Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда олий таълимга кириш ва талабалар сони рекорд даражага етди

Ўзбекистонда олий таълимга кириш ва талабалар сони рекорд даражага етди

2025/2026 ўқув йилида Ўзбекистондаги олий таълим ташкилотларига 409,7 минг нафар талаба қабул қилинди. Бу аввалги ўқув йилига нисбатан 28 минг нафарга ёки 7,3 фоизга кўпдир.

Қабул қилинганларнинг 226,8 минг нафари қизлар, 182,9 минг нафари ўғил болалар бўлди. Натижада қизларнинг улуши 55,4 фоизни ташкил этди.

2023/2024 ўқув йилидан буён олий таълимга қабул қилинаётган қизлар сони йигитлар сонидан юқори бўлиб келмоқда. Жорий йилда қизлар қабули 15,3 фоизга ошган бўлса, ўғил болалар қабули 1,1 фоизга камайган.

Магистратурага қабул ошди

Маълумотларга кўра, магистратурага қабул қилинганлар сони бир йил ичида 21,6 минг нафардан 36,8 минг нафарга етган. Бу 70,4 фоизлик ўсиш дегани. Магистратуранинг умумий қабулдаги улуши ҳам 5,7 фоиздан 9 фоизга кўтарилди.

Ҳудудлар кесимида энг кўп талаба қуйидаги ҳудудларда қабул қилинган:
Тошкент — 174 минг нафар;
Бухоро вилояти — 46,6 минг нафар;
Фарғона вилояти — 26,9 минг нафар.

Энг паст кўрсаткичлар эса:
Сирдарё вилояти — 5,2 минг нафар;
Жиззах вилояти — 6,3 минг нафар;
Навоий вилояти — 9,2 минг нафар.

Талабалар сони

2025/2026 ўқув йили бошига республикадаги жами талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарга етди. Бу бир йил аввалгига нисбатан 102,2 минг нафарга ёки 7,1 фоизга кўп.

Талабалар таркибида:
қизлар — 782,9 минг нафар (51 фоиз);
ўғил болалар — 752,1 минг нафар (49 фоиз).

Бу эса олий таълимда аёллар улуши тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

2025 йилда олий таълим муассасаларини 225,9 минг нафар талаба тамомлади. Бу 2024 йилга нисбатан 7 фоиз кўпдир. Энг кўп битирувчилар:
Тошкент — 74,2 минг нафар;
Самарқанд вилояти — 20,2 минг нафар;
Фарғона вилояти — 16 минг нафар.

Сўнгги беш йилда олий таълимга қабул қилинганлар сони 235,9 минг нафардан 409,7 минг нафарга етиб, қарийб 74 фоизга ошди. Айниқса, қизлар улушининг кўпайиши, магистратура қабулининг кескин ўсиши ва талабаларнинг умумий сони 1,5 миллиондан ошгани Ўзбекистонда олий таълим қамрови кенгайишда давом этаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, қабул ва талабалар сонининг катта қисми Тошкент шаҳрида жамлангани ҳудудлар ўртасидаги таълим инфратузилмаси тафовутлари сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, 2025/2026 ўқув йили бошида Ўзбекистонда 215 та олий таълим ташкилоти фаолият юритган. Бу кўрсаткич ўтган ўқув йили бошига нисбатан 7 тага камайган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг