Тошкентнинг қоқ марказида 144 та дарахт кесиб ташланди. Ҳокимлик буни «эътиборсизлик» деб атаяпти
Жорий йилнинг 25 октябрь куни тунда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани тумани Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб, Бобур кўчаси бўйлаб автомобил йўли ёнидаги жами 144 туп дарахт кесиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Пойтахт ҳокимлиги берган расмий муносабатда айтилишича, «Бобур кўчасида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида» олиб борилаётган ишлар жараёнида «аввал ўсиб турган ўсимликлар билан боғлиқ ишларни бажаришда эътиборсизликка йўл қўйилган».
Ўз навбатида, ҳокимлик мазкур арчаларнинг катта қисми, мутахассислар берган хулосаларга кўра, касалланганини, аста-секин қуриб бораётганини айтади.
«Илгари бу ерда 145 тупга яқин арча бўлиб, мутахассисларнинг хулосасига кўра, уларнинг катта қисми касалликка чалиниб, аста-секин қуриб бораётган эди. Дастлаб уларни эҳтиёткорлик билан кўчириб ўтказиш режалаштирилган бўлса-да, масъул шахслар белгиланган талабларга риоя қилмаган», – дейилади расмий муносабатда.
Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев эса, мазкур ҳолатнинг орқа томонида рўй берган айрим жиҳатларни бўлишмоқда.
Унинг айтишича, дарахтларни кесиш «операция»си бошида шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Раҳмонов турибди.
«Энг қизиғи, Яккасарой туманидаги экология инспекторларимиз ҳолатни ўрганмоқчи, назорат қилишмоқчи бўлишса, уларни босим остида ушлаб турилиб, воқеа жойига яқинлаштиришмаган. Дарахтларнинг кесилгани акс этган видеолавҳалар эса ижтимоий тармоқлардан ўчиртириб ташланган», – дейди Кушербаев.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиатга етказилган зарар 620 млн 472 минг сўмни ташкил этмоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича айбдорларга тегишли жазо кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига юбориш чоралари кўрилмоқда.
«Айни вақтда прокуратура органларининг бу масалада холис ва қонуний кўмаги керак. Чунки Яккасарой тумани экология ходимлари босим остида ушбу ҳолат бўйича тезкор чора кўриш учун ўрганиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришга йўл қўйилмаган. Шу боис, ҳолат Экология вазирлиги назоратида ўрганилмоқда», – дейди Расул Кушербаев.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 31 декабрида Президент Шавкат Мирзиёев «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаган ва ушбу ҳужжат билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter