Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон биринчи хонимлари учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва Озарбайжон Биринчи хоними Меҳрибон Алиеванинг учрашуви бўлиб ўтди.
Қўшма дастур доирасида Биринчи хонимлар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Марказ экспозициялари Ўзбекистон ҳудудида шаклланган қадимий цивилизациялардан тортиб, бугунги Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт босқичигача бўлган тарихий жараёнларни яхлит манзара сифатида намоён этади.
Зироат Мирзиёева ва Меҳрибон Алиева «Исломгача бўлган цивилизациялар» зали, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган экспозициялар, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» зали билан танишдилар. Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги кўп асрлик тарихий ва маданий алоқаларни акс эттирувчи музей экспонатларини ҳам кўздан кечирди.
Ташриф якунида Биринчи хонимлар экспозициянинг маънавий ва меъморий маркази бўлган «Қуръон зали» билан танишдилар. Залнинг энг ноёб ёдгорлиги Усмон Мусҳафи бўлиб, у муқаддас Қуръоннинг бизгача етиб келган энг қадимий қўлёзмаларидан биридир. VII асрга мансуб ушбу ноёб ислом ёзма маданияти ёдгорлиги ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» халқаро реестрига киритилган.
Самимий суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги гуманитар ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги, шунингдек, икки қардош халқни муштарак тарих, маданий анъаналар ва маънавий қадриятлар бирлаштириб тургани алоҳида таъкидланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter