Сирдарёлик фермернинг селекциядаги изи: «Ан-Боёвут-2» тарихи
Боёвут туманининг «Ўзбекистон» маҳалласида ёши саксонни қоралаб қолган фидоий инсон «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Худойқул ака Маҳкамов истиқомат қилади. У киши пахтачиликда деҳқонларимизга яхши таниш, машҳур «Ан-Боёвут» пахта навининг ҳаммуаллифларидан биридир.
– Тақдир мени ўз даврининг фидоий одамлари билан учраштирган, – дейди Худойқул ака. – Селекционер олимлар билан танишганимда 30 ёшда эдим. ФАнинг экспериментал биология илмий текшириш институтининг Боёвут станциясида узоқ тажриба олиб борилди. Нав муаллифларидан Саодат Содиқов, Солижон Султонов, қорақалпоғистонлик Ремер Раҳимбоевлар қаторида менга ҳам нав муаллифлиги берилди. Нав асосан, 1970-76 йилларда яратилган. 1983 йилда районлаштирилган. 9 хил патент берилган, улар орасида тезпишар ва ўрта пишар нави ажралиб туради. «Ан-Боёвут-2» навининг ҳам ўзига хос табиати бор. Ундан юқори ҳосил олиш учун ер яхши тайёрланган бўлиши керак. Табиатан сувсизликка чидамли, шу жиҳати билан бизнинг чўл шароитимизга мослашган. Яхши ишлов берилса, гектарига 45 центнердан ҳосил олиш мумкин. Толасининг сифати яхши, мустаҳкам, 5-тип талабига жавоб беради. Бу нав деҳқонларимиз ишончини оқлади.
Отахон айни пайтда фарзандлари меҳнат қилаётган «Маҳкамов Жаҳонгир» фермер хўжалигига ҳам яқин маслаҳатчи, бош-қош. Бугун инновация ва фан шу қадар илғорлаб кетди, аммо, заҳматли меҳнат ҳали ҳам ўз самарасини бериб келмоқда. У чиндан-да тарихий жасоратдир.
Ўлжабой Қаршиев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter