Тергов ҳибсхоналарига келган шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади

Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг тиббий-санитария таъминоти бўйича қоидаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш режалаштириляпти.
Унга кўра, тергов ҳибсхоналарига келтирилган шахслар умумий камераларга жойлаштирилишидан аввал (транзит билан келаётганлар ҳам) икки соат ичида тиббиёт ходими томонидан (атрофдагиларга эпидемиологик хавф туғдириши мумкин бўлганларни, шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамга муҳтож беморларни зудлик билан) тана кўриги, антропометрия, термометрия текширувларини ўтказиш ҳамда тан жароҳати, шикастланиш даражаси ва белгиларини аниқлаш мақсадида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади.
Текширув давомида тергов ҳибсхонасининг у билан бир жинсда бўлган ходими иштирок этади.
Мажбурий тиббий кўрикни ўтказишда қамоққа олинганнинг розилиги билан унинг адвокати ҳам иштирок этиши мумкин.
Мажбурий тиббий кўрик натижасида аниқланган касалликлар ёки шикастланишлар тўғрисидаги маълумотлар тиббиёт ходими томонидан журналга қайд этилади.
Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган қамоққа олинганлар бошқа жойга ўтказилганда ёки процессуал ҳаракатлар ўтказиш учун олиб чиқилиб, тергов ҳибсхонасига қайтарилганда улар ушбу Қоидаларда назарда тутилган тартибда мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади.
Ҳибсхонага олиб келинган шахс мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида танасида жароҳатлар, шикастланишлар ва яралар аниқланган тақдирда, уч нусхада далолатнома тузилиб, тергов ҳибсхонаси бошлиғининг ёрдамчиси – тезкор навбатчи ва шахсни олиб келган қоровул бошлиғи томонидан имзоланади.
Мажбурий тиббий кўрик давомида аниқланган жароҳатлар юзасидан қамоққа олинганга маълум қилинади ва зудлик билан ТҲ тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан прокурорга хабар берилади ҳамда ҳолат юзасидан текширув ўтказилади.
Қайд этилишича, юқоридаги янги тартиблар орқали тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтиришга, шу жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини кўллаш ҳолатларининг олдини олишга эришилади.
Манба: regulation.adliya.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter