Қашқадарёдаги яширин цехнинг «сири» очилди
Қашқадарё вилоятида яширин ароқ цехидан 1 813 дона қалбаки акциз марка ва бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Косон тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирда ўтказилган.
Унда фуқаро О.Н.«Истиқбол» МФЙ ҳудудидаги хонадонида яширин цех ташкил қилиб, қўлбола усулда алкоголь маҳсулоти ишлаб чиқараётганлиги аниқланиб, ундан 1 813 дона қалбаки акциз маркалар, 1 064 дона қопқоқлар, 550 дона қопқоқ целлофанлари, 484 дона бўш шиша идишлар, 120 литр спирт ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter