Рақобат қўмитаси «Мактаб бозорлари»да нархларни асоссиз оширмасликка чақирди
Янги ўқув йили арафасида Ўзбекистон ҳудудидаги умумтаълим мактаблари, деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида мавсумий «Мактаб бозорлари» ташкил этилмоқда.
Рақобат қўмитаси мавсумий савдо жараёнларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда аҳолини сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Қўмита ота-оналар ва ўқувчиларга харид вақтида маҳсулотнинг сифати, ишлаб чиқарувчиси, нархи ва бошқа муҳим маълумотларга эътибор қаратишни тавсия қилди.
Тадбиркорларга эса «Мактаб бозорлари»да сотилаётган маҳсулотлар сифати ва нархларининг асослилигини таъминлаш, истеъмолчиларга зарур ахборотларни тақдим этиш ҳамда уларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш мажбурияти эслатилди.
Рақобат қўмитаси мактаб бозорларида фаолият юритаётган тадбиркорларни дарсликлар, мактаб формалари, ўқув-ёзув қуроллари ва бошқа анжомлар нархларини асоссиз оширмасликка ҳамда қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақирди.
Фуқаролар «Мактаб бозорлари»да нархларни асоссиз ошириш ҳолатларига дуч келса, Рақобат қўмитасининг 1159 ишонч телефони орқали мурожаат қилиши мумкин.
Қўмита томонидан мактаб бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида мониторинг ишлари олиб борилиши маълум қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter