Сенатда «Риелторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун маъқулланди
Бугун, 7 апрел куни бўлиб ўтаётган Сенат ялпи мажлисида «Риелторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди. Ҳужжат кўчмас мулк бозорида шаффофликни таъминлаш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда кўчмас мулк бозори жадал ривожланиб, янги турар жойлар барпо этилмоқда ва ипотека бозори кенгаймоқда. Бироқ бу жараён билан бирга норасмий воситачилар кўпайиши ва айрим ҳолларда фуқаролар ҳуқуқлари бузилиши каби муаммолар ҳам юзага келмоқда.
Сенаторлар таъкидлашича, мавжуд норматив-ҳуқуқий база замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермай қолган. Шу сабабли риелторлик фаолиятини қайта тартибга солиш зарурати пайдо бўлган.
Қонунга мувофиқ, риелторлик фаолиятининг асосий принциплари белгилаб берилмоқда. Улар қонунчиликка риоя қилиш, холислик, ҳалоллик, ахборот махфийлиги ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик каби мезонларни ўз ичига олади.
Бу талаблар ҳар бир риелторнинг мижоз олдидаги масъулиятини оширади ва хизмат сифатига нисбатан талабларни кучайтиради. Шу орқали бозор иштирокчилари ўртасида ишончни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, қонунда профессионал жамоат бирлашмаларининг ўрни алоҳида белгилаб берилган. Улар риелторларни сертификатлаш, малакасини баҳолаш ва касбий фаолияти устидан назоратни амалга оширади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter