Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда сотувга қўйилган 35 та бозорнинг ҳеч бири ёпилмайди — пойтахт ҳокими

Тошкентда сотувга қўйилган 35 та бозорнинг ҳеч бири ёпилмайди — пойтахт ҳокими

Фото: Xabar.uz

Тошкентда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, гавжум кўчаларни ободонлаштириш ва автотураргоҳлар тармоғини кенгайтириш бўйича янги вазифалар белгиланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов UzA нашрига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, шаҳардаги ишлар учта асосий йўналиш — бозорларни модернизация қилиш, гавжум кўчаларни ривожлантириш ва автотураргоҳлар тизимини яратишга қаратилган.

«Бозорлар энг оғир йўналишлардан бири. Халқимиз орасида “Бозор ва мозорга тегма”, деган нақл бор ва ушбу гапнинг ортида асосли хавотирлар ётибди. Аҳолимиз ўрганган ва насибасини топаётгани жойлар ўзгарса, албатта, безовта бўлади, аммо айтиш лозимки, ҳозирги бозорлар кўриниши билан ҳам, бизнес модели билан ҳам замонавий талабларга жавоб бермайди», — деди ҳоким.

Шунинг учун пойтахтдаги 35 та давлат бозори ва савдо мажмуаси инвесторларга таклиф этилмоқда. Ҳокимнинг таъкидлашича, бу жараёнда бирорта бозор ёпилмайди ва ўз функциясини йўқотмайди.

Инвесторларга учта асосий шарт қўйилади:

  • белгиланган ҳажмдаги савдо расталарини замонавий шаклда қуриб, давлатга топшириш;
  • амалдаги тадбиркорларнинг иш ўринларини сақлаб қолиш;
  • етарли сиғимдаги автотураргоҳ барпо этиш.

Инвесторларга эса самарасиз фойдаланилаётган майдонларда савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектлар қуриш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, пойтахтда умумий узунлиги 140 километрга яқин бўлган қарийб 100 та кўча тоифаларга ажратилган. Улар орасида маҳаллий дам олиш ҳудудларидан тортиб, туристик манзилларгача бўлган кўчалар бор.

Ҳозирга қадар синов тариқасида 8 та 24/7 режимида ишлайдиган кўча очилган. Ҳокимлик кўчаларни фақат таъмирлаш билан чекланмасдан, уларнинг инфратузилмасини сақлаш ва турли тадбирларни ташкил этиш учун бошқарув компанияларини жалб қилмоқда.

Автотураргоҳлар бўйича ҳам кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси билан ҳамкорликда 200 мингта автомобил учун мўлжалланган кўп қаватли ва ер ости автотураргоҳлари барпо этиш учун жойлар белгиланган. Улар босқичма-босқич электрон аукционга чиқарилмоқда.

Шавкат Умрзоқовнинг таъкидлашича, аввал автотураргоҳлар учун ажратилган айрим ер майдонларида бизнес марказлари қурилиб кетган. Бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун масала тегишли органлар билан биргаликда қатъий назоратга олинган.

«Афсуски, илгари автотураргоҳ учун ажратилган кўплаб ерларда бизнес марказлар қурилиб кетилган, бунақа хатолар такрорланмаслиги учун бугунги кунда тегишли органлар билан бу масалани қаттиқ назорат остига олганмиз. Учала йўналишни бирлаштирган тамойил битта — давлат шароит яратади, инвестор қуради, аҳоли учун хизмат сифати ошади, жамоат манфаати эса қатъий интизом ва шартлар билан таъминланади», — дея таъкидлади пойтахт ҳокими.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг