Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон туризм салоҳияти Destination Karakalpakstan 2026 майдонида намойиш этилди

Ўзбекистон туризм салоҳияти Destination Karakalpakstan 2026 майдонида намойиш этилди

2026 йил 23 апрель куни Нукус шаҳрида Destination Karakalpakstan 2026 – мамлакатимиз жумладан Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб қилишга қаратилган илк дестинация форуми бўлиб ўтди.

Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар: Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Turkish Airlines авиакомпанияси билан ҳамкорликда ҳудуднинг бой тарихий-маданий мероси, ноёб табиий объектлари ва инвестицион имкониятларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Форум Нукус шаҳридаги Оқ қуш мажмуасида ўтказилиб, унда Туризм қўмитаси раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати мутасаддилари, Turkish Airlines авиакомпанияси вакиллари, маҳаллий ва хорижий туризм соҳаси етакчилари, туроператорлар, инвесторлар, ОАВ ҳамда блогерлар иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Таджиев ўз нутқида мамлакатимизнинг туризм салоҳияти йилдан-йилга ортиб бораётганини, ҳудудларнинг ўзига хос маданий мероси, бетакрор табиати ҳамда меҳмондўстлиги билан халқаро сайёҳлар эътиборини тобора кўпроқ жалб этаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у бундай форумлар нафақат Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, балки янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб этиш ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

Форум доирасида мамлакатимиз ва шу ўринда Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳияти бўйича халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокидаги тақдимотлар, хорижий туроператорлар билан ҳамкорлик учрашувлари (Б2Б) ҳамда миллий ҳунармандчилик кўргазмаси ва мастер-класслар ташкил этилди. Иштирокчилар ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги туристик маҳсулотларни шакллантириш ва халқаро туризм бозорига чиқиш бўйича муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.

Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги истиқболли туризм дестинацияларидан бири сифатида шакллантириш, янги тур пакетлар яратиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир ҳудудга хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва маҳаллий бизнес субъектлари учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, форум доирасида 2026 йил 17–22 апрель кунлари давомида Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб кенг қамровли инфотур ташкил этилиб, мазкур инфотурда Европа ва Осиёнинг 20 дан ортиқ давлатидан, жумладан Франция, Италия, Норвегия, Швейтсария, Бельгия, Туркия, Босния ва Герцеговина, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон ва Хитой каби мамлакатлардан етакчи туроператорлар иштирок этди.

Инфотур иштирокчилари ҳудудларнинг тарихий обидалари, маданий мероси, табиий масканлари ҳамда туризм инфратузилмаси билан яқиндан танишиб, янги туристик йўналишлар ва пакетлар ишлаб чиқиш имкониятларини ўргандилар. Шунингдек, форум доирасида хорижий туроператорлар томонидан инфотур якунлари асосида тайёрланган медиа материаллар намойиши ўтказилди.

Бундан ташқари, форумнинг якуний қисмида маҳаллий туризм компаниялари, меҳмонхоналар, транспорт ва сервис хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар хорижий туроператорлар ва инвесторлар иштирокида B2B учрашувлари ташкил этилди. Ушбу учрашувлар давомида истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилиниб, янги туристик пакетлар ишлаб чиқиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Қорақалпоғистоннинг халқаро туризм бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган музокаралар ўтказилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг