Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда яна бир BRT йўлаги қурилмоқда: қандай ишлар амалга оширилди?

Тошкентда яна бир BRT йўлаги қурилмоқда: қандай ишлар амалга оширилди?

Фото: Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини тезкор, хавфсиз ва барқарор ташкил этиш мақсадида Шаҳрисабз кўчасида BRT йўлаги қурилмоқда.

Лойиҳанинг биринчи босқичи Шаҳрисабз–Миробод–Шота Руставели айланма чорраҳасидан Амир Темур шоҳ кўчаси билан кесишмасигача бўлган 1,2 километрлик йўл қисмини қамраб олган. Бу ерда қурилиш-таъмирлаш ишлари 24 июл куни бошланган.

Айни пайтда йўл асосини BRT талабларига мослаштириш, грунт ва намлик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Йўлнинг фақат устки қатлами эмас, балки асоси ҳам тўлиқ қайта тайёрланмоқда. Жамоат транспорти йўлагида катта сиғимли ва оғир автобуслар мунтазам ҳаракатланиши инобатга олиниб, йўлнинг мустаҳкамлиги ва узоқ муддат хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда йўл қисми 2 метрдан ортиқ чуқурликда қазилиб, мавжуд асос қайта шакллантирилмоқда. Бу орқали йўл остида намлик тўпланишининг, грунт силжиши ва чўкишининг олдини олиш, шунингдек, оғир автобусларнинг доимий қатновига бардош берадиган мустаҳкам асос яратиш кўзда тутилган.

Қурилиш жараёнида йўл конструкцияси қатламлари орасига геотекстил материали ҳам ёйилмоқда. У грунт, қум-шағал ва бошқа қатламларни бир-биридан ажратиш, сувнинг ўтишини таъминлаш ҳамда майда грунт заррачаларининг йўл асосига аралашиб кетишини чеклашга хизмат қилади. Бу, айниқса, нам грунт мавжуд шароитда йўл конструкциясининг барқарорлигини оширишга ёрдам беради.

6 та автобус бекати ташкил этилади

Лойиҳа доирасида 1,2 километрлик участкада BRT тизимига мос 6 та автобус бекати ташкил этилиши режалаштирилган.

Автобуслар учун ажратилган махсус йўлак бошқа транспорт воситалари ҳаракатланадиган қисмдан бордюрлар орқали жисмонан ажратилади. Бу автобусларнинг умумий транспорт оқимига қўшилиб кетмасдан ҳаракатланиши, бошқа транспорт воситаларининг эса BRT йўлагига киришининг олдини олишга хизмат қилади.

Йўлакни қуришда Тошкентда фойдаланилаётган автобусларнинг техник кўрсаткичлари, уларнинг оғирлиги, кунлик қатновлар сони ва йўлга тушадиган доимий юклама ҳисобга олинмоқда.

Қурилиш-таъмирлаш ишларини 2026 йил 31 августга қадар тўлиқ якунлаб, мазкур йўл қисмини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Шаҳрисабз кўчасидаги 1,2 километрлик ушбу участка BRT лойиҳасининг биринчи босқичи ҳисобланади. Кейинги босқичларда BRT йўлагини Шаҳрисабз кўчаси бўйлаб давом эттириш режалаштирилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади — жамоат транспорти учун алоҳида ва барқарор ҳаракат йўлагини яратиш ҳамда автобуслар қатновининг узлуксизлигини таъминлаш.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг