Президент UNESCO конференцияси очилишида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 октябр куни Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари анжуман иштирокчиларини маданиятлар ва сивилизатсиялар чорраҳасида жойлашган меҳмондўст Ўзбекистон заминида самимий қутлади. Сербия Президенти Александр Вучич, Словакия Президенти Петер Пеллегрини, UNESCO Бош директори Одри Азуле, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларига, барча делегатсияларга конференцияда иштирок этаётгани учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Президентимиз сўзининг аввалида бу галги сессия сўнгги 40 йилда биринчи марта ташкилотнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳидан ташқарида ўтказилаётганини таъкидлади.
– Бундай нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётганини Ташкилотга аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодаси деб қабул қиламиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон етакчиси ташкилот ўзининг 80 йиллик фаолияти давомида таълим, фан, маданият ва ахборот соҳаларида глобал ҳамкорликни, ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган нуфузли халқаро институтга айланганини қайд этди.
Шу маънода, халқларнинг миллий ўзига хослиги, уларнинг маданий меросини сақлаб қолиш, турли динлар ўртасида яқин мулоқотни мустаҳкамлашда UNESCO роли ортиб бораётгани таъкидланди.
– Анжуманимиз инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, сивилизатсиялараро мулоқот маркази сифатида кирган Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно бор, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Давлатимиз раҳбари илм-фан, адабиёт ва маданият бешиги бўлган Самарқанднинг буюк меросини ёдга олди. Хусусан, Коперник ва Кеплер кашфиётларига асос бўлган машҳур юлдузлар жадвали яратилган Мирзо Улуғбек расадхонасини эслатиб ўтди. Президентимиз меҳмонларни Буюк ипак йўли дурдонаси, тинчлик ва халқлар дўстлиги диёри бўлган Самарқанд руҳидан баҳраманд бўлишга чорлади.
Геосиёсий кескинлик ва ҳарбий низолар ноёб ёдгорликлар ва маданий меросга зиён етказаётгани, билим ва рақамли технологиялардан фойдаланишдаги тафовут глобал тенгсизликни кучайтираётгани қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбари бундай мураккаб шароитда UNESCO асосий вазифаларини бажариш учун бирдамликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Ўзбекистон ташкилотнинг эзгу мақсадларига содиқлигини, конструктив ҳамкорлик учун очиқ майдон сифатида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.
Бугунги кунда мамлакатимиз UNESCO билан 2027 йилгача мўлжалланган беш йиллик ҳамкорлик дастурини амалга оширмоқда. Унинг доирасида буюк мутафаккир ва арбоблар – Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод юбилейларига бағишланган тадбирлар ўтказилди, шунингдек, Хоразм Маъмун академияси каби илмий муассасалар ва адабий ёдгорликлар, жумладан, “Алпомиш” достонининг тарихий саналари кенг нишонланди.
Бутунжаҳон мероси шаҳарлари – Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқандга Зарафшон-Қорақум йўлаги бўйидаги ёдгорликлар қўшилди. Ғарбий Тян-шан ва Турон чўлларининг табиий ҳудудлари минтақанинг ўзига хос биохилма-хиллигини акс эттиради.
Президентимиз Ўзбекистоннинг йигирмага яқин номоддий мероси – “Шашмақом”, Катта ашула, “Лазги” рақси, аския санъати, миниатюра, Наврўз байрами, атлас ва адрас тўқиш анъаналари UNESCO эътирофига сазовор бўлганини эслатди. Ташкилот шафелигида "Шарқ тароналари", мақом санъати, бахшичилик, ҳунармандчилик ва этноспорт фестивальлари ўтказиб келинмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter