Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг кузатилмайдиган иқтисодиёти 245,5 трлн сўмга етди

Ўзбекистоннинг кузатилмайдиган иқтисодиёти 245,5 трлн сўмга етди

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2026 йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати 245,5 триллион сўмни ташкил этган.

Ушбу кўрсаткич ялпи ички маҳсулотнинг 22,9 фоизига тўғри келади. Яъни мамлакатда яратилган ҳар 100 сўмлик ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 23 сўми кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳисобига тўғри келган.

Кузатилмайдиган иқтисодиётнинг 165,5 триллион сўми уй хўжаликлари ва жисмоний шахслар фаолиятига тўғри келган. Бу ялпи ички маҳсулотнинг 15,4 фоизини ташкил этади. Яширин иқтисодиёт ҳажми эса 80 триллион сўм ёки 7,5 фоиз бўлган.

Уй хўжаликлари ва жисмоний шахслар фаолияти ҳамда яширин иқтисодиёт таркибида энг катта улуш қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигига тўғри келган — 60,5 фоиз.

Хизматлар соҳасининг улуши 23 фоизни ташкил этган. Қурилиш соҳаси 17,8 фоиз билан кейинги ўринда қайд этилган бўлса, саноатнинг улуши 6,7 фоиз бўлган.

Бу кўрсаткич нимани англатади?

Кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати расмий статистика ва ҳисоботларда тўлиқ акс этмайдиган иқтисодий фаолият натижасида яратилган қийматни англатади. Оддий қилиб айтганда, маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишдан олинган даромаднинг бир қисми расмий ҳисобда акс этмаслиги мумкин.

Масалан, норасмий ишлаётган уста хизмат кўрсатиб, ҳақ олади ва материаллар сотиб олади. Материалларга сарфланган харажатлар чиқариб ташлангандан кейин қолган қиймат қўшилган қиймат ҳисобланади. Бу кўрсаткич иқтисодиётнинг реал кўламини баҳолашда муҳим бўлиб, қайси соҳаларда кузатилмайдиган фаолият улуши юқорилигини аниқлашга ёрдам беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг