Сирдарёда боғча раҳбари ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун жаримага тортилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига фуқаро Д.С. мурожаат қилиб, Сирдарё вилоятидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида ходимлар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани юзасидан амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ҳолат унинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Сирдарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси жалб этилган ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш давомида давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нечта ходими бино ва ҳовлида қурилиш ишлари якунланганидан сўнг тозалаш ишларига жалб қилингани аниқланди. Шунингдек, ходимларни «Open budget» порталидаги ташаббус учун мажбурий овоз тўплашга жалб қилиш ҳолатлари ҳам маълум бўлди.
Тўпланган ҳужжатлар асосида Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолатларда мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани ва Меҳнат кодексининг 5-моддаси талаблари бузилганини аниқлади.
Натижада давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Г.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари — 20 млн 600 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter