Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон-АҚШ: охирги 7 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,1 баробарга ошди

Ўзбекистон-АҚШ: охирги 7 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,1 баробарга ошди

2017–2024 йиллар давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,1 баробарга ошди — 215 млн доллардан 881,7 млн долларга етди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази берган маълумотга кўра, бунда экспорт 9,9 баробарга ўсиб, 32,1 млн доллардан 317,4 млн долларга, импорт эса 3,1 мартага кўпайиб, 182,9 млн доллардан 564,3 млн долларга етди. Кўрсатилган даврда АҚШнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши ҳам ўсди: умумий товар айирбошлашда 0,8 фоиздан 1,3 фоизга, экспортда 0,3 фоиздан 1,2 фоизга, импортда эса 1,3 фоиздан 1,4 фоизгача кўтарилди.

2025 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 719,1 млн долларни ташкил этди (+5,6 фоиз), шундан Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти — 317,4 млн доллар, АҚШдан импорти — 564,3 млн доллар.

Савдо таркиби

АҚШга экспорт таркибида асосий улушни хизматлар — 50,6 фоиз (дастурий таъминот, молия, ахборот ва транспорт хизматлари) ҳамда нефт маҳсулотлари — 36,9 фоиз (дизель ёқилғиси, керосин, нефть вазелини ва бошқалар) ташкил этади. Шунингдек, саноат маҳсулотлари — 4,1 фоиз (алюминий профиллари, тўқимачилик маҳсулотлари, мис буюмлар), машина ва ускуналар — 3,7 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари — 2,2 фоиз (қуритилган мевалар, зираворлар), ноозиқ-овқат хомашёлари — 1,8 фоиз (қимматбаҳо металлар чиқиндилари), тайёр маҳсулотлар — 0,5 фоиз, кимёвий моддалар — 0,1 фоиз, ҳамда ичимликлар ва тамаки — 0,1 фоизни ташкил этади.

АҚШдан импорт таркибида асосий ўринни машина ва ускуналар — 57,5 фоиз (учувчи аппаратлар, автомобиллар ва уларнинг қисмлари, ҳисоблаш қурилмалари, двигателлар, насослар, саноат ускуналари) эгаллайди. Шунингдек, хизматлар — 22,2 фоиз (молиявий, лицензиявий, лизинг ва транспорт хизматлари) ҳам катта улушга эга. Қолган қисмни кимёвий моддалар — 6 фоиз (доривор воситалар, боғловчи ва косметик моддалар), тайёр маҳсулотлар — 5,1 фоиз (асбоб-ускуналар, қоғоз маҳсулотлари), саноат товарлари — 4,3 фоиз (пластмасса ва электр-техника буюмлари), озиқ-овқат маҳсулотлари — 2,6 фоиз (парранда гўшти ва бошқа озиқ маҳсулотлар), ноозиқ-овқат хомашё — 1,5 фоиз (целлюлоза ва бошқалар) ҳамда ичимликлар ва тамаки — 0,7 фоиз ташкил этади.

Инвестициявий ҳамкорлик

2025 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистонда америка капитали иштирокида 339 та корхона фаолият юритмоқда. Бу хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар умумий сонининг тахминан 2 фоизига тенг. Шулардан 89 таси — қўшма корхона, 250 таси — АҚШ капитали тўлиқ иштирокидаги корхонадир.

Сўнгги 8 йилда АҚШдан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 63 бараварга ошиб, 2017 йилдаги 8,6 млн доллардан 2024 йилда 545,9 млн долларга етди. Умуман олганда, 2017–2024 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига АҚШдан жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларининг умумий ҳажми 2,6 млрд доллардан ошди.

Инвестициялар асосан тоғ-кон-металлургия саноати (табиий газ қазиб чиқариш), ишлаб чиқариш саноати (металлургия, автомобиль воситалари, ичимликлар ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш), қурилиш, хизматлар соҳаси (кўчмас мулк билан операциялар, таълим), қишлоқ хўжалиги соҳаларига йўналтирилган.

Ҳуқуқий база ва эришилган келишувлар

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида савдода энг қулай шароитлар режими амал қилмоқда.

2024 йил сентябрь ойида Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда АҚШ ўртасида “Стратегик муҳим минераллар соҳасида англашув меморандуми” имзоланди. Ҳужжат геологик қидирув ишлари, қазиб олиш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар занжирини яратишда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Шунингдек, 2024 йил сентябрда “Божхона ҳамкорлиги ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битим” имзоланди. У ахборот алмашинуви ва ноқонуний наркотик айланмасига, жиноий даромадларни легаллаштиришга, божхона тўловларидан бўйин товлашга, одам савдоси ҳамда трансмиллий жиноий гуруҳлар фаолиятига қарши қўшма чораларни назарда тутади.

Икки томонлама савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларидаги муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги фармони билан АҚШ фуқаролари учун 2026 йил 1 январдан бошлаб мамлакатга киришда визасиз режим жорий этилди.

Кўп томонлама ҳамкорлик формати — “С5+1”

2015 йилдан буён Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби даражасидаги “С5+1” ҳамкорлик формати самарали фаолият юритиб келмоқда.

2023 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ раҳбарлари даражасидаги илк саммит бўлиб ўтди.

2024 йил сентябрда эса Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби иштирокидаги навбатдаги учрашув доирасида “С5+1 минерал ресурслар бўйича мулоқот” йўлга қўйилди ҳамда АҚШ ва минтақадаги давлатлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида илк “B5+1” форуми ўтказилди.

Вашингтонда бўлиб ўтадиган давлат раҳбарлари даражасидаги C5+1 саммити иқтисодий, инвестиция ва технологик ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш, Марказий Осиё мамлакатларининг глобал таъминот занжирларида иштирокини кенгайтириш ва энергетика, транспорт ва “яшил” иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини ҳал қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, инновациялар, таълим ва хавфсизлик бўйича қўшма ташаббуслар муҳокама қилиниб, улар орқали барқарор ривожланиш ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олиниши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг