Тошкетда IT-парк лойиҳасининг иккинчи босқичига тамал тоши қўйилди

Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган IT-паркга ташриф буюриб, лойиҳанинг иккинчи босқичига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Икки йил олдин 200 миллион доллар инвестиция ҳисобига ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилган эди. Қарийб 4 гектар майдонда 20–25 қаватли 6 та офис биноси ва замонавий конгресс-холл барпо этилди.
Бу ерда мутахассислар учун барча шарт-шароитлар яратилган, истиқболли стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. Ахборот технологиялари, финтех, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда «IT-Park» резидентлари сони 3 минг 200 та компанияга етди, уларда 14 мингдан ортиқ мутахассис фаолият юритмоқда. Ўтган йили резидентлар томонидан 1 миллиард 600 миллион долларлик хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йил якуни билан бу кўрсаткич 2,5 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Экспорт ҳажми эса илк бор 1 миллиард долларлик маррадан ошиши режалаштирилган.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, 300 мингдан ортиқ ёшларни ахборот технологиялари соҳасида юқори даромадли иш билан таъминлаш мақсад қилинган. Хорижий экспертлар фақатгина сунъий интеллект йўналишининг ўзида Ўзбекистоннинг салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда.
– Ишончим комилки, бугун тамал тоши қўйилаётган ушбу йирик мажмуа олдимизга қўйган улкан марраларни забт этишда, шунингдек, инвесторлар билан Ўзбекистон ўртасида манфаатли ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим ўрин тутади, – деди давлат раҳбари.
Лойиҳага кўра, «IT-Park» ҳудуди 1,5 баробар кенгайтирилади. Бу ерда Саудия Арабистонининг «Data Volt» компанияси билан ҳамкорликда қуввати 12 мегаватт бўлган, 150 миллион долларлик дата-марказ барпо этилади. Кейинги босқичларда яна 3 миллиард доллар инвестиция киритилиб, қувват 500 мегаваттга етказилади.
Бундан ташқари, ушбу ҳудудда жами 6 та бино – Сунъий интеллект маркази, Космос ва келажак технологиялари марказлари, 2 та 20 қаватли офис биноси, шунингдек сервис ва савдо марказлари қурилади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур мажмуа энг замонавий технологиялар, инновациялар ва билимларга асосланган «Сунъий интеллект хаби»га айланади.
Президент Шавкат Мирзиёев капсула қўйиб, «IT-Park» лойиҳасининг иккинчи босқичи қурилишига расман старт берди.
Манба: president.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter