан, аниқ соҳалар учун мўлжалланган махсус машиналар экспорти 47,9 млн долларга етиб, икки баравардан кўпроқ ошган.
Канцелярия машиналари ва маълумотларни автоматик қайта ишлаш учун асбоб-ускуналар экспорти ҳам 2,6 бараварга ўсган. Металлни қайта ишлаш машиналари экспортида эса 86,1 фоизлик ўсиш қайд этилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter