«Қассобга ёғ қайғуси». Трампнинг куёви гумон остида

АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер яқинда Исроилнинг Ғазо секторидаги урушни тўхтатишида асосий воситачи вазифасини бажарган эди. Буюк Британиянинг «The Guardian» газетаси ёзишича, Кушнернинг тинчликпарвар миссияси ортида эҳтимолий тижорий манфаатлар турибди.
Жорий йил 10 октябрь куни Ғазода икки йил давом этган ва ўн минглаб фаластинлик тинч аҳоли ўлимига олиб келган урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди.
Трампнинг ўзи ҳам Исроил парламентидаги нутқида Ғазо секторидаги уруш якунланганини эълон қилди.
Жаред Кушнер гарчи расман бирор лавозимни эгалламаган бўлса-да, Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишда Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф билан биргаликда воситачилик қилди. Шу тариқа томонлар омонат бўлса-да, келишувга эришди.
«The Guardian» газетасига кўра, Трампнинг куёви айни пайтда улкан манфаатлар тўқнашуви гумони остида қолмоқда.
Гап шундаки, бизнесмен Жаред Кушнер «Affinity Partners» деб аталган сармоя жамғармасини бошқариб келади. Ушбу фондга Саудия Арабистони, Қатар, БАА каби араб давлатлари миллиардлаб сармоя киритган.
Ғазо секторида урушдан кейинги тиклаш-қурилиш ишлари бошланса, айнан «Affinity Partners» фонди улкан фойда олиши кутилмоқда.
«The Guardian» журналистлари суҳбатлашган собиқ дипломатлар Кушнер Трампнинг махсус вакили, миллиардер Стив Уиткофф билан биргаликда Ғазода кенг кўламли реконструкция лойиҳасини илгари сураётганини айтган. Лойиҳа Ғазода янги тураржой мажмуалари, меҳмонхоналар ва порт қуришни кўзда тутади.
Экспертлар фикрича, Трампнинг куёви Яқин Шарқ дипломатиясини тижорий манфаатларга қориштириб юборган.
«Бу кенг миқёсдаги манфаатлар тўқнашувидир. Трампга тегишли ташкилот Яқин Шарқ билан тижорий жиҳатдан шу қадар чамбарчас боғланганки, ўт очишни тўхтатиш режими ҳам коррупцияни кучайтириши мумкин. Улар кўп пул топишга ҳаракат қилаётган бир пайтда урушни тўхтатиш замирида ҳам манфаат ва рағбат истаги турган деган фикр уйғонади», – дейди Халқаро сиёcат маркази вице-президенти Мэтт Дасс.
Трамп маъмурияти бу айбловни рад этган. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левиттнинг фикрича, «бутун дунёда ҳурмат қозонган», «тинчлик учун қимматли вақтини сарфлаётган» Жаред Кушнерни манфаатлар тўқнашувида айблаш мутлақо номақбулдир.
Жаред Кушнер 1981 йилда девелопер Чарльз Кушнер оиласида туғилган. Анъанавий яҳудий таълимотига қатъий амал қилиши айтиладиган Жаред Кушнер 2009 йилда Доналд Трампнинг қизи Иванкага уйланган.
«The Guardian»га кўра, Кушнерлар оиласи ўн йиллар мобайнида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан яқин бўлиб келган. Ўзаро алоқалар шу қадар яқин бўлганки, Нетаняҳу АҚШга ташрифларидан бирида Кушнерларнинг Нью-Жерсидаги уйида меҳмон бўлган. Чарльз Кушнер Исроилга алоқадор лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаган.
Трампнинг биринчи президентлик даврида (2017-2021) Жаред Кушнер қайнотасига расман маслаҳатчилик қилган. Иккинчи президентлик даврида эса куёв бирор расмий лавозимга тайинланмаган.
Дарвоқе, Трамп бир неча ой аввал Ғазо секторини «тозалаш» мақсадида анклавнинг 1,5 миллион аҳолисини Миср ва Иорданияга кўчириш кераклигини айтган эди.
АҚШ раҳбари Фаластин ҳудудини «кўчмас мулк» деб иддао қилганди.
Бутун дунё эътирозига сабаб бўлган Ғазо аҳолисини кўчириш ва ҳудудни «Яқин Шарқ Ривьераси»га айлантириш ғояси ҳам аслида Жаред Кушнерга тегишли.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter