Ўзбекистонда «5 миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасига старт берилди
Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида сунъий интеллект бўйича халқаро форумнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Тадбирдан аввал давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ёшлари томонидан яратилган сунъий интеллект лойиҳалари ва стартаплар тақдимоти билан танишди.
Иқтидорли ёшлар билан мулоқотда давлатимиз раҳбари ахборот технологиялари соҳасининг стратегик аҳамияти, унинг мамлакат барқарор ривожи ва рақобатбардошлигида ҳал қилувчи ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлади. Тақдим этилган турли соҳаларга оид инновацион ишланмалар Ўзбекистонда шаклланаётган замонавий рақамли экотизим ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг реал самараси эканлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари форумнинг очилишида нутқ сўзлар экан, унинг барча иштирокчиларини самимий қутлади.
XXI асрда ахборот технологиялари ва рақамлаштириш ҳар бир мамлакат тараққиётининг асосий мезони сифатида намоён бўлмоқда.
Сунъий интеллект эндиликда фақат айрим соҳалар учун эмас, балки иқтисодиётнинг барча тармоқлари, давлат бошқаруви ва кундалик яшаш тарзимизга чуқур кириб келаётган фундаментал омилга, ҳаётий заруратга айланмоқда.
– Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида улкан ном қозонган буюк олимлар Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек алгоритм, математика, мантиқ фанлари равнақига муносиб ҳисса қўшиб, ҳозирги сунъий интеллект ривожи учун асос солишда қатнашган, десак, асло муболаға бўлмайди, – деди Президентимиз.
Сунъий интеллект трансформациясини амалга ошириш учун илк қадам сифатида дунёдаги етакчи давлатларнинг энг илғор тажрибаси асосида Миллий стратегия қабул қилиниб, ҳаётга фаол татбиқ этила бошланди.
Бунинг натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулотида рақамли иқтисодиёт улуши икки карра ошди. Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар йўналишида қарийб 2 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди.
Мамлакатимизда AT хизматларининг экспорти ҳажми ўтган йилларга нисбатан 4,5 карра ўсиб, 1 миллиард долларга яқинлашгани ҳам ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг натижадорлигини яққол тасдиқлайди.
Шунингдек, куни кеча илк бор инглиз ҳуқуқига асосланган махсус режимда фаолият юритадиган Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилди.
АT соҳасида таълим бераётган олий таълим муассасалари қарийб 3 бараварга ошиб, 145 тага, талабалар сони эса 80 минг нафарга етди.
Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда 2019 йилда бошланган ташаббус – «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида икки миллиондан ортиқ ёшларимиз билим ва кўникмаларини оширди. «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали бу борада 100 га яқин ёшларимиз дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда.
– Биз ишонамиз: улар эртага юртимизга қайтиб, сунъий интеллектнинг энг сўнгги ютуқларини таълимга, иқтисодиётга, давлат бошқарувига жорий қилишда етакчи кучга айланади, – деди давлатимиз раҳбари.
Бундан ташқари, сунъий интеллектни таълим тизимига жорий этиш, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш, мактаб ва университетларда соҳа бўйича саводхонликни ошириш дастурлари амалга оширилмоқда.
Сунъий интеллект технологиялари тармоқлар самарадорлиги, айниқса, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга янги куч ва мазмун бағишламоқда.
Хусусан, рақамли диагностика тизимлари жорий этилиши натижасида 50 мингдан ортиқ беморга сунъий интеллект ёрдамида аниқ ташхис қўйилди. Бу шифокорларнинг иш юкламасини сезиларли даражада камайтириб, тиббий хизмат кўрсатиш вақтини 5-7 баробар қисқартирди.
АT соҳасидаги инновацион экотизим ҳам сезиларли ўсди. Стартаплар сони сўнгги йилларда 10 баравар ошиб, умумий ҳисобда 300 миллион доллар инвестиция жалб қилинди.
Давлатимиз раҳбари форумда иштирок этаётган халқаро ташкилотлар ва жаҳоннинг етакчи компанияларини юртимизда сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликка чақирди.
Хорижий экспертлар кейинги беш йилда сунъий интеллект технологиялари Ўзбекистон иқтисодиётида камида 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратишини прогноз қиляпти.
Бундай юқори кўрсаткичларга эришиш учун барча зарур асослар ва имкониятлар мавжуд.
– Бугун биз Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг узвий давоми сифатида «5 миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасига старт берамиз. Бу оддий дастур эмас, балки ёшларимиз учун янги имкониятлар оламидир, – деди давлатимиз раҳбари.
Лойиҳа доирасида 2030 йилга қадар 4 миллион 750 минг мактаб ўқувчилари ва талабалар, 150 минг нафар ўқитувчилар ҳамда 100 минг нафар давлат хизматчиларини ўқитиш кўзда тутилган.
Бунда сунъий интеллект мактаб, касб таълими ва олий таълим тизимларига ҳам интеграция қилинади.
– Ишонаманки, «5 миллион сунъий интеллект етакчилари» дастури келгусида иқтисодиёт драйверига айланиб, мамлакатимизнинг жадал тараққиёти учун шиддат бағишлайди, – деди Президентимиз.
Маросим якунида Ўзбекистонда «5 миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасига старт берилди.
Манба: president.uz


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter