Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандислари тайёрлашда янги тизим жорий этилади

Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандислари тайёрлашда янги тизим жорий этилади

Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун муҳандис кадрлар тайёрлаш тизими тубдан янгиланмоқда. Бу Президентнинг 2 апрелда қабул қилинган қарорида белгилаб берилган.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 майдан «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университетида таълим янги форматларда ташкил этилади. Хусусан, дуал таълим асосида талабалар 6 ой давомида назарий таълимдан ажралган ҳолда амалий тажриба ўтайди.

Шунингдек, бакалавриат таълим йўналишларида «4+2» шаклидаги амалиёт жорий этилиб, у йил давомида назарий билимлар билан уйғунлаштирилади.

Қарорга кўра, университет профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари ҳудудларга бириктирилади. Улар вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича илмий маслаҳатчиси сифатида фаолият юритади.

Талабалар учун сайёр дарслар амалиёти ҳам кенгайтирилади. Улар қишлоқ ва сув хўжалиги ташкилотлари ҳамда «Сувчилар мактаби» базасида ўтказилади.

Университетда Истиқболли лойиҳалар офиси ташкил этилиши белгиланган. Шу билан бирга, 2026–2027 ўқув йилидан махсус тайёрлов курслари йўлга қўйилади. Унда STEAM, тил билимлари ва академик ёзиш каби йўналишлар қамраб олинади. Мазкур курслар бир йиллик бўлиб, халқаро стандартларга мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

2027–2028 ўқув йилидан махсус тайёрлов курсини муваффақиятли тугатган талабалар университетга имтиҳон асосида қабул қилинади. Бу тизим кадрлар сифатини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, университетга «техникум–олийгоҳ» тамойили асосида Тошкент геодезия ва картография техникуми бириктирилади. Унинг негизида янги факультет ташкил этилади.

Бундан ташқари, «Сув дипломатияси» магистратураси «Халқаро сув дипломатияси» йўналишига айлантирилиши белгиланган. Битирувчиларга тегишли малака берилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг